Жаҳон | 15:19 / 16.05.2025
2082
2 дақиқада ўқилади

Эстония Россияни мамлакат ҳаво ҳудудини бузганликда айблади

Эстония ташқи ишлар вазири Цахкнага кўра, Россия қирувчи самолёти мамлакат ҳаво ҳудудига кириб келган. У буни бутун НАТО учун жиддий таҳдид ва чақириқ деб атади.

Фото: Getty images

НАТО давлати Эстония Россия ҳарбий самолётини ўз ҳаво ҳудудини бузганликда айблади. «Бу жиддий таҳдид ва Россия нафақат Украинага, балки бутун Шимолий Атлантика альянсига қандай таҳдид солаётганига яна бир мисол», — деб ёзди Эстония ташқи ишлар вазири Маргус Цахкна 15 май, пайшанба куни X ижтимоий тармоғида.

«Россия қирувчи самолёти Россиянинг «соядаги флоти»га тегишли нефть танкерини ҳимоя қилиш учун НАТО ҳаво ҳудудини бузди», деб тушунтирди вазир ва ушбу флот ёрдамида Россия Ғарб санкцияларини четлаб ўтиб, нефть экспортини давом эттиришга ҳаракат қилаётганини қўшимча қилди.

13 май куни Эстония ҳарбий хизматчилари авиация ва кемалар кўмагида Финляндия кўрфазида Габон байроғи остида сузиб кетаётган Jaguar кемасини нейтрал сувларда қўлга олишга уринди. Россия Telegram-каналлари хабарига кўра, кема Ленинград вилоятидаги Приморск портига йўл олган. Эстония ҳарбийлари танкерни нейтрал сувларни тарк этишга ва Эстония ҳудудий сувларига боришга мажбурлашга уриниб кўрди, у ерда улар уни ушлаб туриш ҳуқуқига эга бўладилар.

«РаZвед_ДоZор» телеканалининг хабар беришича, операцияда Эстониянинг иккита патруль кемаси, десант вертолёти ва самолёти иштирок этган. Канал муаллифлари, шунингдек, Габон байроғи остидаги кемани Полша ҳарбий-ҳаво кучларининг МиГ-29 самолёти тўхтатишга уринганини, бироқ Эстония ҳарбийларининг барча саъй-ҳаракатларига қарамай, танкер Приморск томон ҳаракатланишда давом этганини таъкидламоқда.

Мавзуга оид

Эълонлар