Жамият | 17:57 / 19.06.2025
16814
3 дақиқада ўқилади

Тарвуз таркибидаги нитратлар: ҳозирги тарвузларни еса бўладими?

Ёзнинг энг севиб истеъмол қилинадиган полиз экинларидан бири тарвуз ҳисобланади. Сўнгги вақтларда тарвуз таркибида нитрат тузлари миқдори меъёрдан ортиқлиги ҳақида видеолар пайдо бўлди. Хўш, ўзи тарвуз таркибида нитрат нормаси қанча бўлиши керак ва уни қандай текшириш мумкин? Kun.uz мухбири бу борада кичик тажриба ўтказиб, шу саволларга жавоб излади.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Нитратлар азот кислотасининг тузлари ҳисобланади. У тарвуз таркибида табиий равишда оз миқдорда мавжуд бўлади. Экинга сунъий минерал ўғитлар солиниши натижасида унинг миқдори кўпайиши мумкин. Аммо бу нитрат тузларининг меъёрдан доим ортиб кетишини англатмайди.

Биз ҳозирги тарвузларнинг таркибидаги нитрат миқдорини аниқлаш учун Санитария-эпидемилогик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси лабораториясига бордик. Ўзимиз билан Тошкент шаҳридаги деҳқон бозори ва супермаркетлардан биридан харид қилинган икки дона тарвузни текширишга бердик.

Лаборант Одил Усмонов тарвуздаги нитрат миқдорини текширишга узоғи ярим соат вақт кетишини айтди. Бироқ унинг таъкидлашича, тарвуздаги бошқа оғир металл тузлари ва пестицидлар бўйича таҳлилларга бир-икки кун кун талаб қилинади. Мутахассиснинг сўзларига кўра, тарвузда нитрат миқдори 60 мг/кгдан ошмаслиги лозим.

Биз тақдим этган тарвузларда нитрат миқдори анча кам чиқди: бирида 12,6 мг/кг, иккинчисида 10 мг/кг. Яъни уларни бемалол истеъмол қилиш мумкин.

Ижтимоий тармоқларда харидорлар томонидан тарвуздаги нитрат миқдорини махсус ускуналар ёрдамида ўлчанаётгани, уларда эса кўрсаткичлар анча юқори экани акс этган видеолар пайдо бўлди. Санэпидқўмнинг етакчи мутахассиси Шоҳруҳмирзо Эркинов ҳолатга муносабат билдирар экан, тарвуздаги нитрат миқдорини бундай усулда аниқлаш нотўғри эканини таъкидлади.

Унинг айтишича, аввал бундай ускуналар қиёслашдан ўтказилиши керак. Эркинов текшириш жараёнлари соҳа мутахассислари томонидан амалга оширилганда натижалар ҳаққоний бўлишини билдирди.

Мутахассис истеъмол учун тарвуз ва қовунни танлашда унинг шакли ва оғирлигига эътибор қаратиш кераклигини айтди. Масалан, иккита бир хил шакл ва кўринишдаги тарвуз ва қовундан оғирроғини танлаш лозим.

“Ундан ташқари, пўстлоқ қаватида иложи борича ёриқлар бўлмаслиги ва сувсизланмаган бўлиши керак”, — деди Шоҳруҳмирзо Эркинов.

Шунингдек, яхши пишмаган тарвузда нитрат ёки пестицид қолдиғи меъёрида бўлса ва унда патоген микроорганизмлар бўлмаса, инсон саломатлигига ҳеч қандай таъсир кўрсатмаслиги қайд этилди.

Шаҳзод Ўроқбоев,
Kun.uz

Мавзуга оид