Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
“Бадавлат аёл” лойиҳасида ким бадавлат бўляпти?
Ижтимоий тармоқларда кенг реклама қилинган “Бадавлат аёл” онлайн лойиҳаси атрофида норозиликлар ортиб бормоқда. Курсларни бўлиб тўлашга сотиб олган, лекин кейин хафсаласи пир бўлган қатнашчилар Uzum Nasiya'даги тўловлар тўхтамаслигидан шикоят қилмоқда. Лойиҳа вакили Kun.uz билан суҳбатда барчасини рад этди. Рақобат қўмитаси одамларни бу лойиҳага эҳтиёткор қарашга чақирди.

Ижтимоий тармоқларда кенг тарғиб ва реклама қилинган “Бадавлат аёл” лойиҳаси иштирокчилари лойиҳа юзасидан норозиликларини билдирмоқда.
“Бадавлат аёл” қандай лойиҳа?
“Бадавлат аёл” лойиҳаси бизнес, психология, оилавий муносабатлар бўйича 50 га яқин тренерлар иштирокида бир йиллик онлайн дарсларни тақдим этади. Натижалар “кафолатланган”, пул топиш имкониятлари ваъда қилинган. Дарслар ҳафтада 3 марта онлайн олиб борилган, рўйхатдан ўтиш ҳам онлайн қилинган. Лойиҳанинг юзи сифатида таниқли актриса Райҳон Уласенова жалб этилган ва бу кўпчиликда ишонч уйғотиб, қатнашишга ундаган. Аммо актриса билан боғланишнинг имкони бўлмади, лойиҳа бошқарувчилари бу масалада унинг иштироки йўқлигини ва саволларга ўзлари жавоб беришларини таъкидлашди.
Аёллардан иборат тингловчилар аудиториясининг баъзилари тўлиқ тўлов қилган бўлса, баъзилари курсни Uzum Nasiya орқали бўлиб тўлашга сотиб олишган. Аммо вақт ўтиб, дарсларда керакли натижани кўрмаган мижозлар афсуслана бошлаган. Лекин улар Uzum Nasiya'га ҳар ойда тўлов қилишни давом эттиришга мажбур: шартномани бекор қила олишмаган.
“Шартнома қилиб бўлгандан кейин бутунлай бошқа одамга айланиб олишаркан”
Kun.uz'га мурожаат қилганлардан бирининг ҳикояси:
— “Бадавлат аёл лойиҳасига Instagram орқали Райҳон Уласенова реклама қилгандан кейин қизиққанман. Менежер: “Ўзи аслида бу лойиҳа нархи миллиондан ошиқ, сизга чегирма қилиб бера оламиз, 800 минг тўлови бўлади. Тўлиқ тўлай олмасангиз, Uzum Nasiya орқали ҳам ойма-ой тўласангиз бўлади. Бир ой мобайнида зўр дарслар бўлади, зўр ривожланасиз, соҳангизни ҳам ривожлантирасиз”, деди.
Жуда ҳам ишонарли қилиб ваъда беришди, гапиришди. Кейин курсга қатнашдим. Дарслар бошланди. Ҳар куни кечқурун соат 8 да бир соат жонли эфир орқали дарс бўлар экан. Тўғрисини айтсам, умуман кўнглим қолди. Эшитдим, дарслар умуман маънисиз, бемаъни нарса. Ёш бола қилиб ўтирибди ҳаммани. Мен қатори кўпчиликка ёқмади бу.
Шартномани бекор қилмоқчиман, дарсдан кўнглим тўлмади, пулимни қайтариб олмоқчиман деганимда менга қўшилганлар жуда кўп бўлди. Мени рўйхатдан ўтказган менежер билан боғландим, лекин у қўпол муомала қилиб... Хуллас, шартномани туздириб олгунча жуда ҳам чиройли муомала қилиб, ҳамма нарсани ваъда бериб, шартнома қилдириб оларкан-да, шартнома қилиб бўлгандан кейин бутунлай бошқа одамга айланиб оларкан улар. Шартнома бекор қилмоқчиман деса, “бор билганингни қил, шартнома бекор бўлмайди”, дейишяпти.
Мени ҳозир қийнаётган муаммо – беҳудага пул тўлаяпман. Икки ой бўляпти. Uzum Nasiya'дан одамлари телефон қилиб, “нимага тўламаяпсиз, пул тўланг” дейишяпти, лекин умуман пул тўлагим келмаяпти беҳуда нарса учун.
Давлат органи Uzum Nasiya'ни лойиҳа билан ҳамкорликни тўхтатишга чақирди
Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси 9 июн куни баёнот бериб, одамларни “Бадавлат аёл” лойиҳасида қатнашишдан олдин эҳтиёт бўлишга чақирди.
Қайд этилишича, қўмитага келиб тушган 50 га яқин шикоятларда фуқаролар таълим сифати пастлиги ва ваъда қилинган натижаларга эришилмаётгани, ташкилотчилар томонидан тингловчиларнинг эътирозлари эътиборсиз қолдираётгани ва қўпол муносабатдалиги, эътироз билдирган иштирокчиларнинг платформада блокланиши, шартномани бекор қилиш жараёни оғирлаштирилгани, айниқса чекка ҳудудлардаги фуқаролар учун Тошкент шаҳрига келиш талаби қўйилгани ва бошқаларни таъкидлашган.
Истеъмолчилар ҳуқуқини ҳимояловчи органга кўра, лойиҳани “Helpdesk” МЧЖ ташкил этган, “Shaffof-Moliya” МЧЖ молиялаштирган. Қўмита бу ташкилотлар билан биргаликда келиб тушган мурожаатларни ўрганиш ва ҳал этиш юзасидан иш олиб бораётганини билдирди.
Шунингдек, Uzum Nasiya'га лойиҳа билан ҳамкорлик шартномасини бекор қилиш масаласини қайта кўриб чиқиш бўйича расмий таклиф юборилган.
Маълумот учун, “Helpdesk” МЧЖ 2024 йил ноябрда рўйхатга олинган бўлиб, ягона таъсисчиси сифатида Қодиров Достонбек Рустамжон ўғли кўрсатилган.
Kun.uz боғланган, ўзини Комила деб таништирган лойиҳа менежери Рақобат қўмитаси баёнотидаги маълумотлар ёлғонлигини, улар суриштирилмасдан тарқатилганини иддао қилди.
“Uzum билан ишлаймиз – уларнинг қоидасига кўра, платформа 3 кундан кейин маҳсулотни қайтаришни бекор қилади. Буни маҳсулот деб қарайдиган бўлсак, биз маҳсулотимизга 100 фоиз кафолат берамиз. Натижага чиқиш эса иштирокчининг ўз қўлида. Uzum “отказ” тугмасини ўчиргандан кейин қайтаришнинг иложи йўқ. Келишади, ҳақиқатдан сабаб арзирли бўлса, ёнимиздан тўлашни бошлаймиз. Бунинг учун келиб ариза ёзишлари керак”, – деди у мижозлар билан шартномани бекор қилиш учун Тошкентга келиш талаб қилингани ҳақидаги саволга жавобан.
Рақобат қўмитаси ахборот хизмати билан боғланганимизда, ҳар бир маълумот асосли эканини маълум қилишди: “Қўмита томонидан расмий каналларимизда ёритилаётган ҳар бир материал асословчи ҳужжатларга эга бўлиб, бошқармаларда экспертлар томонидан кўриб чиқилади. Ихтиёрингизга кўра, қўмитага келиб, мурожаатлар билан танишишингиз мумкинлигини билдирамиз”.
Лойиҳанинг Instagram саҳифасини кўздан кечирганимизда, аксар изоҳлар мурожаатчиларнинг сўзларини тасдиқлади.
Кўриниб турибдики, оммавий маркетинг орқали аёлларнинг орзу ва эҳтиёжларидан тижорат мақсадида фойдаланиш ҳолати кузатиляпти. Демак, гап истеъмолчи ҳуқуқлари, инсонларнинг молиявий хавфсизлиги ва ҳуқуқий ҳимоясини таъминлаш ҳақида кетмоқда.
Гулмира Тошниёзова,
Kun.uz
Тавсия этамиз
„Участкавой“ президент билан учрашувда капитанга айланди
Ўзбекистон | 15:27 / 11.07.2025
Трамп: НАТО Украина учун АҚШдан қурол сотиб олади
Жаҳон | 11:21 / 11.07.2025
Элдор Шомуродов Туркия клубига ўтди
Спорт | 11:12 / 11.07.2025
Таэквондочи Улуғбек Рашидов икки йилга дисквалификация қилинди
Спорт | 11:00 / 11.07.2025
Сўнгги янгиликлар
-
2030 йилгача асфалт қилинмаган ички йўл қолмайди — Транспорт вазири
Ўзбекистон | 15:04
-
Лондондаги "Саутенд" аэропорти самолёт фалокатидан кейин ёпилди
Жаҳон | 14:59
-
"Ўткан кунлар" романи корейс тилига таржима қилинди
Жамият | 14:58
-
Франция мудофаа бюджетини тезлаштирилган суръатда оширади
Жаҳон | 14:47
Мавзуга оид

11:40 / 08.07.2025
Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раисига ўринбосарлар тайинланди

16:00 / 03.06.2025
Қишлоқдан халқаро майдон сари: 30 дан ортиқ мамлакатда Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилган ўзбек қизи ҳикояси

08:50 / 21.05.2025
4 ойда зўравонликка учраган 2 мингдан ортиқ хотин-қизга ёрдам кўрсатилди

11:09 / 28.04.2025