Жаҳон | 07:43 / 24.06.2025
8748
6 дақиқада ўқилади

Трамп Эрон ва Исроил «тўлиқ оташкесимга» келишганини эълон қилди. Эрон ҳам, Исроил ҳам буни тасдиқламади

АҚШ президенти Доналд Трамп Исроил ва Эрон «тўлиқ ва мутлақ» ўт очишни тўхтатишга рози бўлгани ҳақида ёзди. Унинг сўзларига кўра, бу келишув бир неча соат ичида кучга киради. Лекин, Трамп баёнотидан сўнг ҳам Исроил ҳаво ҳужумларини давом эттирди. Эрон ташқи ишлар вазири расман бундай келишув йўқлигини айтди. ОАВга кўра, Трампнинг ушбу баёноти Оқ уй маъмурияти амалдорларини ҳам ҳайратга солган.

Фото: Eric Lee / The New York Times

АҚШ Президенти Доналд Трамп ўзининг Truth Social ижтимоий тармоғида Эрон ва Исроил «тўлиқ ва мутлақ» ўт очишни тўхтатиш бўйича келишувга эришгани, бу бир неча соат ичида кучга киришини ёзди.

Душанба куни Трамп бу баёнотни Эрон томонидан Қатардаги АҚШ ҳарбийлари жойлашган Ал-Удайд авиабазасига ракета ҳужуми уюштирилганидан сўнг эълон қилди.

«БАРЧАГА ТАБРИК! Исроил ва Эрон ўртасида тўлиқ ва мутлақ ЎТ ОЧИШНИ ТЎХТАТИШ бўйича келишувга эришилди. Бу келишув тахминан 6 соатдан сўнг кучга киради – айни пайтда ҳар икки томон якуний ҳарбий операцияларини тугатмоқда. Келишувга кўра:

–      Эрон биринчи бўлиб ўт очишни тўхтатади,

–      12 соатдан сўнг Исроил ҳам ўт очишни тўхтатади,

–      24-соатда эса «12 КУНЛИК УРУШ»нинг расман якунлангани бутун дунё томонидан эътироф этилади.

Ҳар бир томон ўз навбатидаги ўт очишни тўхтатиш даврида тинч ва ҳурматли бўлиши керак. Ҳаммаси режа бўйича кетади, бунга шубҳа йўқ. Мен Исроил ва Эронга бу урушни якунлаш учун намоён қилган сабр-тоқат, жасорат ва ақл-идрок учун табрик айтаман. Бу уруш йиллар давом этиши ва бутун Яқин Шарқни вайрон қилиши мумкин эди – лекин бу содир бўлмади ва ҳеч қачон бўлмайди!», деб ёзган АҚШ президенти Доналд Трамп.

Оқ уй мансабдорининг билдиришича, Президент Трамп Исроил бош вазири Бинямин Нетаняху ва Эрон расмийлари билан суҳбатдан сўнг ўт очишни тўхтатиш бўйича келишувни эълон қилган. Музокараларга Қатар воситачилик қилган.

The New York Times нашрига кўра, исми ошкор этилмаган Оқ уй расмийси Қатар амири Шайх Тамим бу музокараларда муҳим роль ўйнаганини айтган. Келишув АҚШ шарқий соатига кўра 18:00да эълон қилинган. Бироқ бу хабар Трамп маъмуриятининг айрим юқори лавозимли амалдорларини ҳам ҳайратга солган.

Эрон Ташқи ишлар вазири Аббос Арақчи Трампнинг гапларидан сўнг, расмий баёнот бериб урушни бошлаган Эрон эмас, Исроил эканлигини эслатди. Унинг айтишича, ҳозирча оташкесим ҳақида ҳеч қандай келишув бўлмаган, Исроил ҳужумларни тўхтатса, Эрон ҳам тўхтайди.

«Ҳозирча ҳеч қандай «ўт очишни тўхтатиш» ёки ҳарбий ҳаракатларни тўхтатиш бўйича расмий келишув мавжуд эмас. Бироқ, агар Исроил режими Теҳрон вақти билан соат 04:00дан кечиктирмай ўз тажовузларини тўхтатса, биз ҳам кейинчалик жавоб ҳаракатларини давом эттириш ниятида эмасмиз.

Бизнинг ҳарбий ҳаракатларни тўхтатиш бўйича якуний қарор кейинроқ қабул қилинади», деди Эрон бош дипломати.

Арақчининг айтишича, Эрон Қуролли Кучларимиз Исроил ҳужумларига жавобан ҳаракатларини эрта тонг соат 04:00га қадар давом эттирган.

Трамп баёнотидан уч соат ўтиб, Исроил яна Эронга ҳужум бошлаган. Бу эса барча томонлар келишувга рози бўлганми, деган саволларни келтириб чиқармоқда.

Channel-12 хабарига кўра, Трамп душанба куни Бош вазир Нетаняҳу билан суҳбатлашганидан аввал, АҚШ давлат котиби Марко Рубио Исроилнинг стратегик масалалар бўйича вазири Рон Дермер билан мулоқот қилган. Телеканалнинг маълум қилишича, Рубио Дермерга АҚШ Эроннинг ракета объектларига зарба бергач, урушни якунламоқчи эканини билдирган. Бунга жавобан Дермер Исроил ўз олдига қўйган барча мақсадларга эришиш арафасида эканини айтган.

Шу пайтгача на Исроил бу келишувни расмий тасдиқламаган. Трамп баёнотида, Эрон Исроилга қарата ҳужумларни тўхтатиши, Исроил эса бироз кечроқ ҳарбий ҳаракатларини тугатишини билдирганди.

«Лекин, атиги бир неча дақиқа олдин пойтахт бўйлаб ҳаво мудофааси тизими ишга тушгани ва портлаш товушлари эшитилди. Ҳақиқатда эса биз Исроил зарбалари давом этаётганига гувоҳмиз, бу эса Эрондан янги жавоб ҳужумларига замин яратмоқда», – деди Al-Jazeera нашрнинг Теҳрондаги мухбири Тоҳир Асади.

Яқин Шарқ бўйича таҳлилчи Умар Раҳмон Al-Jazeera'га берган изоҳида, Трамп баёнотида муҳим тафсилотлар етишмаётганини, жумладан келишув ортидан музокаралар бўладими йўқми, номаълум қолаётганини айтди. Раҳмон Трампни Исроил фойдасига алдовлар қилишда айблади. Трамп биринчи Исроил ҳужумидан бир неча соат олдин АҚШ дипломатияга содиқлигини билдирган эди.

Ўтган ҳафта Трамп АҚШ урушга қўшиладими-йўқми деган қарорни икки ҳафта ичида билдиришини айтганди, аммо орадан икки кун ўтиб Эронни нишонга олди.

Исроил 13 июнь тонгида Эронга қарши кенг кўламли ҳужумни бошлади. Бу ҳужумлар бевосита турткисиз амалга оширилган ва юзлаб одамларнинг ўлимига сабаб бўлди. Эрон бу ҳужумларни БМТ Низомига зид тажовуз деб атаб, Исроилга юзлаб ракеталар билан жавоб берди. Бу ҳужумлар Исроилда катта вайронагарчиликларга олиб келди. 22 июнь куни эса АҚШ Эроннинг учта ядровий объектига зарба берди. 23 июнь куни Эрон АҚШ зарбаларига жавобан Қатардаги Ал-Удайд авиабазасига ракета ҳужуми уюштирди. Трамп эса бу жавобни «заиф» деб атади ва АҚШ бунга жавоб қайтармаслигини билдирди.

Эрон ядровий дастурининг аниқ зарарлари номаълумлигича қолмоқда. Теҳрон ядровий қуролга интилмаётганини таъкидлаяпти, бироқ Исроил яширин ядровий арсенали борлиги ҳақида кенг эътироф этилган.

Мавзуга оид