Ўзбекистон | 15:38 / 25.07.2023
14927
7 дақиқада ўқилади

Нега Ўзбекистонда ўнглар ва сўллар йўқ? Улар қандай аниқланади?

Бутун дунёда сиёсий майдон ўнглар ва сўлларга бўлинади. Бу, дунё парламентаризмида, сиёсий майдонида, партияшунослигида универсал тушунчалар ва категориялар ҳисобланади. Лекин Ўзбекистонда эмас. Бунинг сабаби нима? Нега Ўзбекистонда ҳалига қадар кимлар ўнг-у, кимлар сўл, номаълум?

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Бунинг сабаблари бир қанча. Биринчи сабаб – Ўзбекистонда шу пайтга қадар реал сиёсий рақобат бўлмади. Шунинг учун, сиёсатчилар ва партиялар ўртасида ғоялар тўқнашуви, сиёсий тирашув ва баҳслар кузатилмади. Натижада, қайси партия ва сиёсатчи ўнг-у, қай бири сўл эканини нафақат жамоатчилик, балки уларнинг ўзлари ҳам тушуниш даражасига етмади.

Иккинчи сабаб – биздаги сиёсатчилар ва сиёсий партиялар имкон қадар универсал бўлишга, жамиятнинг барча қатламларини қамраб олишга, яъни имкон қадар ҳаммани ўз тасарруфи ва таъсир доирасида ушлашга ҳаракат қилади. Ҳаммани қўлга киритиш мақсадида, аниқ ижтимоий қатлам ва платформадан маҳрум бўлиб қолаётганини ҳар доим ҳам тушунавермайди.

Бутун дунёда ўнглар ва сўллар, ва уларнинг ўртасида жойлашган марказчилар – универсал тушунча. Ривожланган демократик давлатларда, ҳар бир партиянинг аниқ жойлашуви бор. Яъни ҳеч бир партия, ўнг-сўл категориясидан ташқарида эмас. Қолаверса, демократик дунёда ўнглар ва сўлларнинг мумтоз муаммолари ва ечимлари ҳам мустаҳкам шаклланиб улгурган.

Хўш, ўнглар ва сўллар қандай аниқланади? Ўлчов мезонлари нималардан иборат? Сиёсатшунослик фанида ўнглар ва сўлларни аниқловчи усуллар жуда кўп. Лекин, мен имкон қадар соддалаштириб, қуйидаги ўлчов мезонини таклиф қилмоқчиман.

Сўллар учун, энг асосий қадрият – бу тенглик. Сўлларга кўра, инсонлар имкон қадар тенг бўлиши керак. Улар ўртасидаги ҳар қандай ижтимоий, иқтисодий ва бошқа тафовутлар инсонларнинг таҳқирланишига, камситилишига олиб келмаслиги керак. Шунинг учун ҳам сўллар учун миллиятчиликдан кўра, интернационализм, динийликдан кўра космополитизм муҳимроқ. Ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан эса, сўллар инсонлар ўртасидаги моддий тафовутни ҳар хил усуллар билан камайтиришга ҳаракат қилишади.

Ашаддий сўллар эса, тенгликни куч ишлатиш орқали бўлса-да, таъминлашга интилишади. 20-асрда ашаддий сўллар энг кучайган давр бўлди. Собиқ СССР, Хитой Халқ Республикаси, Шимолий Корея, Куба, Европа, Осиё Африкадаги жуда кўплаб социалистик ва коммунистик давлатлар ҳамда партиялар, инсонлар ўртасидаги тенгликни катта репрессиялар ҳисобига бўлса-да, таъминлашга уриниб кўришди.

Ўнглар учун энг асосий қадрият – бу ўзлик. Ўзлик (рус тилида “идентичность”) – “биз киммиз ва нима қилсак, ўзлик билан боғлиқ манфаатларимизни ҳимоя қила оламиз?” деган саволга жавоб орқали олинади. Мисол учун, биз ўзбекмиз, ўзбекистонликмиз, туркиймиз, мусулмонмиз ва ҳ.к. каби ўзликлар орқали шаклланади. Дунёда консерватив партиялар кўп. Консерватив кучларнинг бош ғам-ташвиши – ўзликни ҳимоя қилиш ва бу ўзликлар билан боғлиқ бўлган манфаатларни парваришлаш ҳисобланади.

Ашаддий ўнглар, ўзликни ҳимоя қилиш ва бошқа ўзликлар билан курашиш учун ҳаттоки куч ишлатишни, репрессиялар қилишни ҳам нормал деб билади.

Яъни қайси сиёсий куч инсонлар ўртасидаги фарқларни камайтиришга ҳаракат қилса – булар сўллар. Қайси сиёсий кучлар фарқларнинг бўлиши табиий деб билса, ва ўзидаги ўзликни ҳимоя қилишга интилса – ўнг қанот ҳисобланади.

Хўш, ўнглар ва сўллар ҳақида гап кетар экан, “эркинлик” ким томонида, қайси тарафда эркинликни қўлловчилар кўпроқ?

Эркинлик ўнглар ва сўлларнинг ўртасида, марказда туради. Марказга яқин ўнглар ҳам, марказга яқин сўллар ҳам эркинликни инкор қилмайди, эркинликни қадрлайди ва эркинлик, инсон ҳуқуқлари ва ҳуқуқий давлатчилик орқали ўз мақсад ва вазифаларига эришишга ҳаракат қилади.

Иқтисодий жиҳатда, сўллар инсонлар орасидаги моддий фарқни камайтириш учун, бойлардан кўпроқ солиқ олишни ва йиғилган солиқлар орқали кам таъминланган қатламларни кўпроқ ҳимоя қилишни мақсад қилиб олади.

Ўнглар эса, иқтисодий жиҳатдан, солиқларни камайтиришни ва шу йўл тадбиркорларда, капиталистларда кўпроқ даромад қолдиришни мақсад қилади. Ўнглар назарида, тадбиркорларда каттароқ даромад қолиши, улар томонидан ишлаб чиқаришни янада кенгайтириш, янада кўпроқ аҳолига иш ўринлари таклиф қилишга сабабчи бўлади, деб қарашади.

Ўнглар учун, инсонлар ўртасидаги ижтимоий тафовут – нормал нарса. Бу – инсонларни ҳаракатга ундайди, жамиятда тадбиркорликни, ихтирочиликни, ишбилармонликни кучайтиради. Кучли ижтимоий ҳимоя эса, боқимандалик кайфияти ошиб боришига олиб келади.

Хўш, Ўзбекистонда, гарчи сиёсий партиялар ўнг ва сўл деб айтилмаса-да, ушбу партиялар, дастурларига кўра, қайси платформада жойлашган? Қай бири ўнг ва қай бири сўл?

Беш партиядан иккитаси соф сўл партиялар ҳисобланади. Булар – Халқ демократик партияси ва Адолат социал-демократик партияси. Бу икки партия, жамиятдаги маълум қатламларни, ёлланма ишчи-меҳнаткашларни ижтимоий ҳимоя қилишга ваъда беради.

Миллий тикланиш демократик партияси – соф ўнг партия ҳисобланади. Чунки Миллий тикланишнинг асосий вазифаси – миллий қадриятларни, миллий консерватизмни ҳимоя қилиш, тил ва ўзлик билан боғлиқ бўлган қадриятларни парваришлаш.

Ўзбекистон экологлар партияси ҳам, нисбатан сўлроқ партия. Чунки, дунёда яшиллар партияси, асосан сўл қанотда жойлашган бўлиб, улар атроф-муҳитни, экологияни ҳимоя қилиш билан бирга, жамиятда мувозанат ва тенглик ҳақида қайғуришади. Лекин, Ўзбекистон экологлар партияси, назаримда ҳалига қадар ўзларининг дастурий вазифалари ва платформаларини чуқур ўзлаштириб улгуришгани йўқ.

Энди, Ўзбекистон Либерал-демократик партияси – ЎзЛиДеП, мафкурасига кўра, мени назаримда, гибрид партия ҳисобланади. Иқтисодий жиҳатдан, бу партия капиталистларни, ишлаб чиқарувчи кучларни, тадбиркор ва ишбилармонлар манфаатларини ҳимоя қилади. Бу билан, ЎзЛиДеП ўнг қанотда жойлашади. Лекин, сиёсий қадриятлар нуқтайи назаридан, ЎзЛиДеП – либерализм, эркинлик ва жамиятда инсонлар ўртасидаги дунёқарашлар тенглигига кўпроқ урғу беради. Бу билан, ЎзЛиДеП марказга яқин сўл қанотда жойлашади. Дунёда мана шундай гибрид позицияли партиялар кам эмас.

Ўзбекистонда сиёсий рақобат кучайиб бориши керак, ва мана шу рақобат натижасида, партиялар, сиёсатчилар ўртасидаги дебатларда, ўнг-сўл каби категориялар стандартлашиб бориши керак. Бу – сиёсий тафаккур ривожининг шарти, демократия ва ҳуқуқий давлатчилик тараққиётининг шарти ҳисобланади.

Камолиддин Раббимов,
сиёсатшунос

Мавзуга оид

Эълонлар

Havas Holding Европа компаниялари билан стратегик ҳамкорликни кенгайтирмоқда

JETOUR X50 ва X70 Ўзбекистонда: интеллектуал саёҳатлар учун янги босқич

Тошкентдаги “Gumma-Xonim ” овқатланиш маркази буюртмалар учун cаll-марказни ишга туширди

Келажак учун битим: MARS IT School болалар учун IТ-таълимни ривожлантиришнинг янги босқичига чиқяпти

Havas Holding Европа компаниялари билан стратегик ҳамкорликни кенгайтирмоқда

JETOUR X50 ва X70 Ўзбекистонда: интеллектуал саёҳатлар учун янги босқич

Тошкентдаги “Gumma-Xonim ” овқатланиш маркази буюртмалар учун cаll-марказни ишга туширди

Келажак учун битим: MARS IT School болалар учун IТ-таълимни ривожлантиришнинг янги босқичига чиқяпти

Havas Holding Европа компаниялари билан стратегик ҳамкорликни кенгайтирмоқда

JETOUR X50 ва X70 Ўзбекистонда: интеллектуал саёҳатлар учун янги босқич

Тошкентдаги “Gumma-Xonim ” овқатланиш маркази буюртмалар учун cаll-марказни ишга туширди

Келажак учун битим: MARS IT School болалар учун IТ-таълимни ривожлантиришнинг янги босқичига чиқяпти