Ошадиган нафақалар, жорий этилаётган эскроу тизими ва соғлиқни сақлаш соҳасида янги модел – 1 июлдан нималар ўзгаради?
Kun.uz сайти ўз анъанасига мувофиқ 2025 йил 1 июлдан бошлаб Ўзбекистон қонунчилигида рўй берадиган айрим ўзгаришларни эслатиб ўтади.
Пенсия ва нафақалар оширилади
2025 йил 1 июлдан бошлаб пенсиялар ва нафақалар ҳамда кам таъминланган оилаларга болалар нафақалари ва моддий ёрдам тўловлари миқдорлари 10 фоизга оширилади. Бу ҳақда президентнинг «Иш ҳақи, пенсиялар, стипендиялар ва нафақалар миқдорини ошириш тўғрисида»ги фармонида кўзда тутилган.
Бунда:
- ёшга доир энг кам пенсия миқдори – ойига 918 000 сўм этиб;
- ногиронлик пенсияларининг энг кам миқдори – ойига 1 012 000 сўм этиб;
- кам таъминланган оилаларга болалар нафақасининг ҳар ойлик миқдори: 3 ёшгача бўлган битта кичик фарзанди учун – 360 000 сўм, 3 ёшдан 18 ёшгача бўлган битта фарзанди учун – 275 000 сўм; оиланинг иккинчи фарзанди учун қўшимча – 165 000 сўм; оиланинг учинчи ва ундан кейинги ҳар бир фарзанди учун қўшимча – 110 000 сўм этиб;
- кам таъминланган оилалар учун моддий ёрдамнинг ойлик миқдори – 420 000 сўм этиб;
- фуқароларга тўланадиган бошқа пенсиялар ва нафақалар миқдорлари иловага мувофиқ белгиланади.
2025 йил 1 августдан бошлаб бюджет ташкилотлари ходимларининг иш ҳақи ва стипендиялар миқдори ҳам 10 фоизга оширилади.
Уй сотиб олишда эскроу тизими жорий этилади
2025 йил 1 июлдан Ўзбекистонда уй-жой харид қилиш жараёнида эскроу тизими амалиётга жорий этилади. Бу ҳақда президентнинг тегишли фармонида келтириб ўтилган.
Янги тартиб фуқароларнинг ҳуқуқларини муҳофаза қилиш ҳамда қурилиш соҳасида қонунийликни таъминлашга хизмат қилади.
Янги тизимга кўра:
- шартномалар фақат давлат рўйхатидан ўтган қурилиш объектлари бўйича тузилади;
- харидор тўлаётган маблағ тўғридан тўғри қурилиш компаниясига берилмайди, балки банкдаги махсус эскроу ҳисобварақ орқали амалга оширилади;
- қурилиш ишлари камида 30 фоизга бажарилганидан сўнггина банк томонидан маблағ кўчирилади ёки кредит ажратилади;
- 2025 йил 1 июлдан 31 декабргача амалдаги ва янги тизим параллел равишда қўлланади;
- 2026 йил 1 январдан бошлаб фақат эскроу ҳисобварақ орқали ҳисоб-китобларга рухсат этилади;
- қурилиш соҳасида шаффофликни таъминлаш мақсадида «Шаффоф қурилиш» ахборот тизими жорий этилади;
- улушли шартномалар бўйича маълумотлар автоматик тарзда солиқ органларига юборилади.
Ногиронлик пенсиялари проактив шаклда тайинланади
Президентнинг «Ногиронлик пенсиялари ва компенсацияларни тайинлашда проактив хизматларни жорий этиш тўғрисида»ги қарори қабул қилинган. Унда пенсия ва компенсацияларни тайинлаш тартиби соддалаштирилиши назарда тутилган.
Ҳужжат «Ўзбекистон – 2030» стратегиясини амалга ошириш доирасида аҳолига давлат пенсиялари ва компенсацияларни тайинлаш тартибини такомиллаштириш орқали пенсия олувчилар ва ногиронлиги бўлган шахсларнинг ижтимоий хизматлардан фойдаланиш имкониятларини янада кенгайтиришга қаратилган.
Қарорга кўра, 2025 йил 1 июлдан фуқароларга давлат пенсиялари ва компенсацияларни тайинлашнинг қуйидагиларни назарда тутувчи тартиби жорий этилади:
— фуқароларга I ёки II гуруҳ ногиронлиги белгиланиши муносабати билан пенсияларни алоҳида мурожаат талаб этмаган ҳолда проактив шаклда тайинлаш. Бунда фуқарога проактив шаклда тайинланган пенсиядан воз кечиш ҳуқуқи берилади;
— кўриш қобилияти бўйича I гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларга ҳамда ядровий полигонлар ва бошқа радиация-ядровий объектларда ҳарбий хизматни ўтаган шахсларга компенсацияларни электрон маълумотлар алмашинуви асосида проактив шаклда тайинлаш;
— ногиронлик пенсияси тайинлангандан сўнг камида бир йил иш стажига эга бўлганда фуқаронинг пенсия миқдорини ҳар икки йилда проактив шаклда қайта ҳисоблашни амалга ошириш.
2025 йил 1 октябргача фуқароларга пенсия тайинлашда амалий ёрдам кўрсатиш хизмати хусусан, стаж ва иш ҳақига оид электрон маълумотлардаги камчиликларни бартараф этиш бўйича ҳам жорий қилинади.
Соғлиқни сақлаш соҳасида янги модел жорий этилади
Бу ҳақда президентнинг “Соғлиқни сақлаш тизимидаги ислоҳотларни амалга оширишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида назарда тутилган.
Ҳужжат билан президентнинг ПФ-88-сон фармонини ижро этиш вазифалари белгиланди.
Қарор билан қуйидагилар 2025 йил 1 июлдан республиканинг 15 та туман (шаҳар)ларида, Самарқанд вилоятида эса 2026 йил 1 январдан соғлиқни сақлаш тизимини ташкил этишнинг янги модели тажриба-синов лойиҳасини жорий этиш доирасида соғлиқни сақлаш тизимини такомиллаштиришнинг асосий мақсадлари этиб белгиланган:
- бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари фаолиятини тубдан қайта кўриб чиқиш орқали оилавий поликлиникаларда кўрсатиладиган тиббий хизматлар сифат ва самарадорлигини ошириш;
- тиббий ёрдам кўрсатишда тиббиёт муассасалари, аҳоли ва тиббиёт ходимларини аниқ вазифалар, ҳуқуқ ва мажбуриятлар билан таъминлаш;
- тиббиёт ходимларининг билим ва малакасини ошириш, уларнинг меҳнатига муносиб ҳақ тўлаш тизимини жорий этиш;
- аҳолига тиббий хизматлар кўрсатишда қисқа муддатли чораларни ўз ичига олган "Тиббиётда 90 кунлик ўзгаришлар" дастурини амалга ошириш.
Туман (шаҳар) соғлиқни сақлаш бўлимлари амалдаги бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаларини хатловдан ўтказади ва уларни Тажриба-синов лойиҳаси талабларига мувофиқ юридик шахс мақомига эга тегишли типдаги оилавий поликлиника шаклида қайта ташкил этади.
Кўп тармоқли марказий поликлиникалар марказий шифохоналарнинг маслаҳат-диагностика бўлинмаларига айлантирилади.
Туман (шаҳар) соғлиқни сақлаш бўлимлари – мустақил балансга, шахсий ғазна ҳисобварақларига ва давлат герби тасвири туширилган муҳрга эга давлат бошқаруви органи. Ўз фаолиятида тегишли туман (шаҳар) ҳокимлиги ва соғлиқни сақлаш бошқармасига бўйсунади.
Туман (шаҳар) соғлиқни сақлаш бўлимлари ходимларига ҳужжат билан тасдиқланган тариф разрядлари қўлланган ҳолда иш ҳақи ҳисобланади. Бунда туман (шаҳар) соғлиқни сақлаш бўлимларига бўйсунувчи тиббиёт муассасалари томонидан пулли асосда кўрсатилган тиббий хизматлардан тушумларнинг 2 фоизи ушбу бўлимларнинг бюджетдан ташқари ривожлантириш жамғармасига ўтказилади.
Тажриба-синов лойиҳаси доирасида оилавий поликлиникалар қуйидагиларни амалга оширишга мажбур:
- тиббиёт бригадалари ва бириктирилган аҳоли ўртасида келишув тузиш;
- кафолатланган пакет доирасида тиббий хизматларни ўз вақтида ва сифатли кўрсатишни таъминлаш;
- бириктирилган аҳоли сони асосида Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси билан харид шартномалари тузиш;
- аутсорсинг асосида оилавий шифокор, педиатр, стоматолог, акушер-гинеколог ва диагностика бўйича мутахассисларнинг хизматларини кўрсатишни жорий этиш;
- оилавий шифокорлар фаолиятини улар хизмат кўрсатаётган аҳоли сони асосида мунтазам баҳолаш;
- индивидуал даволаш ва соғломлаштириш дастурларига мувофиқ кафолатланган пакет доирасида аҳолини зарур дори воситалари билан бепул таъминлашни йўлга қўйиш ва ҳ.к.
2025 йил 1 июлдан бошлаб республиканинг барча давлат тиббиёт муассасаларида касалликларнинг оғирлик даражаси ва даволашнинг мураккаблигидан келиб чиқиб махсус кўникмаларни талаб қиладиган даволаш чоралари ва юқори хавф даражасидаги амалиётларни самарали амалга оширган шифокорларга ойлик лавозим маошларининг 25 фоизидан 100 фоизигача устама тўлаш тизими жорий этилади.
Қарор билан Тажриба-синов лойиҳаси доирасида тиббиёт муассасаларини таъминлаш учун ахборот-коммуникация жиҳозлари ва тармоқ қурилмалари рўйхати тасдиқланган.
«Жонли ижро ҳафталиги» ўтказилади
2025 йил 1 июлдан бошлаб ҳар чоракда республиканинг барча ҳудудларида «Жонли ижро ҳафталиги» ўтказилади. Бу ҳақда Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорида келтириб ўтилган.
«Жонли ижро ҳафталиги» доирасида:
— маданият ва санъат йўналишидаги таълим ташкилотларида жонли ижронинг аҳамиятини тушунтириш бўйича таниқли санъаткорлар иштирокида ижодий учрашувлар ўтказилади;
— Ўзбекистон МТРК тизимидаги телерадиоканалларда соҳа экспертлари иштирокида жонли ижронинг аҳамияти ва фонограмманинг салбий жиҳатларига бағишланган «ток-шоулар» ташкил қилинади;
— давлат органлари ва ташкилотлари тизимидаги концерт, маданият саройлари ва бошқа муассасаларда жонли ижрода ва фонограммадан қисман фойдаланилган ҳолда концерт-томоша тадбирлари ўтказилади.
Шунингдек, қарорга кўра 2025 йил 1 июлдан бошлаб:
- жонли ижрода ташкил этиладиган концерт-томоша тадбирлари бўйича рекламаларни Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси тизимидаги телерадиоканалларда эфирга бериш учун тадбир ташкилотчисига 30 фоиз миқдорида чегирма берилади;
- фонограммадан қисман фойдаланилган ҳолда ташкил этиладиган концерт-томоша тадбирлари ташкилотчилари учун ижара тўловидан (коммунал тўловлар бундан мустасно) 25 фоиз миқдорида чегирма берилади;
- фонограммадан қисман фойдаланилган ҳолда ташкил этиладиган концерт-томоша тадбирлари бўйича рекламаларни Ўзбекистон МТРК тизимидаги телерадиоканалларда эфирга бериш учун тадбир ташкилотчисига 15 фоиз миқдорида чегирма берилади;
- жонли ижрода ва фонограммадан қисман фойдаланилган ҳолда ташкил этиладиган концерт-томоша тадбирлари Ўзбекистон МТРК тизимидаги телерадиоканалларда тегишли телерадиоканал Бадиий кенгашининг ижобий хулосаси асосида бепул эфирга узатилади.
Таълим сифатини таъминлаш миллий агентлиги ташкил қилинади
«Таълим соҳасида лойиҳалар маркази» лойиҳа офиси негизида Президент администрацияси ҳузурида Таълим сифатини таъминлаш миллий агентлиги ташкил этилади. Бу ҳақда давлат раҳбарининг тегишли фармони қабул қилинган.
Фармонда белгиланишича, агентлик ўрта махсус, касбий, олий ва олий таълимдан кейинги таълим, шунингдек, кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг масаласини ошириш, малакаларни баҳолаш соҳаларида ташқи сифат назоратини амалга оширувчи махсус ваколатли давлат органи ҳисобланади.
Миллий малака тизимини ривожлантириш институти агентлик тизимига ўтказилади.
Агентлик директори президент томонидан лавозимга тайинланади ва озод қилинади ҳамда унинг мақоми президент маслаҳатчиси ўринбосарига тенглаштирилади.
2025 йил 1 июлдан бошлаб янги ташкил этиладиган таълим ташкилотлари фаолиятини йўлга қўйиш қуйидаги икки босқичда амалга оширилади:
— биринчи босқичда фаолиятни бошлаш учун ўрта махсус, касбий, олий ва олий таълимдан кейинги таълим ташкилотлари ўрнатилган тартибда лицензияланади, кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш таълим ташкилотлари хабардор қилиш тартибида ташкил этилади;
— иккинчи босқичда таълим ташкилотларининг кадрлар тайёрлаш йўлга қўйиладиган таълим дастурлари (касблар, таълим йўналишлари, мутахассисликлар, ихтисосликлар, курслар) махсус давлат аккредитациясидан ўтказилади. Бунда:
- махсус давлат аккредитациясидан ўтмаган таълим дастурлари бўйича таълим олувчиларни ўқишга қабул қилишга йўл қўйилмайди;
- махсус давлат аккредитациясидан ўтмасдан қабул жараёнини амалга ошириш лицензия талаб ва шартларини қўпол равишда бузиш деб баҳоланади ва таълим ташкилотига берилган лицензиянинг бекор қилинишига (фаолияти тўхтатилишига) асос бўлади.
Хусусий назорат тизими механизмлари шакллантирилади
2025 йил 1 июлдан бошлаб якка тартибдаги уй-жойлар ва кичик ҳажмдаги нотурар бино ва иншоотларни қуриш ҳамда реконструкция қилиш ишлари юзасидан қурилиш назорати хусусий сектор томонидан олиб борилади. Шу ва бошқа тартиблар президентнинг 2025 йил 14 апрелдаги тегишли фармонида қайд этиб ўтилган.
Фармонга кўра, 2025 йил 1 июлдан бошлаб:
— якка тартибдаги уй-жойлар ва кичик ҳажмдаги нотурар бино ва иншоотларни қуриш ҳамда реконструкция қилиш ишлари юзасидан қурилиш назорати хусусий сектор томонидан олиб борилади;
— хусусий қурилиш назорати архитектура-шаҳарсозлик ҳужжатларини ишлаб чиқиш фаолияти учун лицензияга эга бўлган ҳамда қурилиш объектининг лойиҳа-смета ҳужжатларининг архитектура қисмини ишлаб чиққан лойиҳа ташкилоти томонидан шартнома асосида амалга оширилади;
— хусусий қурилиш назорати объектларида қурилиш (реконструкция ишлари) якунига етгандан сўнг лойиҳачи томонидан «Шаффоф қурилиш» миллий ахборот тизимида хулоса шакллантирилади ва буюртмачига тақдим этилади;
— қурилиши (реконструкция ишлари) тугалланган объектдан фойдаланиш учун рухсатнома бериш тегишли туман (шаҳар) қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги бўлимлари (Тошкент шаҳрида — туман қурилиш бўлимлари) томонидан амалга оширилади;
— хусусий қурилиш назорати олиб борилмаганда ёки назоратни олиб борган лойиҳачининг ижобий хулосаси мавжуд бўлмаганда объектларни фойдаланишга қабул қилиш тақиқланади.
Шунингдек, 2025 йил 1 июлдан бошлаб барча ичимлик суви таъминоти ва оқова сувларни чиқариб юбориш тизими объектларини мажбурий тарзда шартнома асосида технологик аудитдан ўтказиш тартиби жорий этилади.
Ҳужжатга кўра, 2025 йил 1 июлдан бошлаб:
- босқичма-босқич ҳудудий инспекцияларда Қурилиш объектларини онлайн кузатиш маркази ташкил этилади;
- тажриба-синов тариқасида 2025 йилда Қашқадарё вилоятидаги давлат бюджети маблағлари ҳисобига янгидан қуриладиган объектларга видеокамералар ўрнатилади;
- қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида давлат назоратини амалга оширишда мобил видеокамералар (бодикамера) ва махсус планшетлардан фойдаланилади;
- мобил видеокамералар (бодикамера), махсус планшетлар ва видеокамералардан олинган маълумотлар тўғридан тўғри Қурилиш объектларини онлайн кузатиш марказига узатилади;
- «E-mamuriy ish» ахборот тизимида шаҳарсозлик тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатлари талабларини бузган шахсларга нисбатан маъмурий чоралар қўллашни кўриб чиқиш тартиби соддалаштирилади.
Бошқа ўзгаришлар
2025 йил 1 июлдан бошлаб:
- ўз хонадонида фаолият юритадиган якка тартибдаги тадбиркорларга мебел маҳсулотларини тайёрлаш фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқи берилади;
- импорт қилувчи ташкилот томонидан Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кирилган дори воситаларини уларнинг улгуржи ва чакана савдоси билан шуғулланувчи тадбиркорлик субъектларига тўғридан тўғри ёки унинг расмий дилерлари орқали реализация қилиш электрон ҳисобварақ-фактура асосида амалга оширилади. Рақамли маркировкаланган маҳсулотларни улгуржи сотиш фақат нақд пулсиз шаклда банк ҳисобварақлари орқали амалга оширилади;
- айрим давлат хизматлари ва функциялари хусусий секторга ўтказилади;
- ногиронлиги бўлган шахсларга қонунчиликда белгиланган солиқ имтиёзлари уларнинг мурожаатисиз проактив шаклда қўлланади;
- давлат органлари ва ташкилотлари томонидан давлат хизматчиларини малакасини ошириш ва қайта тайёрлашнинг янги тартиби жорий этилади;
- «Эл-юрт умиди» жамғармаси таълим дастурларини муваффақиятли тамомлаган стипендиатлар Ўзбекистоннинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиши учун устувор ҳисобланган соҳалар бўйича етакчи халқаро ташкилотлар, хорижий муассасалар ва йирик компанияларида стажировка ўташига ёки амалий фаолият билан шуғулланишига рухсат берилади;
- суғурта ташкилотлари билан божхона органлари ахборот тизимларини ўзаро интеграция қилган ҳолда чегара орқали ҳаракатланаётган автотранспорт воситаси эгасининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш механизми йўлга қўйилади;
- Савдо-саноат палатасининг ҳудудий бўлинмаларига «Давлат мулки» ахборот тизими орқали давлат ва давлат иштирокидаги корхоналар кўчмас мулк объектларини сотиш учун тўғридан тўғри электрон онлайн аукцион савдоларига чиқариш бўйича ариза бериш ҳуқуқи берилади;
- электрон тижорат операторлари, шу жумладан, ташувчиларга мижозларни излаш бўйича хизмат кўрсатувчи агрегаторлар фаолиятини амалга ошириши учун хабардор қилиш тартиби жорий қилинади;
- аҳоли уй-жойларининг энергия аудитини ўтказиш харажатлари ҳамда қуёш панеллари ва гелиоколлекторлар қийматининг 20 фоизи ва иссиқлик насослари (ҳаво, сув ва геотермал) қийматининг 40 фоизини, лекин базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 бараваридан ошмаган миқдорда қоплаш учун агентлик томонидан ўрнатиладиган тартиб асосида субсидия ажратиш йўлга қўйилади;
- ветеринария ва фитосанитария соҳасида ташқи савдо юкларига тегишли ҳар қандай ҳужжатларга муҳр ва штамп босиш ҳамда уларни ёзма тарзда рўйхатга олиш амалиёти бекор қилинади. Барча тартиботлар ушбу ҳужжатларни электрон шаклда тасдиқлаш орқали амалга оширилади (товарлар экспортида халқаро шартномаларда қатъий белгиланган ҳолатлар бундан мустасно);
- аҳолига хизмат кўрсатувчи бюджет ташкилотлари, газ ва нефт маҳсулотини сотувчи ва мулкни ижарага берувчи юридик шахслар мажбурий тартибда электрон тўлов тизимларига уланади ҳамда тўловларни улар орқали амалга ошириш имкониятини яратади;
- республика ҳудудида мулкчилик шаклидан қатъи назар, қурилиши тугалланган барча объектларда ижровий топографик тасвирга олиш жараёнлари бажарилади ва «топография» маълумотлар базасига киритилади;
- давлат бюджети маблағлари ҳисобидан Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида муҳтож оилаларга бир марта бериладиган моддий ёрдам ўрнига ушбу ҳудудларда яшовчи Камбағал оилалар реестрига киритилган оилаларга уй-жойида артезиан қудуқ қазиш, сув насосларини ўрнатиш ҳамда ичимлик сув филтрларини харид қилиш харажатларини қоплаш учун субсидия ажратиш тартиби жорий этилади;
- кўп қаватли уйлар массивларидаги тупроқ ва яшил қопламали умумий фойдаланишдаги ҳудудларни ўзбошимчалик билан бетонлаштирганлик, қурилма ва конструкцияларни ўрнатганлик учун жавобгарлик чоралари кучайтирилади;
- «Экофаол фуқаро» платформасига ўзи эккан дарахти тўғрисида маълумотлар киритган камбағал оилалар аъзоларига ўрмон фонди ерларида экилган ҳар 100 та дарахт учун Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги томонидан «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси доирасидаги маблағлар ҳисобидан БҲМнинг бир баравари миқдорида субсидия ажратиш тартиби жорий этилади. Бунда субсидия йил давомида иккига бўлиб тенг улушларда тўланади;
- саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги соҳасидаги айрим ҳуқуқбузарликлар учун юридик шахсларга жарима қўллаш тартиби жорий этилади;
- барча давлат МТТларида ходимлар ва тарбияланувчиларнинг электрон давоматини юритиш, иш вақти табелини шакллантириш, тарбияланувчиларнинг озиқ-овқат харажатларини натура шаклида ҳисоблаш, ота-оналар тўлови ҳамда бошқа тўловлар «Болалар боғчаси» ахборот тизими орқали амалга оширилади;
- давлат маданият муассасалари ва ташкилотлари ходимларининг иш ҳақи миқдорлари 15 фоизга оширилади;
- экологик тоза ҳудуд режими жорий қилинган ҳудудлардаги фуқаролар йиғинларига «экомаҳалла», «экоқишлоқ» ва «экоовул» мақоми берилади;
- болалар учун контент яратувчи юридик шахслар фойда солиғидан озод қилинади;
- айрим турдаги хомашё товарлари ва ижтимоий аҳамиятга эга маҳсулотларга нисбатан экспорт божхона божлари жорий этилади.
Тавсия этамиз
Трамп билан урушиб қолган Маск янги партия тузмоқда
Жаҳон | 15:19 / 06.07.2025
Олти мулоқот, натижа нол. Украина ёлғиз қоладими?
Жаҳон | 13:10 / 06.07.2025
АҚШда хатолик туфайли 400 йилга қамалган эркакка 1,7 млн доллар компенсация тўланди
Жаҳон | 23:34 / 04.07.2025
«Баъзилар учун геноцид даромадли» — БМТ эксперти бутун дунёни Исроил билан савдони тўхтатишга чақирди
Жаҳон | 18:56 / 04.07.2025
Сўнгги янгиликлар
-
Sergeli city'нинг айрим блокларида қурилиш ишлари тўхтатилди
Ўзбекистон | 21:26
-
Сергей Лавров Украинадаги урушни тугатиш учун иккита асосий шартни айтди
Жаҳон | 21:20
-
Андижонда 9 ёшли икки бола фермер хўжалиги ҳовузига чўкиб кетди
Жамият | 20:51
-
Чорвоқ сув омборига оқова сув қуйилаётгани рад этилди
Жамият | 20:44
Мавзуга оид

17:25 / 27.05.2025
Илм учун катта мукофот, ҳайдовчиларга енгиллик ва Хитойга визасиз режим – 1 июндан нималар ўзгаради?

12:40 / 28.04.2025
Электрга янги тариф, чекланаётган фонограмма ва маҳсулотларда пайдо бўладиган “Ҳалол” белгиси – 1 майдан нималар ўзгаради?

14:47 / 27.03.2025
Камбағал оилаларга 22,5 млн сўм грант, ижтимоий картага “кўчаётган” қоғозбозлик ва етим болаларга ғамхўрлик – 1 апрелдан нималар ўзгаради?

19:33 / 25.02.2025