Парламентда кўпчилик блоки тузилди. Энди мухолифат ҳам пайдо бўладими?
Олий Мажлис Қонунчилик палатасида энг кўп ўринга эга икки фракция – Либерал-демократик партия ва “Миллий тикланиш” демократик партияси бирлашиб, “Тараққиёт блоки”ни тузди. Бу билан парламентда расман кўпчилик шаклланди. Шунга ўхшаш блок 20 йил олдин ҳам тузилганди.

Аввалига Ўзбекистон парламентини қисқа тарифласак. Олий Мажлис икки палатадан иборат. Юқори палата – Сенат, 65 сенатордан иборат. Қуйи палата – Қонунчилик палатасида жами 150 депутат бор. У ёки бу ҳужжат қонун шаклида кучга кириши учун уни Қонунчилик палатаси қабул қилиши, Сенат маъқуллаши ва президент имзолаши керак.
Айрим истисноларни инобатга олмаганда, аксарият қонунлар қабул қилинган деб ҳисобланиши учун депутатларнинг кўпчилиги (50 фоиз + 1 нафар) уни ёқлаб овоз бериши керак. Бу – 150 депутатдан иборат палатада 76 та ўринни олган партия кўпчилик бўлишини англатади. Айни пайтда ЎзЛиДеП 64 та ўринга эга, яъни шу пайтгача парламентда кўпчиликни ташкил этувчи гуруҳ йўқ эди. Етакчи партиянинг сон жиҳатдан иккинчи ўриндаги “Миллий тикланиш” билан блок тузиши натижасида, 93 депутатдан иборат бу блок кўпчиликни ташкил этмоқда.
Хўш, бундай блок Ўзбекистон тарихида биринчи марта тузиляптими? Йўқ, Олий Мажлис тарихида шунга ўхшаш блок аввал ҳам тузилган.
2005 йил феврал ойида Ўзбекистон тарихида биринчи марта учта партия иштирокидаги “Демократик кучлар блоки” тузилган эди. Б учта партия – ЎзЛиДеП, “Фидокорлар” миллий-демократик партияси ва “Адолат” социал-демократик партияси эди. Бу блокнинг ғалати томони шунда эдики, мафкурасига кўра тескари партиялар битта блокка бирлашган эди. ЎзЛиДеП – иқтисодий ўнг ва сиёсий қадриятларга кўра сўл партия, “Адолат” – классик сўл партия, “Фидокорлар” – тўлиқ ўнг партия эди.
Бугунги блокдаги икки партия – ЎзЛиДеП ва “Миллий тикланиш” ўнг партиялар ҳисобланади. “Миллий тикланиш” – классик ўнг қанот партия бўлса, ЎзЛиДеП иқтисодий масалаларда ўнг, сиёсий масалаларда эса марказ ёки сўлроқ позицияни эгаллайди. Қолаверса, бу икки партиянинг иттифоқчилиги бугун бошлангани йўқ: улар охирги президентлик сайловида ягона номзодни илгари сурди.
20 йил олдинги блок тузилган пайтда, Ўзбекистон ғарбга анча яқинлашган, ички сиёсатда демократик ислоҳотларни кўрсатишга уринаётган давлат эди. 2005 йилнинг февралида бир нечта мақсадлар билан тузилган блок, май ойига бориб, Андижон воқеаларидан кейин ўзининг сиёсий ғоясини, аҳамиятини йўқотади. Ўзбекистонда бошқа, жуда қаттиққўл сиёсий кайфият ҳукм сура бошлайди.
Ўзбекистон қонунчилигида юқорида айтлиган “парламент кўпчилиги”дан ташқари, “парламент мухолифати” тушунчаси ҳам бор. Бирон бир партия кўп ўрин олса, ёки бир қанча фракциялар бирлашиб кўпчилик ўринни ташкил қиладиган блок тузса, бу “парламент кўпчилиги”ни ташкил қилган бўлади. Айни пайтда, қолган партияларда ўзини мухолифат деб эълон қилиб, регламентда мухолифат учун кафолатланган қўшимча ҳуқуқларни олиш имконияти бор. Мухолифатда ҳар бир қонунчилик лойиҳасига қарши ўзининг лойиҳасини киритиш, ялпи мажлис баённомаларига ўз позициясини киритиш ҳуқуқи бўлади.
Ўтган сафар, яъни 2005 йилда Ўзбекистон учун ташқи дунё кўз ўнгида маълум сиёсий имитациялар муҳим бўлган бўлса, бугунги Ўзбекистон учун ички динамика, ички ислоҳотлар масаласи муҳимроқ бўлиши керак.
Сиёсатшуносликда “ижтимоий амортизаторлар” деган тушунча бор. Автомобил амортизатори каби, ижтимоий амортизаторлар жамиятни ва давлатни қаттиқ зарбалардан сақлаши, ҳимоя қилиши керак. Автомобил йўлида чуқурлик ёки тошлар бўлса, амортизатор зарбани ўзига олади ва уловга унинг таъсирини камайтириб беради. Ижтимоий амортизаторлар ҳам жамиятдаги яширинча ва ошкора норозиликларни илғаши, уларни ечиш учун чора-тадбирлар кўриши керак. Ўзбекистон Конституциясига кўра, мана шундай ижтимоий амортизаторлар сифатида парламент, партиялар, ОАВ, фуқаролик жамияти ва бошқа институтлар ишлаши зарур.
Ҳозирги давр – муқобилликлар даври. Агар жамият, одамлар давлат институтларига ишонмаса, муқобил институтлар излай бошлайди. Давлат ва унинг институтларига мурожаат қилишдан тўхтайди. Натижада, давлат ва унинг институтлари одамлар учун легитимлик маркази, ишонса ва суянса бўладиган институтлар сифатида кўрилмайди. Бундай ҳолатда 3–5 йил ичида инқирозли сиёсий вазият юз бериш эҳтимоли ошади.
Парламент халқ учун, жамият учун ғоялар, қарашлар ва сиёсий легитимлик маркази бўлиши керак. Одамлар президентга ва парламентга тўлиқ ишониши ва ўз муаммолари билан мурожаат қилишлари керак. Биринчи маъмурият даврида ҳукуматда парламентга нисбатан ишончсизлик бор эди: парламент кучайса, ижро ҳокимияти учун муаммо бўлади деган. Бироқ бу тўлиқ нотўғри қараш эди. Ривожланган демократик давлатларда ҳам парламент ва ижроия ҳокимияти, парламент ва президентлик ҳокимияти ўртасида зиддиятлар жуда кам кузатилади. Ҳаммаси сиёсий маданиятга боғлиқ.
Парламент ва сиёсий партиялар – жамиятнинг муаммоларини энг самарали каналлаштирадиган институт, миллий тафаккур маркази бўлиши лозим. Кучли парламент – кучли давлатни, кучли президентлик институтини англатади. Ва бундай ҳамоҳанглик, бундай ҳамкорликни шакллантириш – мураккаб бўлмаган сиёсий санъат деб қаралиши зарур.
Бугун Ўзбекистонга кучли парламент керак. Ва Қонунчилик палатасида кўпчиликни ташкил қиладиган “Тараққиёт блоки” тузилиши ўз ўрнида парламентимиздаги сиёсий рақобатни, сиёсий жўшқинликни кучайтириши лозим.
Камолиддин Раббимов,
сиёсатшунос
Тавсия этамиз
Трампни сийлаган араблар, музлатилган савдо уруши ва амалга ошмаган “дуэл” — Геосиёсий ҳафта таҳлили
Жаҳон | 16:04 / 17.05.2025
Таҳдид ва тарих ҳақида ваъз: Истанбул музокараларида нималар дейишди?
Жаҳон | 13:33 / 17.05.2025
Ҳайдовчилар учун қатор енгилликлар эълон қилинди
Ўзбекистон | 18:04 / 16.05.2025
Шаҳарларда йўл таъмирлаш ишлари фақат тунда амалга оширилади
Ўзбекистон | 17:20 / 16.05.2025
Сўнгги янгиликлар
-
Хитойда сунъий ёмғир ёғдириш бўйича тажриба ўтказилди
Фан-техника | 02:08
-
Трампнинг Путинга нисбатан сабри тугашни бошлади — Финландия президенти
Жаҳон | 01:36
-
Франция Жанубий Америка жунглиларида қаттиқ тартибли қамоқхона қуради
Жаҳон | 23:27 / 18.05.2025
-
Исроил армияси Ғазо секторида кенг кўламли қуруқликдаги ҳарбий ҳаракатларни бошлади
Жаҳон | 23:13 / 18.05.2025
Мавзуга оид

10:04 / 12.05.2025
“Моно-марказларда ўқитилган 74 минг киши иш билан таъминланмаган” – депутат

11:10 / 30.04.2025
Парламентда ғоялар тўқнашуви: Навбатдаги ялпи мажлис қандай ўтди?

08:56 / 25.04.2025
Ўзбекистонни қизамиқдан холи ҳудуд мақомини тиклаш бўйича тавсиялар ишлаб чиқилди

18:00 / 23.04.2025