Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Полша снаряд ишлаб чиқаришни 5 бараварга оширади
Полша НАТО давлатлари орасида мудофаа учун энг кўп маблағ сарфламоқда. Аммо уларнинг аксарияти чет эллик етказиб берувчиларга чиқиб кетади. Энди эса мамлакат ҳукумати миллий ишлаб чиқаришни қўллаб-қувватлашга эътибор қаратмоқчи.

Фото: AP
Полшанинг PGZ давлат мудофаа концерни артиллерия снарядларини ишлаб чиқаришни беш бараварга — йилига 180 мингтагача ошириш ниятида. Бу ҳақда давлат активлари вазири Якуб Яворовский маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, Полша импорт қуролларига бўлган қарамликни қисқартириш ва ўзини Россия таҳдидларидан ҳимоя қилиш мақсадида гаубицалар учун снарядлар ишлаб чиқаришни беш бараварга оширади.
«Бизнинг қисқа муддатли мақсадимиз — бу турдаги қуролларни ишлаб чиқаришни сезиларли даражада ошириш ва чет эллик етказиб берувчилардан мустақил бўлиш, миллий автономия учун барқарор асос яратиш», — дейди Яворовский.
PGZ снарядлар ишлаб чиқаришни кўпайтириш учун яқин кунларда 663 миллион доллар олади. Қўшимча сармоя киритилиши 155 ва 120 миллиметрли снарядлар ишлаб чиқариш ҳажмини оширишга хизмат қилади.
PGZ ҳозирда йилига йирик калибрли снарядлардан 30 мингта ишлаб чиқаради, аммо уч йил ичида ушбу кўрсаткични 150—180 мингга етказишни режалаштирмоқда.
Financial Times’нинг ёзишича, Полша НАТО давлатлари орасида мудофаа учун энг кўп маблағ сарфламоқда: 2025 йилда ушбу мудофаа харажатлари учун ЯИМнинг 4,7 фоизини йўналтирилади. Аммо маблағларнинг аксарияти чет эллик етказиб берувчиларга, асосан АҚШ ва Жанубий Кореяга чиқиб кетади. Энди Полша ҳукумати миллий ишлаб чиқаришни қўллаб-қувватлашга эътибор қаратмоқчи.