Ўзбекистон | 11:18 / 23.03.2025
9217
7 дақиқада ўқилади

«Чунки пули тугайди» — Алишер Қодиров сайловдан кейин партиялар жим бўлиб қолиши ҳақида

Ўзбекистондаги сиёсий партияларнинг асосий молиявий манбайи – давлат бюджети. Агар сайловчилар партияларни қўллаб-қувватлашда фаол бўлганида эди, аъзолик бадаллари ва ҳомийлик маблағлари асосий ўринда бўларди, дейди депутат Алишер Қодиров. Партия раҳбарининг айтишича, жами 22 миллионга яқин сайловчидан у ёки бу сиёсий партияга аъзо бўлганлари сони 2 миллионга боради ёки бормайди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, «Миллий тикланиш» демократик партияси раиси Алишер Қодиров «Фикр етакчилари» подкастида қатнашиб, Ўзбекистон парламенти ва депутатларнинг етарлича фаол эмаслигига оид саволларга жавоб берди.

– Ўзбекистон парламенти вакиллари сайлов вақтида бироз фаоллашади, кейин яна сув қуйгандек жимжит бўлади. Ҳеч ким уларни эшитмайди. Бунинг сабаби нимада, сайловдан кейин депутатлар қаерга кетади?

– Сайлов вақтидан кейин жим бўлиб кетиши ҳақида… Тадбиркор одамсиз, маблағингиз бўлмаса, бирор иш қила оласизми? Мана, сиёсий партияларнинг молиявий ҳолати овозининг баландроқ ёки пастроқ бўлишига олиб келади.

Энди, сайлов пайтида нима учун партиялар фаоллашади? Чунки амалдаги қонунчиликка кўра, бюджетдан сайлов учун партияларга маблағ ажратилади ва партиялар ўша маблағ даражасида тарғибот тадбирларини амалга оширади, яъни молиявий таъминланган пиар ҳаракат давом этади.

Сиёсий партияларнинг молиявий манбалари нима? Булар 3 та: аъзолик бадалларидан тушадиган маблағлар, ҳомийликдан тушадиган маблағлар ва қонунчиликка асосан, сиёсий партияларнинг парламент сайловларидаги ўринларига қараб бюджетдан, яъни сайловчиларнинг пулларидан ажратилган тенг миқдорлар.

Энди мен сизга айтаман, давлат бюджети масаласида, сиёсий партияларни молиялаштиришга доир амалдаги қонун бор. Ҳозирги кунда сиёсий партияларнинг асосий молиявий манбалари айнан давлат бюджетидан оладиган маблағлардир. Бу – жаҳонда мавжуд тажриба, бу фақат бизда эмас, демократик давлатлар орасида ҳам мавжуд масала. Партияларни хориждан молиялаштириш тақиқланган, нима учун? Чунки сиёсий партиялар жуда катта институт, таъсир кучига эга.

Бугунги кунда бу манба сиёсий партияларнинг асосий молиявий манбаси бўлиб қолмоқда, биринчидан. Иккинчидан, сайлов пайтларида амалдаги қонунчилик бўйича ҳомийлик маблағларини жалб қилсангиз, ўша маблағлар партияларга тенг тақсимланади. Яъни жалб қилган маблағингизни ўзингиз ишлатмайсиз, у сиёсий партияларга тенг тақсимланади. Буни тўғри ёки нотўғрилиги ҳақида гаплашмоқчи эмасман. Мен ҳозирда амалдаги қонунчилик бўйича гапиряпман. Сиз савол бердингиз: нима учун сайловдан кейин жим бўлиб қолади? Чунки пули тугайди.

Энди иккинчи масалани кўриб чиқамиз. Агар сиёсий партияларнинг асосий масаласи – электорат, яъни сайловчиларнинг сиёсий партияларни қўллаб-қувватлаши фаол бўлганда эди, сиёсий партияларнинг асосий молиявий манбалари бюджетга эмас, аъзолик бадаллари ва ҳомийликдан тушадиган маблағларга боғлиқ бўларди. Бизда аъзолик масаласи шундай: бугунги кунда 22 миллионга яқин сайловчилар бўлса, реал ҳисоб-китоб қилинса, бешта сиёсий партияга аъзолар сони 2 миллионга боради ёки бормайди.

Мен ҳатто, биласизми, партияга биринчи келган пайтимизда ўша аъзоларимизнинг ҳаммасини олиб, таҳлил қилишни бошладим. Тасодифий аъзолар, паспорти билан аъзо бўлган, ҳатто ўзи аъзолигини билмайдиган қатламларнинг ҳаммасини чиқаришга топшириқ бердим. Яъни аъзо бўлган одам шу партияга аъзо бўлиш ва шу ғояни қўллаб-қувватлайдиган инсонлар қолиши керак, деганимдан кейин бизнинг аъзоларимиз кескин кўпайди. Бугунги статистикадан кўришингиз мумкин, бизнинг партиянинг аъзолари оз, адашмасам.

Энди сиёсий партия нима билан фаол бўлади? Нима учун у жамиятда сиз ўйлаган, мана сиз хоҳлаган сиёсий партияга келади – сайловчиларининг қўллаб-қувватлаганидан кейин шу ҳолатга келади. Мана энди сиёсий тафаккур мавзусига келамиз. Ўзбекистондаги аҳоли сиёсий тафаккур ва умуман сиёсатга аралашмасликка ундалади, деб айтяпмиз-ку. Сиёсатга аралашма дегани учун одамлар сиёсатга аралашмай қўяётгани йўқ. Биз учун янги бўлган институтлар масаласида одамлар ҳали кўп нарсани билиши керак. Бу вақт талаб қиладиган масала.

Мисол тариқасида айтаман. Қонунчилик палатаси депутати нима иш билан шуғулланади ва унинг ваколатлари қаерда тугайди? Маҳаллий кенгаш депутатлари ваколатлари қандай қонунчилик бўйича, улар нима билан шуғулланиши мумкин? Уларнинг ваколатлари қаерда бошланиб, қаерда тугайди?

– Яъни улар билмайди деяпсизми?

– Ҳар бир қонунчилик палатаси депутати бир ойда бир марта ўзини сайлов округига чиқиб, сайловчилар билан учрашади. Сайловчилар билан учрашув бўлган пайтда 90-95 фоиз маиший муаммолар кўтарилади. Қонунчилик палатасидан келган депутатнинг олдига асфалт ёки столба каби маиший масалалар келиб тушади. Ваҳоланки, қонунчилик палатаси депутати бу масала бўйича фақатгина тегишли тартибда ташкилотларга мурожаат қилиш ваколатига эга. Масаланинг ечими маҳаллий кенгаш депутатлари маҳаллий даражада бюджетни тақсимлашда бўлса, шу ерда масала ҳал қилиш билан боғлиқ.

Бизнинг партиямизда бешта жуда бой ҳомийларимиз бор. Давлат ташкилотлари эмас, тадбиркорлар. Бу ҳомийлар кимдир топшириқ бергани учун эмас, ростдан ҳам партиямизнинг ғояларини қўллаб-қувватлагани учун ҳомий.

– Нега унда сизларда сайловдан кейин пул қолмайди? Нега депутатларда эркин фикрлаш, танқид ва ўзининг қарашларини чиқиб гапириш бўлмаяпти? Булар пулга боғлиқ эмас-ку.

– Менимча, эркин фикрлаш масаласи бўйича бўладиган бўлса, мана, сизга савол, депутатларни билмаслигингиз сизнинг муаммонгизми ёки депутатларнинг эшитилмаслиги? Масалан, мана, овозинглар чиқмайди, деяпсиз. Овозимиз балки чиқаётгандир, кимдир эшитмаётгандир.

Масалан, мана мисол: яқинда бўлган, парламентда йиғилишда Қонунчилик палатасида таклиф қилинган Меҳнат кодексига ўзгартириш бизнинг партия ташаббуси билан рад этилди. У ерда тўртта муҳим ўзгаришлар қонунчиликка, кодексга киритилаётган эди. Биз иш берувчи, яъни сизга ўхшаган тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш нуқтайи назардан бу қонунга киритилаётган ўзгаришларни нотўғри деб ҳисобладик. Олдин фракцияда тўполон қилдик, масалани кўтардик. Саҳифа партияларида ёритдик. Ялпи мажлисда кўпгина депутатлар бизнинг фикримизга қўшилди, бу қонун қўмитага қайта ишлаш учун қайтарилди. Мана, битта жараён бўлди. Сиз буни кўрмадингиз-ку, сиз буни кузатмадингиз.

Мен кимгадир айб юкламоқчи эмасман, биз ўзгариш жараёнидамиз. Депутатлар ҳам идеал ишлаяпти, демоқчимасман. Икки томон ҳам шаклланяпти.

Мавзуга оид