Жаҳон | 18:43 / 29.06.2025
17098
11 дақиқада ўқилади

Уруш тугади, раҳбар бункердан чиқди – ҳафта дайжести

Ассалому алайкум. Бугун 29 июн, якшанба. Ёзнинг энг иссиқ ойи бошланмоқда. Барчамизга бу ойни блэкаутларсиз, коммунал узилишларсиз ўтказиб олишни тилайман. Ортда қолаётган ҳафтада Эрон ва Исроил ўртасидаги уруш тугади. Эрон олий раҳбари бункердан чиқиб, халқини «АҚШ ва Исроил устидан ғалаба билан» табриклади.

Кейинроқ Эрон Америка билан музокара ўтказишга, Вашингтон эса Эрон фуқаровий ядро дастурига 30 миллиард доллар инвестиция киритишни ўйлаётгани ҳақида хабарлар чиқди.

Зўр а? Сиз «Ана, уруш бошланди, энди фалон давлат фалон давлатни қириб ташлайди», дейсиз, эрталаб уйғониб Telegram-каналлардаги кўпи ёлғон хабарларни ўқиб, кун бўйи уруш таъсирида юрасиз. Бир давлат «қасос байроғини» кўтариб, бошқа давлатга «Энди сени океанингга кўмаман», дейди. Бошқа давлат қирувчи самолётларини душмани осмонида худди варрак учиргандек учириб, тонналаб бомба ташлайди. Бир қарашда ҳаммаси тушунарли: душманлик авжида, сизнинг юрагингиз янада ҳапқириб уради. Лекин...

Ажойиб кунларнинг бирида худди шу душманлар бир-бири билан мулоқот қилишга, ҳатто «ядро дастурига инвестиция киритишга тайёрлиги» маълум бўлади. Худди бу сиёсатчилар бошқа дунёда, биз эса бошқа – параллел дунёда яшаётгандекмиз. Бир неча дақиқа вақтингизни аямасангиз, дунёда ҳафта давомида нималар бўлганини биргаликда ёдга оламиз.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Уруш тугади

Демак, ҳафтанинг энг муҳим воқеаси Эрон – Исроил уруши тугагани бўлди. Қисқача 12 кун давом этган урушда нималар бўлганини эсласак. Демак, урушни Исроил бошлади. Тел-Авив Эрон ядро қуроли ясашга яқинлашди, деган абсурд иддао билан Эрон шаҳарларини бомбалади. Ҳужумнинг биринчи тўлқинида Исроил Эрон ядро дастурининг муҳим одамлари экани айтиладиган олимларни ўлдирди. Уларнинг квартираси ичигача аниқ зарба берди. Дарвоқе, Исроил самолётлари Эронга зарба беришидан аввал Моссад агентлари Эрон ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимига мамлакат ичидан туриб зарба бергани учун Эрон Исроил самолётларига қаршилик қилолмаган.

Кейин Эрон Исроил шаҳарларини бомбалашни бошлади. «Темир гумбаз» бирин-кетин ракеталарни ўтказиб юборди, чунки Эрон жуда кўп ракета учирди. Шу тариқа икки давлат 12 кун бир-бирига ракета отди ва... энг охирида урушга Америка деган давлат қўшилди. «B-2» бомбардимончи самолётлари Америкадан учиб бориб Эрондаги учта ядро объекти, хусусан, тоғ остидаги Фордо заводига зарба йўллади. Баҳайбат «B-2» ва бошқа қирувчи самолётлар Эрон осмонидан учиб ўтишида ҳеч қандай қаршиликка учрамаган.

Америка ҳужумига жавобан Эрон Қатардаги америкаликлар базасига ракета учирди. Араб давлати барча ракеталар тутиб қолинганини хабар қилди. Шу билан уруш тугади. Америка ҳар икки томонни бас қилишга чақирди. Исроил самолётлари Трампнинг постидан кейин навбатдаги зарба учун учиб кетаётган жойидан ортга қайтарилди.

Бу урушда ҳеч ким ютмади. Исроилда инфратузилма 3 миллиард доллардан ортиқ зарар кўргани айтилди. Эрон ядровий объектлари жиддий зарар кўрди. Исроил ва АҚШ самолётлари Эрон осмонида бемалол парвоз қилиб операция ўтказганига қараганда, Теҳрон ҳаво мудофааси билан боғлиқ жиддий муаммога учраган. Хуллас, икки томон ҳам ўз фуқароларига урушда ғалаба қозондик, деб мақтанди. Лекин урушда ҳеч ким ютгани йўқ.

Раҳбар бункердан чиқди

Эрон олий раҳбари Али Хоминаий урушнинг охирги кунларида кўринмай қолганди. Умуман, уруш бошлангач, раҳбар фақат икки марта чиқиш қилди. Дарвоқе, Эронда Хоминаийни раҳбар дейишади. Раҳбар уруш бошлангач бункерда жон сақлагани ҳақида кўплаб нашрлар ёзди. Бу орада Хоминаий атрофида миш-мишлар кўпайди. Бироқ АҚШ воситачилиги ва босимидан кейин уруш тугаб, Эрон лидери яна пайдо бўлди, кейин барча эронликларни «Исроил ва АҚШ яксон қилингани билан» табриклади.

Доналд Трамп тезда Хоминаийнинг табригига муносабат билдириб, уни ўлимдан қутқариб қолганини айтди. «Мен уни даҳшатли ва шармандали ўлимдан қутқариб қолдим. Бу учун «раҳмат, президент Трамп», демаса ҳам майли», деб ёзди Трамп ўз саҳифасида.

Шунингдек, Америка президенти урушдан аввал Эрондан баъзи чекловларни олиб ташлашни ўйлагани, лекин бунга жавобан ғазабнок баёнотларни эшитгач, фикридан қайтганини қўшимча қилди. Афтидан, Reutersʼнинг Трамп Исроилдан Хоминаийни ўлдирмасликни сўрагани ҳақида хабари ростга ўхшайди...

Эрон АҚШ билан музокарага тайёр

Энди ҳафтанинг энг қизиқ хабарига етиб келдик. Кечагина «АҚШ устидан ғалаба қозонганини» эълон қилган Эрон Вашингтон билан музокарага тайёр экан. Бу менинг эмас, Эрон ташқи ишлар вазири Аббос Арақчининг гапи. Унинг сўзларига кўра, музокара бошланиши учун мистер Трамп оҳангини юмшатиши керак экан.

Ўз навбатида АҚШ ҳам Эрон билан ядровий келишув борасида музокара ўтказмоқчи. Яъни Эрон ядро дастуридан, уранни бойитиш фикридан қайтиб, фақат тинч ядро дастуринигина сақлаб қолса, америкаликлар Теҳронни пулга кўммоқчи. Трамп НАТО саммити вақтида Эрон билан тез орада музокара ўтказилишини эълон қилди.

Аввалроқ CNN Трамп маъмурияти вакилларига таяниб агар Эрон уранни бойитишни тақиқласа, АҚШ мамлакатдаги фуқаровий ядро дастурларига 30 миллиард долларгача инвестиция киритишни ўйлаётгани ҳақида ёзганди. Бу ҳали таклиф ва ўрганиш жараёнида. Трамп бу маълумотни фейк деб атади, лекин жаноб Трамп иккинчи муддатида доим ҳам рост гапирмаяпти. CNN билан суҳбатлашган мулозимнинг айтишича, Эрон тинч атом дастури учун инвестицияни АҚШ киритмайди. Мулозим бу араб давлатларидан бирортаси бўлишига ишора қилган.

Трамп НАТО саммитига борди

Ҳафта давомида Нидерландиянинг Ҳаага шаҳрида НАТО саммити ўтказилди. Бу чинакам муҳим воқеа бўлди, чунки Шимолий Атлантика алянсининг бу галги йиғилишига АҚШ президенти Трамп, Пентагон раҳбари Ҳегсет ва давлат котиби Рубио ҳам борди. Аввалги йиғилишларга Трамп ўзи бориши тугул мулозимларини ҳам видеоформатда қатнаштираётганди.

Иккинчи муддатини бошлаган мистер Трамп бутун дунё тартиботини ўзгартиришга уриниб, очиқчасига АҚШ ортиқ Европа давлатлари учун туриб бермайди, НАТОни ёпиш керак, у ердагилар бизнинг пулимизни еб ётибди, деган мазмунида гапирди. Лекин орада нимадир ўзгарган кўринади, Трамп яна НАТО саммитига бориб, яна коллектив мудофаага содиқлигини айтди.

Саммитда Россия алянснинг энг катта душмани сифатида гапирилди. Трамп Россия ҳеч қачон НАТОга ҳужум қилмаслигига сўз берди. Йиғилишнинг энг муҳим воқеаси эса НАТО аъзолари 2035 йилгача мудофаа харажатларини ЯИМ ҳажмининг 5 фоизигача етказишга келишиб олгани бўлди. Трамп бу учун Европа давлатларига анчадан буён босим ўтказиб келаётганди.

Зеленский ва Трамп учрашди

НАТО саммити доирасида Доналд Трамп Украина президенти Володимир Зеленский билан учрашди. 50 дақиқа давом этган учрашувда икки президент Украинадаги урушни муҳокама қилган. Зеленский Patriot комплекслари сотишни сўради. Трамп учрашувдан кейин Зеленскийни ажойиб югит деб атади. Учрашув давомида икки президент бирор марта урушиб талашишмади, ҳеч ким Зеленский костюм киймаганини иддао қилмади. Биласизми нега? Чунки учрашувда АҚШ президенти Жей Ди Вэнс қатнашмади.

Конго ва Руанда келишув имзолади

АҚШ президентлари ичида биринчи бўлиб Эронга ҳужум қилган Доналд Трамп иккинчи муддатида ўзини тинчликпарвар деб атаб келади. Трамп маъмурияти Россия ва Украина ўртасидаги урушни тугата олмаган бўлса-да, бошқа икки давлат ўртасида сулҳ имзоланишига эришди.

Африкада низоли ҳудудлар жуда кўп. Хусусан, Конго ва Руанда 30 йилдан буён низо ҳолатида. 27 июн куни ҳар икки давлат ташқи ишлар вазирлари Вашингтонда тинчлик келишуви имзолади. Улар иштирокидаги маросимни Марко Рубио бошқарди. Келишувга кўра, Руанда 90 кун ичида Конго шарқидан ўз қўшинларини олиб чиқиб кетади.

Трамп Конго ва Руанда ўртасидаги тўқнашувни энг ёмон урушлардан бири деб атади. Трампга кўра, келишув эвазига АҚШ Конгодаги ноёб конлардан фойдали қазилмаларга ҳақдор бўлади. У келишув бузилса, жиддий санкциялар ва бошқа кўринишда жавоб бўлишини эслатди.

Трамп Путин билан учрашмоқчи. Яна

АҚШ президенти Трамп НАТО саммити доирасида Туркия президенти Эрдўған билан ҳам учрашди. Бу учрашувдан кейин жаноб Эрдўған навбатдаги марта Трамп Туркияда Путин билан учрашишга тайёрлигини айтганди. Туркия лидери аввал ҳам бундай чиқиш қилганди. Ўшанда Путин Украина билан музокарани тиклашга тайёрлигини айтгач, Зеленский Туркияга бориб Путинни яккама-якка учрашувда кутишини айтганди. Лекин жаноб Путин кутилганидек учрашувга бормай, ўрнига ёрдамчиси ва бир гуруҳ экспертларни юборганди. Ўшанда ҳам Трамп Путин борса, Истанбулга мен ҳам бораман, деганди. Кўрамиз, бутун дунё лидерларининг Путинни Истанбулга олиб боришга қаратилган иккинчи уриниши нима билан тугаркин.

Пентагон Фордога зарба видеосини кўрсатди

АҚШ Эрондаги тоғ остида жойлашган Фордо уранни бойитиш заводига зарба бериши амалда Исроил ва Эрон урушидаги ҳал қилувчи нуқта бўлганди. Бу ҳужумдан икки кун ўтиб Эрон Қатардаги Америка базасига зарба йўллаб, уруш тугаганди. ОАВда АҚШнинг «Б-2» қирувчилари билан Фордога зарба йўллагани амалда Эрон ядро дастурига зарар етказмагани ҳақида хабарлар чиққанди. Шу боис Пентагон бутун бошли матбуот анжумани ўтказиб, Фордога берилган зарба ёзиб олинган барча кадрларни кўрсатди. Доналд Трамп Situation Roomʼда туриб операцияни қандай кузатган бўлса, амалда журналистларга ҳам худди шундай имконият яратилди. Кўрсатилган кадрлар бомбардимончи самолётдан, қирувчи самолётлардан, баъзи кадрларга қараганда ҳатто объектдаги хавфсизлик камераларидан ҳам ёзиб олинган.

Пентагон кўрсатган видеода тоғ остидаги бинонинг бункерга ўхшаган эшигидан ракета ташлангач олов бурқиб чиққани кўринади. Операцияни бошқаришда иштирок этган ҳарбийнинг айтишича, зарба амалга оширилган тунда завод атрофи худди кундуз кунидай ёришиб кетган.

Ана шунақа гаплар. Бизда ҳозирча шулар. Бу сизларга етказмоқчи бўлган хабарларимизнинг охиргиси эди. Ҳафталик дайжест кўрсатуви билан кейинги якшанбада кўришгунча. Умид қиламиз, кейинги ҳафтада хабарларимиз уруш ҳақида эмас, илм-фан, ижтимоий ҳаёт ва коммунал янгиликлар ҳақида бўлади. Ичида уруш ҳақида гап йўқлиги учун видео кўп кўрилмаса ҳам майли.

Ўткир Жалолхонов тайёрлади.
Тасвирчи ва монтаж устаси – Фахриддин Ҳотамов.

Мавзуга оид