Ўзбекистон | 19:01 / 05.04.2025
3399
5 дақиқада ўқилади

“Ҳар қандай лойиҳани, албатта, экологик экспертизадан ўтказамиз” – экология вазири АЭС ҳақида

5 апрел, Самарқанд иқлим форумининг 2-куни турли сессияларда давом этди. Сув ресурслари, яшил иқтисодиёт ва минтақа юзлашаётган иқлим инқирози муҳокама қилинди. Экология вазири Азиз Абдуҳакимовга кўра, Ўзбекистоннинг турли ҳудудларида экологик лойиҳаларни амалга ошириш учун Жаҳон банки 142 миллион доллар ажратади. Вазир минтақада қуриладиган АЭС хусусидаги саволга ҳам жавоб берди.

Фото: Kun.uz

4 апрел куни бошланган Самарқанд иқлим форуми эртасига турли мавзулар муҳокамаси, панел сессиялари билан давом этди. Форум очилиш маросимида Марказий Осиёнинг беш президенти, Европа кенгаши ва Европа комиссияси президентлари, БМТ институтлари вакиллари қатнашди. БМТ бош котиби Антонио Гутерриш онлайн мурожаат билан чиқди. Экологик инқироз бутун дунёни қамраб олди, охирги ўн йилликда энг иссиқ кунлар, энг иссиқ ойлар қайд этилди, деди бош котиб.

“Ҳаво исиб бораётганини Марказий Осиёда ҳам аниқ ва равшан кўриб турибмиз – қурғоқчилик, бўронлар буни исботлайди. Бу инқироз фақат кучайиб боради, иқтисодларни вайрон қилади, инсонлар ҳаётини оғирлаштиради, ҳаёт учун зарур бўлган ресурсларни йўқ қилади. Бундан ташқари, сув ва озиқ-овқат хавфсизлигини таҳдид остига қўяди. Иқтисодий фалокатлар аҳолига қандай зарар етказишини Орол денгизи мисолида кўрдик” – Антонио Гутерриш, БМТ бош котиби

Форум очилиш сессиясида нутқ сўзлаган Европа комиссияси президенти эса Марказий Осиё билан энди алоқалар стратегик шериклик даражасига кўтарилгани, бу шериклик марказида эса иқлим ўзгаришига қарши умумий кураш туришини таъкидлади.

“Яшил энергетикага ўтиш – иқтисодий имкониятлар ҳам дегани. Тожикистондаги Роғун, Қирғизистондаги Қамбарота ГЭСлари нафақат бу мамлакатлар, балки қўшни давлатлар учун ҳам энергия ишлаб чиқаради. Бизнинг савдо коридорларимизни ҳам айнан шу икки станция энергия билан таъминлаши мумкин. Иқлим инқирози – реал, у бизнинг умумий вазифамиз” – Урсула фон дер Ляйен

Марказий Осиё юзлашаётган таҳдидларни эса 5 апрел куни минтақа экология вазирлари ва соҳа раҳбарлари муҳокамадан ўтказди. Ўзбекистон экология вазири Азиз Абдуҳакимовга кўра, мамлакатдаги экологик лойиҳалар, хусусан, ўрмонларни ҳосил қилиш учун Жаҳон банки 142 миллион доллар маблағ ажратишга қарор қилган.

“Иқлим ўзгариши, биохилмахиллик ва экотизимларни сақлаш, шунингдек, ердан барқарор фойдаланишни яхшилаш учун минтақавий грант лойиҳалари портфелини кенгайтиришни давом эттиряпмиз. Бу ҳозирги вақтда 84 миллион долларни ташкил этади. Грант маблағларини жалб қилишнинг энг йирик ютуғи Глобал экологик жамғарма томонидан экотизимларни тиклаш ва табиий ресурсларни бошқаришни яхшилаш учун Марказий Осиёнинг сув ва ер ресурслари ўртасидаги боғлиқликни мустаҳкамлашга қаратилган минтақавий дастурни амалга оширишга 26 миллион доллар ажратилиши бўлди. Ушбу сессия якунида мазкур лойиҳани амалга ошириш бўйича ниятларимизни тасдиқловчи ҳужжатни имзолаймиз” – Азиз Абдуҳакимов, Ўзбекистон экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири 

Форум очилишида сўзга чиққан Қозоғистон президенти мамлакатида АЭС қурилиши, бу энергетик ва иқтисодий хавфсизлик учун зарурлигини айтган эди. Ўзбекистон ҳам АЭС қуришга бел боғлаган. Хўш, бу энергетик лойиҳалар минтақанинг стратегик шериги Европа Иттифоқи стандартларига мос келадиган қилиб қуриладими? Азиз Абдуҳакимовга кўра, ҳар қандай лойиҳалар, албатта, экологик экспертизадан ўтказилади.

“Албатта, биз Экология вазирлиги сифатида амалга оширилаётган лойиҳаларни экологик экспертизадан ўтказамиз. Ўзбекистонда қонунчилик мавжуд, шу ҳужжатларга қанчалик мос ёки мос эмаслигини текширамиз, хулосаларимизни берамиз. Урсула фон дер Ляйен хоним Европага ишонсангиз бўлади, деб айтди. Бу қуруқ гап эмас. Иттифоқ қабул қилган инвестицион пакет доирасида янги технологиялар ҳам кириб келади. Очиғини айтиш керак, аввал бизнинг қўлимиз етмасди бу технологияларга” – Азиз Абдуҳакимов, Ўзбекистон экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири

Эслатиб ўтамиз, Европа Иттифоқи 4 йўналишга жами 12 млрд евро ажратиладиган йирик инвестицион пакет эълон қилди. Транспорт коридорлари, муҳим хомашёлар, тоза ва яшил энергия, рақамли боғлиқлик: сунъий йўлдош орқали юқори тезликда интернетга уланиш лойиҳалари учун бу маблағлар сарфланади.

Мавзуга оид