Ўзбекистон | 23:33 / 23.06.2025
23401
2 дақиқада ўқилади

Президент администрациясининг қатор ходимлари лавозимдан озод этилди

Хусусан, Президент администрацияси Назорат инспекцияси бошлиғи Саидлазиз Саидкаримов лавозимдан олинди. Олдинроқ у президент танқидига учраган ва мазкур инспекция тугатилган эди.

Саидлазиз Саидкаримов ва Ўткиржон Қодиров

Ўзбекистон президентининг фармони билан Президент администрациясининг қатор ходимлари эгаллаб турган лавозимларидан озод этилди, деб хабар беради президент матбуот котиби Шерзод Асадов.

Хусусан, Саидлазиз Саидкаримов бошқа ишга ўтиши муносабати билан Ўзбекистон Президенти администрацияси Назорат инспекцияси бошлиғи лавозимидан озод этилди.

16 июн куни Шавкат Мирзиёев Президент администрацияси Назорат инспекцияси фаолиятини қаттиқ танқид остига олиб, уни бугуноқ тугатишга топшириқ берганди. Саидлазиз Саидкаримов назорат инспекциясига 2022 йил августидан буён раҳбарлик қилиб келган, у президент топшириқлари ижросига масъул бўлган ва уларга совуққонлик билан ёндашган раҳбарларга чора кўриш бўйича таклифлар киритиб бориши керак эди.

Шунингдек, Ўткиржон Қодиров Президент администрацияси Ҳудудлар билан ҳамкорлик қилиш ва таҳлилий материалларни тайёрлаш департаментининг раҳбари лавозимидан олинди.

Ўткиржон Қодиров 1984 йил Сурхондарё вилояти Сариосиё туманида туғилган. Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети ҳамда Ўзбекистон Республикаси Стратегик таҳлил ва истиқболни белгилаш Олий мактабини тамомлаган.

У Давлат божхона қўмитаси раиси ўринбосари ҳамда Қашқадарё вилояти ҳокими ўринбосари лавозимларида фаолият юритган.

Бундан ташқари, Жахонгир Ибрагимов бошқа ишга ўтиши муносабати билан Ўзбекистон Президенти администрацияси Режалаштириш ва ахборот таъминоти департаменти раҳбари ўринбосари лавозимидан озод этилди.

Мавзуга оид