Ғаройиб одам — 33 йилдан буён умри осмонда ўтаётган йўловчи ҳақида ҳикоя
1990 йилда Американинг United Airlines авиакомпанияси реклама доирасида ғалати таклиф билан чиқади. Хоҳловчиларга умрбодлик авиачипта сотиб олиш таклиф этилади. Чиптанинг нархи анча қиммат эди, уни фақат бир киши сотиб олади. Ўшандан буён орадан 33 йил вақт ўтди. Чипта соҳиби бўлган шахс ҳамон дунё бўйлаб парвоз қилиб юрибди.

Фото: washingtonpost.com
Бугун эркин бозор муносабатлари билан ишлайдиган Ғарб компаниялари рекламага ҳар йили миллиардлаб пул тўлашади. Масалан, 2021 йилда АҚШнинг йирик компаниялари реклама учун 81 миллиард доллар сарфлашган. Улар орасида энг кўп маблағни Amazon ишлатган – 10,43 миллиард доллар.
Кескин рақобат шаклланган бозорда компаниялар реклама беришда турли усуллардан фойдаланишади. Телеканалларда, интернет тармоқларида қисқа роликлар берилади. Кўчаларга илинган реклама баннерларга матнли суратлар илинади ва ҳоказо.
Айрим ҳолларда улар ажабтовур усуллардан ҳам фойдаланишади. Ана шундай рекламадан Американинг United Airlines авиакомпанияси бундан 33 йил аввал фойдаланган.
Авиакомпания умрбодлик авиачипталарни савдога чиқарган ва ундан бир донасини салмоқли суммага сотган. Қизиғи, ўша пайтда чиптани сотиб олган Том Стукер исм-шарифли шахс ҳамон парвоз қиляпти.
Ўтган давр мобайнида у парвоз билан боғлиқ жуда кўплаб рекордлар ўрнатишга улгурди. Катта эҳтимол билан унинг рекордларини ҳеч ким такрорлай олмаса керак.

Таваккал иш
1990 йил. Ню-Жерси штатида яшовчи, машиналар савдоси бўйича маслаҳатчи Том Стукер (Tom Stuker) тонгги газетани кўздан кечираётиб United Airlines авиакомпанияси томонидан берилган рекламани кўриб қолади.
Рекламада авиакомпания барча хоҳловчиларга «арзимаган» 290 минг доллар эвазига ўз самолётларининг бизнес-класс бўлимида умрбод учиш имкониятини берадиган чипта сотиб олишни таклиф этганди.
Бу таклиф бир тарафдан анча қулай, иккинчи томондан айёрона эди. Чунки ўртаҳол ва ўзига бироз тўқ америкаликлар мамлакат ичида ва бошқа қитъаларга бир неча юз долларга учиб бориш мумкин бўлган вазиятда салкам 300 минг долларга чипта харид қилмасди.
Қолаверса, ўша пайтда 290 минг доллар америкаликлар учун ҳам жуда катта пул эди. Шу сабабли чипталарга фақат бир киши харидор бўлади холос.
Ўша пайтда 36 ёшли Том Стукер миллионер эмасди. Ҳатто унда ошиқча 300 минг доллар пул ҳам йўқ эди. Бироқ Том United Airlines авиакомпанияси таклиф этаётган чиптадан сотиб олишга қарор қилади. У сўнгги чақаларини йиғиб чиптани харид қилади.
Шундан сўнг Томнинг бир томондан дарбадар, иккинчи томондан қизиқарли саргузаштларга бой бўлган ҳаёти бошланади.

Йўловчининг рекордлари
Ҳозир Том Стукер 69 ёшда. У чиптани қўлга киритган вақтидан бошлаб United Airlines авиакомпанияси томонидан амалга ошириладиган турли йўналишларда тинимсиз парвоз қилиб келмоқда.
Том шу пайтгача дунёнинг юздан ортиқ мамлакатларига бир неча мартадан парвоз қилган. У 33 йилдан буён умумий ҳисобда 37 миллион километр масофани учиб ўтган. Бу Ердан Ойгача бўлган масофадан қарийб 100 баробар узун ҳисобланади.
Томнинг энг кўп парвози 2019 йилга тўғри келади. Ўшанда у 365 кун давомида 373 марта парвоз қилади ва айрим кунлари икки марта учади. Ўшанда у йил давомида жами 2,35 миллион километр масофани учиб ўтади.
Соҳа мутахассисларининг ҳисобига кўра, дунёда биронта учувчи ёки борт кузатувчиси бир умр парвоз қилса ҳам Томга ета олмайди. Чунки улар дам олиб учишади, Том эса тўхтовсиз парвоз қилган.
Ҳатто бир марта у кетма-кет 12 кун парвоз қилади. Ўшанда у Нюаркдан Сан-Францискога, сўнг Бангкокка, у ердан Дубайга учиб боради ва шу йўналиш бўйлаб ортга қайтади.
Агар у барча парвозларига алоҳида чипта сотиб олганда жами парвозлари учун қарийб 2,5 миллион доллар сарфлаган бўларди.

Парвозлардан даромад
Том бирон марта 290 минг долларга умрбодлик чипта сотиб олганидан афсусланмаган. Аксинча, у ўзига бундай имкониятни тақдим этган United Airlines авиакомпаниясидан жуда миннатдор.
Том бир умр текин парвоз қилиш билан бирга, тинимсиз учгани учун пул ишлайди. Чексиз парвозлар туфайли Том авиакомпания томонидан бериладиган бонус милларига эга бўлади. У бонусдан келадиган пулларни ҳашаматли меҳмонхоналарда яшаш, яқинлари учун чипталар харид қилиш ва хайрия ишларига сарфлайди.
Том ҳатто акасининг уйини таъмирлаш учун пул тўлайди. Унинг умрбодлик чиптасидан хотини ҳам «баҳраманд» бўлади. Том тўплаган баллари ҳисобидан хотини билан 120 марта парвоз қилади ва уни саёҳатга олиб боради.
Бир марта, Том Америкада машҳур бўлган «Сайнфелд» сериалида эпизодик ролда қатнашгани учун унга 451 минг ҳаво мили масофасига парвоз қилиш учун қўшимча чипта беришади.
Том дунёнинг кўплаб шаҳарларига парвоз қилар экан, ўзи борган мамлакатнинг диққатга сазовор жойларини томоша қилади. Маҳаллий таомларни татиб кўради. Қисқаси, ҳар бир парвоз ва саёҳатдан завқ олишга ҳаракат қилади.
Том парвозлар давомида умуман зерикмайди, ҳар доим унга мароқли суҳбатдош топилади. Шунингдек, у парвоз қилаётиб жуда кўплаб таниқли шахслар билан учрашган. Масалан, америкалик машҳур комик актёр Билл Мюррей билан манзилгача ёнма-ён ўтириб, мароқли суҳбат қурган.

«Асосий ва машҳур йўловчи»
Том билан содир бўлган ишда бир томондан авиакомпания умрбодлик билет сотиб ютқазганга ўхшайди. Бироқ ундай эмас. United Airlines авиакомпанияси Томнинг номидан реклама сифатида фойдаланади ва иккита самолётига унинг исм-шарифини ёздирган.
Бунинг эвазига United Airlines Томга ҳар доим юксак даражада хизмат кўрсатади. У маълумот олиш учун авиакомпаниянинг ишонч телефонига қўнғироқ қилганда операторлар Томни исмини айтиб чақиришади.
«Асосий йўловчи»ни самолётгача ҳашаматли «Мерcедес» машинасида олиб боришади. Табиийки, United Airlines авиакомпаниясида ишлайдиган кўплаб учувчилар ва стюардессалар Томни яхши билишади. Том биринчи рақамли йўловчи сифатида ҳар доим самолётлардаги олд ўриндиққа ўтиради.
Томнинг айтишича, агар камида бир ҳафта ҳеч қаерга учмаса, уни парвозга ташналик безовта қилади ва охирида енга бошлайди. «Тез-тез учиш қўрқинчлими?» деган саволга Том ердан кўра осмонда ўзини анча хотиржам ҳис қилишини айтади.

Том тинимсиз учар экан, парвозларнинг ҳаммаси ҳам кўнгилли бўлмаган. У кўп марта самолёт салонида ўзини ёмон хулқли тутган йўловчилар билан жанжаллашган.
Шунингдек, Том жуда кўп ҳодисаларни бошидан ўтказган. Ҳатто у парвоз пайтида юрак хуружидан тўрт нафар йўловчининг вафот этганига ҳам гувоҳ бўлган.
Ўшандан кейин United Airlines авиакомпанияси бошқа умрбодлик авиачипталарни сотмаган. Келажакда ҳам сотишни режалаштирмаяпти.
Том ердалигида ҳам банд бўлади. Уни тинимсиз равишда интервю беришга, турли телешоуларда қатнашишга таклиф этишади. Том томошабинларга парвозлар вақтида бошидан ўтказган қизиқ ҳодисаларни сўзлаб беради.
Бундан ташқари, у одамларга парвоз вақтида нималарга эътибор бериш кераклигини айтади. Масалан, у ҳар доим ўз интервюларида фақат қўл юки билан учишни маслаҳат беради.

Томга кўра парвозларда энг кўп вақтни оладиган жараён – бу чемоданларни кутиш.
«Агар йўловчи фақат қўл юки билан учса аэропортларда чемодан кутиш машаққатлари ва қимматли вақтини йўқотишдан қутулади. У чемоданига солиб кетадиган нарсаларнинг аксарияти борган шаҳридан ҳам топилади», дейди у.
Ғайрат Йўлдош тайёрлади.
Тавсия этамиз
Трампни сийлаган араблар, музлатилган савдо уруши ва амалга ошмаган “дуэл” — Геосиёсий ҳафта таҳлили
Жаҳон | 16:04 / 17.05.2025
Таҳдид ва тарих ҳақида ваъз: Истанбул музокараларида нималар дейишди?
Жаҳон | 13:33 / 17.05.2025
Ҳайдовчилар учун қатор енгилликлар эълон қилинди
Ўзбекистон | 18:04 / 16.05.2025
Шаҳарларда йўл таъмирлаш ишлари фақат тунда амалга оширилади
Ўзбекистон | 17:20 / 16.05.2025
Сўнгги янгиликлар
-
Кўчмас мулк бозоридаги фаоллик апрель ойида барқарор тикланди
Иқтисодиёт | 09:18
-
Германия ва Европанинг уч давлати етакчилари Трамп билан Украинани муҳокама қилди
Жаҳон | 09:00
-
Хитой Сурхондарёда автомобиль заводи қуриши мумкин
Иқтисодиёт | 08:56
-
АҚШ собиқ президенти Жо Байденда саратон касаллиги аниқланди
Жаҳон | 08:24
Мавзуга оид

19:00 / 18.05.2025
АҚШда 2 ёшли бола 15-қаватдан тушиб кетиб, омон қолди

18:55 / 17.05.2025
Путин Украинага оид АҚШ тинчлик режасини Уиткофф билан муҳокама қилишни истамади

14:23 / 17.05.2025
АҚШ Европадаги қўшинлари сонини камайтиришни кўриб чиқмоқчи

13:56 / 17.05.2025