Жаҳон | 23:22 / 17.10.2024
6260
2 дақиқада ўқилади

Шимолий Кореяда чучхе календари бекор қилинди

КХДР мамлакат асосчиси Ким Ир Сен туғилган сана асосида юритиб келинган чучхе календаридан фойдаланишни тўхтатди.

Фото: AP

Шимолий Корея Ким Ир Сен туғилган сана асосида юритиб келинган чучхе календаридан фойдаланишни тўхтатди. Бунга Жанубий Кореянинг Yonhap агентлиги эътибор қаратди.

КХДР етакчиси Ким Чен Иннинг 10 октябрдаги расмий чиқишига оид хабарда ҳамда мамлакат Ташқи ишлар вазирлигининг 11 октябрдаги баёнотида 113-чучхе йили деб кўрсатилган. Аммо Ким Чен Иннинг синглиси Ким Ё Чжоннинг 12 октябрдаги мурожаатида чучхе календари қайд этилмай, 2024 йил дея кўрсатилган.

КХДРнинг асосий газетаси «Нодон Синмун»нинг босма версиясида ҳам сана 13 октябрдан бошлаб чучхе тақвимини кўрсатиш тўхтатилган.

Жанубий Корея Бирлашиш вазирлиги расмийсининг Yonhap агентлигига маълум қилишича, чучхе календаридан фойдаланишни тўхтатиш Ким Чен Иннинг отаси ва бобоси меросидан мустақил равишда ўз шахсига сиғинишни яратиш ҳаракатларининг бир қисмидир.

Чучхе календарида биринчи йил дея 1912 йил — КХДР асосчиси туғилган расмий сана келтирилган. Чучхе календаридаги ой ва саналар бутун дунёда амалда бўлган календардан фарқ қилмаган. Шимолий Кореяда саналарни ёзишда одатда йил чучхе ҳисоби бўйича кўрсатилади, унинг ортидан эса қавс ичида Григорян календари бўйича йил келтирилади. Масалан, КХДРда 2024 йил 17 октябр қуйидагича ёзилади: 17 октябр 113-чучхе йили (2024).

Чучхе тақвими 1997 йилда, Ким Ир Сеннинг ўлимидан уч йил ўтиб қабул қилинган.

Мавзуга оид