Парадга тайёргарлик, қозоқ олтин визаси ва чегарада отилган жангарилар
Қирғизистонда экстремистик гуруҳлар фаоллашгани маълум қилинди. Тожикистон ҳарбийлари Москвадаги парадда қатнашади. Қозоғистон хорижликлар учун 300 минг доллар эвазига олтин виза жорий қилди. Гурбангули Бердимуҳаммедов Германия президентига телефон қилиб, уни Ашхободга таклиф қилди. Покистон армияси 54 нафар афғон жангариларини чегарада отиб ўлдирди. Афғонистондан 30 минг киши бу йили Ҳажга боради.

Қозоғистон “олтин виза” жорий қилди
Қозоғистон хорижликлар учун олтин виза жорий қилмоқчи, бу ҳақида давлат ташқи ишлар вазирлиги эълон қилди. Маълум бўлишича, ушбу олтин виза хорижликларга 10 йилгача яшаш имконини беради.
Қозоғистонда инвестор визасини олишнинг янги қоидалари тасдиқланди. Унга кўра, Қозоғистон компанияларининг устав капиталига ёки маҳаллий эмиссиявий қимматли қоғозларга камида 300 минг АҚШ доллари миқдорида сармоя киритган чет эл фуқаролари инвестор визаси учун ариза топшира олади. Бу олтин виза эвазига республикада 10 йилгача бемалол яшаш мумкин бўлади. АҚШ, БАА ва Европа иттифоқида бор тизимни қўллашга ҳаракат қилаётган қўшни давлатнинг мақсади бу билан инвестицион жозибадорликни мустаҳкамлашдир.
Қозоғистон ҳам бу ёндашувга қўшилмоқда ва ўзининг инвестицион резидентлик моделини таклиф қиляпти. “Олтин визалар”ни бериш хорижий инвесторлар учун қулай ва барқарор муҳит яратади, ҳуқуқий кафолатларни таъминлайди ва Қозоғистондаги инвестиция муҳитига бўлган ишончни мустаҳкамлайди.
Бу янгилик мамлакатнинг очиқлик, капитални ҳимоя қилиш ва барқарор халқаро иқтисодий алоқаларни ривожлантиришга қаратилган стратегик йўналишини акс эттиради, дея таъкидлайди Ташқи ишлар вазирлиги.
“Олтин виза” дастури 30 апрел куни расман эълон қилинди, 10 майдан эътиборан кучга кириши белгиланди.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда ҳам “олтин виза”га тенг келувчи таклиф бор, яъни хорижликлар 200 минг доллар инвестиция киритиш орқали Ўзбекистонда 5 йилгача яшаш рухсатномасига эга бўлишлари мумкин. Бу норма шу йилнинг 1 июнидан ишга тушиши белгиланган эди.
Яқинда АҚШ президенти Доналд Трамп эса Green card ўрнига “олтин карта”ларни таклиф этди. Президент бадавлат хорижликларга 5 миллион доллар эвазига нафақат бу мамлакатда яшаш ва ишлаш, балки фуқароликни ҳам сотмоқчи. Трампга кўра, миллионлаб шундай карталар сотувга қўйилади.
Германия президенти Туркманистонга келади
Гурбангули Бердимуҳаммедов Германия президентига телефон қилиб, уни сафар билан Туркманистонга келишга чақирди. Маълум бўлишича, Франк Валтер Штайнмайер бунга қизиқиш билдирган ва шу йилнинг декабр ойида Ашхободга келиши кутилмоқда. Turkmen Dovlet Habarlary’нинг ёзишича, 12 декабр куни Ашхободда Туркманистон абадий бетарафлик мақомининг 30 йиллигини нишонлайди ва катта конференция ўтказади, унга қатор давлат раҳбарлари таклиф этилган. Меҳмонлар ичида Германия президенти ҳам бўлиши мумкин. Президентликни ўғлига топширса-да, халқаро сиёсатда асосий фигура бўлиб қолаётган Гурбангули Бердимуҳаммедов Германия президентига яшил иқтисодиёт, қайта тикланадиган энергия манбалари, сув ресурсларини бошқариш ва инновацион технологиялар бўйича ҳамкорлик исташини айтган. 2024 йилда Ашхободда ҳам Гёте ҳайкали очилди, бу “Германия ва унинг маданиятига ҳурматимиз рамзи” деган Арқадағ.
Туркман миллий оти куни нишонланди
Туркманистонда давлат даражасида Туркман миллий оти куни нишонланди. Президент Сардор Бердимуҳаммедов номига давлатнинг барча вилоятларидан янги отлар совға тариқасида тақдим этилган. Туркменпорталнинг ёзишича, вилоятлардаги ҳуқуқ-тартибот идоралари раҳбарлари ҳам президентга энг зотдор отлардан жўнатган. Президент эса Арқадағ шаҳри йилқичилари номидан келган Параҳат отига шахсан тўқим таққан. Нашрнинг қўшимча қилишича, бетарафлигининг 30 йиллигини нишонлаётган Туркманистон учун бу муҳим воқелик экан. Туркманистон давлат бадиий академиясида эса от кўргазмаси очилган. Сардор Бердимуҳаммедов миллий от куни муносабати билан табриклар ҳам қабул қилди, масалан, Татаристон раҳбари уни алоҳида табриклаган. Президент қатор тадбирларда қатнашган, унга ҳукумат аъзолари, дипломатик корпус вакиллари ва халқаро ташкилотлар расмийлари ҳамроҳлик қилган.
Қирғизистон мактабларида телефондан фойдаланиш тартибга солинади
Қирғизистон парламенти мактабларда телефондан фойдаланишни тартибга солмоқчи, бу ҳақидаги қонун лойиҳасини депутатлар учинчи ўқишда қабул қилди.
Қонун лойиҳаси болалар ва ўсмирларни мобил қурилмаларнинг салбий таъсиридан ҳимоя қилиш мақсадида ишлаб чиқилгани айтилган. Қонунчиларга кўра, академик кўрсаткичларнинг пасайиши ва киберхавфлар ортидан бу ҳужжатга республикада эҳтиёж бор. Ушбу қонун билан мактабда телефон ва умуман мобил қурилмалардан фойдаланиш тартибга солинмоғи керак, хавфсиз ва ахлоқий таълим муҳити яратилиши зарур. Қонун ташаббускорларига кўра, рақамли саводхонлик кўникмаларини ўргатиш ва мобил қурилмалар, ахборот технологияларидан онгли равишда фойдаланиш, янги чақириқ ва технологияларни ҳисобга олган ҳолда ёш авлодни жамиятнинг самарали ривожланишига тайёрлаш мезонлари белгиланади. Қирғиз депутатлари аниқ чоралар ва чекловлар тарафдори.
Қирғизистонда экстремизм фаоллашган
Қирғизистонда экстремистик ташкилотлар фаоллашган, бу ҳақида парламент депутати Бактибек Марипов гапирди. Қўшни давлатда ички ишлар вазирлиги экстремистик материаллар сабаб 413 та сайт ҳамда 727 та аккаунтни бутунлай ёпди. Вазирлик вакили 29 апрел куни бу ҳақида жамоатчиликка маълум қилган. Вазир ўринбосари Нурбек Абдиевга кўра, жами 1155 та материал экстремистик руҳда деб баҳоланган ва тақиқланган. Агар бирор маълумот бўлса, биз бу маълумотни коммуникациялар вазирлигига жўнатамиз ва суд орқали бундай сайтларни ҳам ёпиш устида ишлаймиз, дея қўшимча қилди у.
Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси ва Ички ишлар вазирлиги Қирғизистон ҳудудида тақиқланган ташкилотлар аъзоларини ҳам қўлга олган, ҳозир ишлар олиб борилмоқда.
Қўмита йиғилишида қатнашган депутат Россиядаги “Крокус-Сити” терактини ёдга олди, худди шундай терактлар Қирғизистон савдо марказларида содир бўлмаслиги бўйича кафолат бор-йўқлигини сўради. Вазир ўринбосари Нурбек Абдиевнинг айтишича, Ички ишлар вазирлиги профилактика ишларини олиб бормоқда. “Бомба таҳдиди ҳақида бир қанча хабарлар келиб тушди. Ходимларимиз бу маълумотни текшириш устида ишлади. Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси билан биргаликда айбдорларни аниқлаб, жавобгарликка тортамиз. Айрим маълумотлар хориждан келади. Бошқа давлатдаги ҳамкасбларимиз билан ишлаймиз. Бу борада бир қатор муаммолар мавжуд. Уларни аниқлаш учун вақт ва куч талаб этилади”, деди вазир ўринбосари. Ички ишлар вазирлиги Қирғизистонда ҳозир 21 та экстремистик ва террорчилик ташкилоти рўйхатга олинганини маълум қилди.
Чегарада афғон жангарилари ўққа тутилди
Покистон ўз чегарасида 54 нафар афғон жангчилари ўлдирганини эълон қилди. Покистон-Афғонистон чегараси орқали киришга уринаётган катта гуруҳнинг ҳаракати хавфсизлик кучлари томонидан 24 ва 25 апрел кунлари Хайбер-Пахтунхва шимолий вилоятида қайд этилди. Ҳиндистон Покистонга қарши асоссиз айбловлар илгари сураётган бир вақтда, «жиҳодчиларнинг» бундай ҳаракатлари улар кимнинг кўрсатмасига биноан ҳаракат қилаётганини аниқ кўрсатмоқда, дейилади Покистон армияси баёнотида. Жангариларнинг ўлдирилиши 22 апрелдан қайта авж олган Ҳиндистон-Покистон можароси билан параллел содир бўлмоқда. «Толибон» 2021 йилда ҳокимиятга қайтганидан бери Покистон ўз ҳудудида экстремизмнинг кучайиши билан курашмоқда. Исломобод жангарилар Афғонистонда бошпана топаётганини таъкидлаб келади.
Афғонистондан 30 минг нафар зиёратчилар Ҳажга боради
Афғонистон бу йили 30 минг нафар зиёратчини Ҳажга юбормоқда. 230 кишидан иборат биринчи гуруҳ 29 апрел куни Саудияга жўнаб кетган.
«Толибон» маъмурияти зиёратчиларни жўнатиш бошлангани ҳақида эълон қилди. Баёнотга кўра, зиёратчиларни иккита миллий авиакомпания манзилга етказади. Май ойида улар Саудия Арабистонига жами 97 та парвозни амалга оширади. Маълум қилинишича, зиёратчилар ташкилий ишларини ва логистикасини яхшилаш мақсадида турли вилоятларда махсус Ҳаж мувофиқлаштириш марказлари ташкил этилган. Ҳаж сафари нархи ҳар бир зиёратчи учун 3924 АҚШ доллари миқдорида белгиланган.
Саудия Арабистони 2025 йилда Марказий Осиё мамлакатлари: Ўзбекистонга – 15 минг, Тожикистонга — 7 минг, Қозоғистонга — 4,5 минг, Қирғизистонга — 6,06 минг квота ажратди. Туркманистонга қанча ажратилгани номаълум, ўтган йили 289 нафар зиёратчига бориш учун рухсат берилгани маълум. Россияга эса 25 мингта квота ажратилган.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилда Саудия Арабистони зиёрат қилмоқчи бўлган чет элликлар учун янги қоидаларни жорий этди. Энди муқаддас жойларни зиёрат қилиш учун Ҳаж визасига эга бўлиш шарт.
Визаси тугаганларга бошпана берган ёки уларни Ҳажга олиб борган шахсларга ҳам жарима қўлланади. Макка ва Мадина шаҳрига фақат Ҳаж учун махсус виза асосида киришга рухсат берилади.
Тавсия этамиз
Чигирткалар босқини: Бу ҳам иқлим билан боғлиқ муаммоми?
Ўзбекистон | 15:49 / 14.05.2025
«Энг камбағал президент» Хосе Мухика вафот этди
Жаҳон | 08:03 / 14.05.2025
Тошкентда йўл ўртасидаги биринчи тезюрар йўлак қурилиши бошланади
Ўзбекистон | 19:08 / 13.05.2025
1 июндан Ўзбекистон ва Хитой ўртасида 30 кунлик визасиз режим кучга киради
Ўзбекистон | 17:29 / 13.05.2025
Сўнгги янгиликлар
-
Холокостдан омон қолган 97 ёшли кекса аёл университет талабасига айланди
Жаҳон | 01:16
-
Истанбулдаги музокаралар 16 майга кўчирилди. Зеленский Украина делегацияси таркибини тасдиқлади
Жаҳон | 00:53
-
9 млн долларни талон-торож қилишда айбланган Ўзбекистон фуқароси Россияда қўлга олинди
Ўзбекистон | 23:58 / 15.05.2025
-
Россия Қуруқликдаги қўшинлари қўмондони лавозимдан олинди
Жаҳон | 23:46 / 15.05.2025
Мавзуга оид

10:57 / 11.05.2025
Жаҳли чиққан Жапаров, матбуотдаги “жиддий аҳвол” ва ғалаба парадлари – Марказий Осиё ҳафта ичида

13:30 / 27.04.2025
Уруш шов-шуви, «Чашма» келишуви, чегарадан қайтган туркман помидори ва сафари қолдирилган Мелони

11:30 / 20.04.2025
Қонунийлаштирилаётган наша, таҳқирланган мигрантлар ва муҳокамадаги ҳаж – Марказий Осиё ҳафта ичида

10:20 / 13.04.2025