Уруш шов-шуви, «Чашма» келишуви, чегарадан қайтган туркман помидори ва сафари қолдирилган Мелони
Италия бош вазири шу ҳафта Ўзбекистон ва Қозоғистонда бўлиб, якшанба куни Остонада саммит ўтказиши керак эди, бироқ Рим папасининг вафоти сабаб Жоржа Мелони ташрифини кечиктирди. Ўзбекистон ва Қирғизистон «Чашма» булоғи бўйича келишувга эришди. Арқадағ ҳафта давомида Тожикистондан ташқари барча Марказий Осиё давлатларида бўлди. Туркман помидори эса рус ва озар чегарасидан ўтказилмади. Покистон ва Эрон афғонларни оммавий депорт қилмоқда.

Қозоғистон Россия билан урушга тайёргарлик кўраётгани ҳақида матбуотда шовқин кўтарилди
Қозоғистон Россия билан урушга тайёрланаётгани ҳақида айрим оммавий ахборот воситаларида хабарлар тарқалди. Республика Мудофаа вазирлиги мазкур хабарларга муносабат билдирди.
Тарқалган хабарларга кўра, Қозоғистон гўёки Россия билан чегарада “можаро юз бериши эҳтимолига” ҳудудий мудофаа бригадаларини жойлаштирмоқда. Мудофаа вазирлиги расмий тушунтириш бериб, “Ҳудудий мудофаа тўғрисида”ги қонун лойиҳаси фақат Қозоғистон ички хавфсизлигини мустаҳкамлашга қаратилганини айтди.
Ҳудудий мудофаа тўғрисидаги қонун лойиҳаси Қозоғистон миллий хавфсизлик тизимини модернизация қилиш доирасида ишлаб чиқилган. Унинг мақсади — ички барқарорликни таъминлаш, ҳарбий ҳолат ёки бошқа фавқулодда вазиятлар шароитида аҳолини, инфратузилма объектларини ва ҳудудий яхлитликни ҳимоя қилиш.
Ҳудудий мудофаа бригадаларини жойлаштириш ташқи таҳдидларга жавобан эмас, балки ҳудудларнинг логистика, географик ва демографик хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда амалга оширилмоқда, дея изоҳ берди вазирлик.
Қозоғистон Мудофаа вазирлиги қонун лойиҳаси ҳеч қандай давлатга қарши қаратилмагани ва ҳарбий таҳдидларга муносабат нуқтайи назаридан қабул қилинмаслиги кераклигини айтди. 24 апрел куни президент Қосим-Жўмарт Тўқаев Хавфсизлик кенгаши сессиясида Россия Қозоғистоннинг асосий стратегик шериги ва ишончли иттифоқчиси бўлиб қолаётганини алоҳида таъкидлади. Президент шунингдек, Қозоғистонда миллатлараро тотувликка путур етказишга қаратилган ҳар қандай провокация ва иғволарга қатъий чек қўйиш зарурлигини қўшимча қилди.
«Чашма» булоғи бўйича ўзбек-қирғиз раҳбарияти келишувга эришди
Яна бир муҳим янгилик шуки, Ўзбекистон ва Қирғизистон «Чашма» булоғидан биргаликда фойдаланиш бўйича ваниҳоят келишувга эришди. Тошкентда 24 апрел куни Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов ва Қирғизистон Вазирлар Маҳкамаси раиси ўринбосари Тошиев раислигида ўзбек-қирғиз давлат чегараси муҳокамадан ўтказилган. Музокаралар давомида бир баённома ҳамда «Чашма» булоғидан қандай фойдаланишни тасдиқловчи ҳужжат имзоланган. Икки давлат ҳам «Чашма» булоғи Ўзбекистон ва Қирғизистон халқларининг умумий бойлиги эканини тан олган.
Бош вазир Арипов идорасига кўра, ўзбек томони булоқнинг учдан икки қисмидан фойдаланишини таъминлаш ҳамда манбанинг сув ресурслари ҳажми ва сифатига таъсир кўрсатиши мумкин бўлган ҳар қандай хатти-ҳаракатларни ўзбек томони билан мувофиқлаштириш тўғрисида келишувларга эришилган.
Ўзбекистон ва Қирғизистон «Чашма» булоғидан тўлақонли фойдаланишига тўсқинлик қилувчи ҳар қандай чора-тадбирларга йўл қўймасликка келишиб олди. Қисқа муддат ичида бу бўйича якуний ҳужжатлар имзоланади. Яхши қўшничилик фонида минтақада территориал ва ресурсларга бориб тақалувчи муаммоларнинг қолмагани яхши. Ваҳоланки, бу масалалар кейинчалик можароларга ричаг вазифасини ўтамаслиги керак.
Туркман помидори рус ва озар чегарасида қолиб кетди
Россия ва Озарбойжон туркман помидорини чегарадан ўтказмади. Росселхознадзор ва Озарбойжон озиқ-овқат хавфсизлиги агентлиги сўнгги 8 кун ичида туркман помидорининг йирик партияларини ўз мамлакатларига киритмади.
Росселхознадзорнинг Урал минтақалараро бошқармаси маълумотларига кўра, 9 тонна помидор Туркманистондан 15 апрел куни Ўзбекистондан катта партия билан бир вақтда Екатеринбургга олиб келинган. Ҳар икки давлат сабзавот хавфсизлигини фитосанитария сертификатлари билан тасдиқлаган.
Бироқ маҳаллий фитосанитария назорати партиялардан олинган намуналарда мева вирусини аниқлади. Озарбойжонда ундан ҳам кўпроқ, 56 тонна помидор давлатга киритилмади. Ушбу помидорларни етказиб берувчи ширкатларга маҳсулотларни йўқ қилиш буюрилган. Туркманистонга эса касаллик тарқаган фермер хўжалигида соғломлаштириш тадбирларини ўтказиш талаби билан расмий хабарнома юборилди, дея ёзди Turkmen.news нашри.
Эслатиб ўтамиз, апрел ойи бошида Россиядан Туркманистонга 36 тонна помидор қайтарилган эди. Ушбу помидорларда ҳам мева вируси аниқланган. Туркманистон сабзавотини экспорт қилиш муаммоси бир неча йиллардан буён давом этиб келмоқда. Мева вируси помидор ва қалампирга юқади. Вирус мева ва сабзавотларнинг деформацияси, ранги ўзгариши ва некрозга олиб келиши мумкин. Вирус жуда осон тарқалади ва зарарланган ўсимликлар йўқ қилинмаса, бутун плантацияга таъсир қилиши мумкин. Вирус билан касалланган сабзавотлар одамлар учун хавфли эмас, аммо импорт қилинган патогенлар мамлакат ичидаги плантацияларга тарқалиши мумкин, шунинг учун экспорт қатъий назорат қилинади.
Папа ўлими сабаб Мелони сафари кечиктирилди
Шу ҳафта Италия бош вазирининг Ўзбекистон ва Қозоғистонга сафари қолдирилди. Рим Папаси Францискнинг узоқ давом этган касаллиги сабаб вафоти ортидан бўладиган мотам маросимлари муносабати билан Жоржа Мелони Марказий Осиёга режалаган сафарлари ҳамда барча тадбирларни бекор қилди. У 25-26 апрел кунлари Ўзбекистонда, 26-27 апрел кунлари эса Қозоғистонда бўлиши, икки давлатга расмий сафардан ташқари бугун Италия–Марказий Осиё саммитида қатнашиши керак эди.
Мелони президент Мирзиёевнинг 2023 йил июн ойида Италияга сафари чоғида бу саммитни ривожлантиришни айтган. 2024 йилда эса Рим шаҳрида ташқи ишлар вазирлари даражасида саммит ўтказилган, давлат раҳбарлари учрашуви эса Остона шаҳрида, 27 апрел кунига белгиланганди. Италия ҳукуматига кўра, Мелони яқин кунларда бу саммитни ўтказишга келади. Бу шу ой ичида иккинчи бор Евроиттифоқ ва минтақа лидерларининг олий даражадаги мулоқоти бўларди.
Буюк Британия Европа Иттифоқини тарк этганидан сўнг Италия ҳозирги Евроиттифоқнинг уч йирик иқтисодиётга эга давлатларидан бири. Сиёсий нуқтайи назардан ҳам Франция, Германия ва Италиянинг позициялари умумиттифоқ кайфияти ва қадамларига жиддий таъсир қилади. Бугунги Италия қарийб 2.5 триллион доллар ЯИМ билан Европадаги иккинчи йирик ишлаб чиқарувчи ривожланган иқтисодиётга эга давлат. Италия дунёнинг гигант 20 талик ва 7 талик давлатлари йиғилган – G20 ва G7 аъзоси саналади. Италия бугунги Евроиттифоқ тузилишида муҳим рол ўйнаган асосий 3 давлатдан бири, халқаро ташкилотларда ҳам расмий Рим стратегик мавқега эга.
Охирги 3 йилда Марказий Осиёда Ўзбекистон, Қозоғистон ва Тожикистон президентлари Италия ташриф билан бориб, алоқаларни муҳокамадан ўтказди. Айниқса, энергетика соҳасида Рим Марказий Осиё билан ҳамкорлик истамоқда. Хусусан, италян компаниялари Қозоғистонда шамол ва қуёш станцияларини қуришни режалаган. Яна бир италян компанияси эса Тожикистоннинг Роғун ГЭСи қурилишида фаоллик кўрсатмоқда. 2024 йил май ойида Римдаги ташқи ишлари вазирлари саммитида “Ўрта коридор”, яъни Транс-Каспий халқаро транспорт йўналиши бўйича фикр алмашган ва Италия молиявий қўллаб-қувватловга тайёрлигини билдирган. Жаҳон банки прогнозларига кўра, 2030 йилга бориб Ўрта йўлак орқали олиб ўтиладиган юклар ҳажми уч баробар ортади.
Қозоқ нашри Орданинг ёзишича, Италия Хитойга қарамликни камайтиришга ҳаракат қилиб, Марказий Осиёдаги дипломатик изларини мустаҳкамлашга интилмоқда. Италия оммавий ахборот воситалари эса бош вазирнинг минтақага бўлажак ташрифини фаол ёритади.
Геосиёсий таранглик кучайиб, Европа Иттифоқи Россия ва Хитой ресурсларига боғлиқлигини камайтиришга интилаётган бир пайтда Италия Марказий Осиёга асосий минтақа сифатида қарайди. Қозоғистонда мудофаа, рақамли технологиялар ва яшил энергия саноати учун зарур бўлган материаллар топилганидан сўнг Рим айниқса ноёб тупроқ металларига қизиқиш билдирмоқда, дея ёзади Орда нашри.
Европа Иттифоқи Россияни четлаб ўтиб, Кавказ ва Каспий денгизи орқали Европа ва Осиёни боғлайдиган Транскаспий халқаро транспорт йўналишини ривожлантириш учун маблағ ажратмоқда. Мелони эса бу ташаббусдан Италияни Европа ва Марказий Осиё ўртасида асосий воситачи сифатида кўрсатиш учун фойдаланмоқчи.
Гурбангули Бердимуҳаммедов МО бўйлаб сафар ўтказди, фақат Тожикистонга бормади
Туркманистон собиқ президенти, ҳозирги президентнинг отаси ва давлат миллий етакчиси Гурбангули Бердимуҳаммедов Қозоғистон ва Қирғизистондан кейин Ўзбекистонга ҳам ташриф билан бўлиб қайтди. Бироқ Бердимуҳаммедов Тожикистонга бормади, минтақадан фақат Тожикистонга сафар йўқлиги сабаби эса номаълум. Ҳар давлатда Бердимуҳаммедов ўзига хос ҳурмат-эҳтиром билан қабул қилинди, олий даражада кутиб жўнатилди. Жапаров унга ҳайдовчилик қилган бўлса, Шавкат Мирзиёев Бердимуҳаммедивни Самарқандда шахсан қарши олди.
5 май куни Туркманистон делегацияси “Марказий Осиё – Форс кўрфази араб давлатлари ҳамкорлик кенгаши” Самарқанд саммитида, шу йилнинг 6-7 сентябр кунлари эса Тошкентдаги Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг еттинчи маслаҳат учрашувида иштирок этиш учун ҳам келади. Халқ маслаҳати раиси Бердимуҳаммедовга кўра, Туркманистон–Ўзбекистон чегарасидаги савдо зонаси – «Дашогуз-Шабат» назорат-ўтказиш пункти ҳудудида Савдо марказининг ташкил этилиши савдо алоқаларини ривожлантиришга хизмат қилади. Унинг жорий йилда фойдаланишга топширилиши ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини оширади.
Унинг қўшимча қилишича, сўнгги йилларда газ бўйича қўшма лойиҳалар қилинмоқда. Ашхобод Тошкент билан кимё саноатида ҳам ҳамкорликка тайёрлигини билдирган. Туркманбоши денгиз портидан фойдаланиш мавзуси ҳам муҳокамада бўлган. Жаҳон транспорт компаниялари ва молия институтлари бу ишга жалб қилиниши ҳам белгиланяпти. Гурбангули Бердимуҳаммедов ўзи билан қизи Ўғилжаҳонни ҳам олиб келган. Унга сафар давомида президент ёрдамчиси Саида Мирзиёева ҳамроҳлик қилди. Туркманистонда президент Бердимуҳаммедовнинг ўғли Сардор бўлса-да, Гурбангули Бердимуҳаммедовнинг сиёсий умри давом этмоқда. Давлат бошқаруви ва дунё билан алоқаларда собиқ президентнинг роли кучли ҳисобланади.
Қирғизистонга полиэтилен пакетларни олиб кириш тақиқланиши кутилмоқда
Қирғизистонга қалинлиги 20 микрометр ва ундан паст характеристикали полиэтилен пакетларни олиб кириш ярим йилга тақиқланиши мумкин. Иқтисодиёт ва савдо вазирлиги тегишли таклифни илгари сурди.
Вазирлик томонидан тегишли қарор лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига қўйилган. Қалинлиги 20 мкм ва ундан кам бўлган полиэтилен пакетлар ишлатилганда ултрабинафша нурлар ва механик таъсирлар остида деградацияга учрайди. Бу эса пластик микрозаррачалар шаклланишига олиб келади. Бу микрозаррачалар атроф-муҳитда тўпланади ва узоқ муддатли ифлосланишга сабаб бўлади. Улар тана тўқималарига ҳам кира олади, бу эса соғлиққа таъсир кўрсатади.
Қалинлиги 20 мкм ва ундан паст бўлган полиэтилен пакетларни қайта ишлаш 3-4 баравар кўп ресурс талаб қилади. Шунинг учун уларни йиғиш ва кейинчалик қайта ишлашда бошқа полиэтилен маҳсулотларидан фарқли ўлароқ муаммолар юзага келади. Шуларни ҳисобга олган ҳолда, тақиқни жорий этиш юкламани камайтиришга, аҳоли саломатлигини сақлашга ва экологик тоза муқобилларни ишлаб чиқишни рағбатлантиришга ёрдам беради.
Вазирликка кўра, пластик қадоқлаш ўрнини қоғоз, ёғоч, шиша, металл ва мато босиши мумкин. Аммо бу ўзгариш саноат соҳаларини янгича ишлашга мажбур қилади, улар бунга тайёрланиши керак.
Афғонлар оммавий равишда депорт қилинмоқда
Покистон ва Эрон оммавий равишда афғонларни депорт қилмоқда. Ҳисоботга кўра, жорий йилда Эрондан икки миллион, Покистондан яна 1,6 миллиондан ортиқ афғонлар чиқариб юборилиши кутилмоқда. ЖССТнинг маълум қилишича, апрелнинг биринчи 10 кунлигида 130 мингдан ортиқ афғонлар депорт қилинган. Бу шахслар ихтиёрий-мажбурий равишда қайтиб келишган, уларнинг 60 фоизи Покистондан ва 40 фоизи Эрондан келган, дея қўшимча қилади ташкилот. Қайтиб келган фуқароларни қабул қилиш, жойлаштириш ва ижтимоий интеграцияга «Толибон» ҳукумати тайёр бўлиши керак. Қабул қилувчи давлатлар ҳам халқаро қонунлар доирасида муҳожирларга инсоний ва муносиб муносабатда бўлишга масъулдирлар, дейди муҳожирлар ҳуқуқлари фаоли Алиризо Каримий. БМТ Қочқинлар бўйича Олий комиссарининг ёрдамчиси Рауф Мазоу Покистоннинг Афғонистон бўйича махсус вакили Муҳаммад Содиқ билан афғон муҳожирларининг аҳволини муҳокама қилган.
Мигрантлар билан боғлиқ муаммолар жуда кўп. 31 март, белгиланган муддат тугаганидан буён, айниқса, ҳужжати йўқ ёки визаси муддати ўтганлар учун муаммолар оғирлашди. Улар қайта мурожаат қилишди, лекин ҳеч қандай ёрдам олмаган дейди Покистондаги афғон муҳожири Резо Сахий.
«Толибон» Иқтисодиёт вазирлиги халқаро ёрдам агентликларини қайтиб келганларнинг муаммоларини ҳал қилишда ҳамкорликни кучайтиришга чақирди.
Тавсия этамиз
Алонсо «Реал»да. Энди ким ўзгаради – клуб ёки мураббий?
Спорт | 11:37 / 29.05.2025
Чет эллик жангчилар, хусусан ўзбеклар Суриядан қувиладими?
Жаҳон | 21:35 / 28.05.2025
Москвада шаҳарни билишини исботлаб бермаган таксичилар жаримага тортилади
Жаҳон | 20:35 / 27.05.2025
Бозор – гўшт нархи ҳақида: “Ем-хашак қиммат, мол боқиш осон бўлмай қолди”
Ўзбекистон | 17:00 / 27.05.2025
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид

13:50 / 25.05.2025
Маоши ошаётган қирғизлар, тўхтатилган лайк жавобгарлиги ва «қора» туркман пахтаси

10:57 / 11.05.2025
Жаҳли чиққан Жапаров, матбуотдаги “жиддий аҳвол” ва ғалаба парадлари – Марказий Осиё ҳафта ичида

12:42 / 04.05.2025
Парадга тайёргарлик, қозоқ олтин визаси ва чегарада отилган жангарилар

11:30 / 20.04.2025