Жаҳли чиққан Жапаров, матбуотдаги “жиддий аҳвол” ва ғалаба парадлари – Марказий Осиё ҳафта ичида
9 май куни Москвадаги парадда Марказий Осиёнинг беш давлатидан ҳам ҳарбийлар қизил майдонда кўриниш берди. Қозоғистон, Тожикистон ва Қирғизистоннинг ўзида ҳам ҳарбий парадлар ўтказилди. Жапаров шифохонага бориб, соғлиқни сақлаш вазирига қаттиқ танбеҳ берди. Матбуот рейтингида минтақа давлатларининг ҳаммаси 140-ўриндан пастда. “Толибон” хориждан қайтган бизнес эгаларини 5 йил солиқдан озод қилмоқчи.

Марказий Осиё, парад, 9 май
Ҳафтанинг асосий мавзуси – 9 май. Бу сана Ўзбекистон мустақилликка эришгунига қадар бизнинг мамлакатда Ғалаба куни сифатида нишонланган, 1999 йилда эса биринчи президент Ислом Каримов 9 майни Хотира ва қадрлаш куни деб эълон қилган. Шундан бери республикамизда бу сана хотира куни сифатида нишонланади. Марказий Осиё республикалари 9 майни қандай қарши олгани муҳим. Совет иттифоқи таркибида яшаган бу 5 давлатдан 3 таси – Қозоғистон, Тожикистон ва Қирғизистонда 9 майни нишонлаш тадбирлари кўпроқ руспараст оҳангда ўтади деёламиз. Буни 3 давлатнинг ўз мамлакатларида парад ўтказгани факти ҳам исботлайди. Лекин Қозоғистон минтақанинг катта кучи экан, руспараст давлат бўлишдан қочади, бироқ аксил Россия бўлиб намоён бўлишни ҳам истамайди. Қозоғистондаги парад балки қозоқ миллий армияси намойиши учун ҳам керак бўлгандир. 7 май куни бўлиб ўтган ушбу парадда 200 дан ортиқ ҳарбий қурол-яроғ ва техника, жумладан, 66 та ҳарбий авиация самолёти ҳамда вертолётлар намойиш этилган. Биринчи марта механизациялашган колонна таркибида жанговар машиналар, шунингдек, миналарни зарарсизлантириш учун роботлар ўрнатилган махсус автомобиллар кўрсатилди. Бу охирги 5 йилда Қозоғистонда ўтказилган биринчи параддир, унда хорижий давлат раҳбарларидан Ветнам компартияси раиси То Лам рафиқаси билан қатнашган. Қозоғистонда коронавирус йилларида парад ўтказилмаган, ундан кейинги йилларда эса давлат пулини иқтисод қилиш учун парад ўтказилмаганди. Президент Тўқаев парадда чиқиш қилди, халққа уруш ҳақидаги ҳақиқатларни билдириш кераклигини гапирди.
Глобал сиёсатга тажовуз ва нафрат бациллалари кириб келган бугунги кунда давлатимизнинг барча фуқароларига уруш ҳақидаги бор ҳақиқатни етказиш жуда муҳимдир. Ҳақиқатсиз тинчлик қадрини билиб бўлмайди. Уруш ва буюк ғалабанинг аҳамияти ҳақидаги тарихий ҳақиқатни бузиб кўрсатишга йўл қўйиб бўлмайди, деди сиёсатчи.
Тўқаев глобал беқарорлик даврида Қозоғистон учун асосий вазифа миллий манфаатларни ҳимоя қилиш эканини таъкидлади.
Иккинчи жаҳон урушида Тожикистондан 300 мингдан ортиқ киши урушга жалб қилинган. Душанбедаги Ғалаба боғида бу йил ҳарбий парад ўтказилиб, унда 4,5 минг нафар ҳарбийлар сафарбар қилинди. Маълум бўлишича, аслида 9 май кунига режаланган бу парад Раҳмоннинг Москвага кетиши сабаби ортидан олдинроқ ўтказилган.
Қирғизистондаги парад эса Бишкекда Алатоо майдонида ўтказилди. Садир Жапаров ҳам Моксвага бориши туфайли қирғиз ҳарбий паради ҳам 9 майдан олдинга белгиланди. Унда 3 минг нафар қирғиз ҳарбийлари қатнашган. Нутқ сўзлаган президент Жапаров Иккинчи жаҳон урушидаги ғалабада қирғизларнинг ўрнини улуғлади.
Марказий Осиё давлатларидан деярли барча эркаклар фронтга кетган. Қирғизистоннинг ҳар тўртинчи фуқароси фашистлар Германиясига қарши жанг қилган ва, афсуски, уларнинг ярми урушдан қайтмаган, қайтганларнинг кўпчилиги ярадор ва ногирон бўлиб қолган, деди Жапаров.
Тожикистон президенти эса уруш даврида бу давлат 100 мингдан ортиқ қочқинларни қабул қилганини айтди.
Халқимиз уларни бегона деб билмаган, бошпана, озиқ-овқат, кийим-кечак бериб, аксарини вояга етказган, деди сиёсатчи... Биз аждодларимиз жасорати билан фахрланамиз. Уларнинг ҳар бири фронтда ҳам, фронт ортида ҳам ғалаба қозонди. Уларнинг матонати бизнинг абадий йўл кўрсатувчимиздир, деган Имомали Раҳмон.
Қозоғистон эса Иккинчи жаҳон урушида қатнашган жангчилар номи 500 та кўчага берилишини эълон қилди.
Ўзбекистонда ҳеч қандай ҳарбий парад, юриш ташкил қилингани йўқ. Президент Ғалаба боғига ташриф буюриб, “Матонат мадҳияси” ёдгорлиги пойига гул қўйди. Уруш қатнашчилари билан мулоқот қилди.
Туркманистон ҳам ҳарбий парад ўтказгани йўқ, лекин ғалабанинг 80 йиллигини кенг нишонлади. Собиқ президент, Халқ маслаҳати раиси Гурбангули Бердимуҳаммедов “Халқ ҳақидаси” ёдгорлиги пойига гул қўйган, сўзга чиққан. Ғалабанинг 80 йиллиги Туркманистоннинг нейтраллигига 30 йил тўлаётгани билан бирга нишонланди. Шу ўринда Туркмен Довлет Ҳабарларй ҳозирги президент Сардорнинг бобоси Бердимуҳаммед Аннаевнинг ҳаёт йўлини бутун туркман халқига ибрат қилиб кўрсатган.
Марказий Осиёнинг ҳар 5 президенти 9 май куни Москвадаги ҳарбий парадда қатнашиш учун Россияга борди. У ерда бу мамлакатларнинг ҳарбий қисмлари чиқиши ҳам бўлди. Тожикистон армияси гуруҳи бу парадда чиқиш қилиши ҳақида эълон қилинганди, бироқ ўзбек ҳарбий қисмлари қатнашуви борасида эшитмаган эдик.
Парад тадбирларидан аввал президентлар биргаликда суратга тушаётганда Қирғизистон президентининг ҳаракатлари қирғиз медиаси эътиборини тортган. У оёғи остида ёпиштирилган Қирғизистон байроғи бор қоғозни ердан олиб, чўнтагига солган. Унинг ёнида турган Қозоғистон президенти буни пайқаган.
Жапаров вазирга қаттиқ танбеҳ берди
Қирғизистон президенти Садир Жапаровнинг касалхонага бориб, у ерда соғлиқни сақлаш вазирини қаттиқ уришган видеоси кенг тарқалди. Президент матбуот хизмати Садир Жапаров вазир Эркин Чечейбоевга қаттиқ танбеҳ бергани акс этган видеони эълон қилди. Президент вазирдан болалар кардиожарроҳлиги бўйича гуманитар дастур бошлангандан бери бу шифохонага неча марта келганини сўради, вазир эса ҳали биринчи марта деб жавоб қайтарди.
“Марказда шундай муаммо бўлганида нега биринчи марта келяпсан? Сигнални чалишинг керак эди. Ишхонада ўтирма, дедим! Ишхонада икки ой ўтирганингдан сўнг курсисига ёпишиб қолдингми? Болалар ўлиб кетяпти, ишхонангда ўтирибсан”, дея қаттиқ танбеҳ берган Садир Жапаров.
Матбуот рейтингида МО давлатлари 140-ўриндан пастда
“Чегара билмас мухбирлар” халқаро ташкилотининг 2025 йилги ОАВ эркинлиги индексида Марказий Осиё республикаларининг ҳаммаси 140-ўриндан пастда қолди. Рейтинг 180 мамлакат ичида ўтган. Ўзбекистон 148-ўрнини сақлаб қолди, аммо мамлакатнинг бешта йўналишдаги рейтинг кўрсаткичларидан барчаси пасайган. Халқаро кузатувчиларга кўра, Ўзбекистонда сўз эркинлиги бўйича вазият “жуда жиддий”лигича қолмоқда.
Ўзбекистондаги ОАВ эркинлигининг даражаси ўтган йили 100 баллдан 37 баллга, бу йил эса 35 баллга баҳоланган. Рейтингга асос бўладиган индикаторларнинг бешаласида ҳам пасайиш қайд этилган.
Қўшни мамлакатлардан Қозоғистон 141-, Қирғизистон 144-, Тожикистон 153-, Туркманистон 174-, Афғонистон 175-ўринда қайд этилган.
Россия сўнгги ўнталикка – 171-ўрингача тушиб кетган, Хитойнинг ўрни 180 давлат орасида 178-ўрингача қулаган. Рейтингни Шимолий Корея ва Эритрея якунлаб беради.
Ҳисобот муаллифларига кўра, дунё бўйлаб журналистларнинг эркин фаолият юритишига тўсиқларнинг кўпайиб бориши тенденцияси тўхтамаяпти.
“Дунё бўйлаб сўз эркинлиги энг паст даражага етди”, – дейилади “Чегара билмас мухбирлар” шарҳида.
Ташкилот томонидан кузатиб бориладиган 180 та мамлакат ва ҳудуддан 90 тасида ОАВ ходимларининг аҳволи “қийин” ёки “жуда жиддий”.
Муаллифларга кўра, сўз эркинлиги бўйича глобал вазиятнинг ёмонлашаётганига хавфсизлик муҳитининг беқарорлиги ва авторитаризмнинг кучайиши билан бирга иқтисодий босим ҳам асосий сабабдир.
Рейтинг тузувчиларнинг таъкидлашича, бугунги кунда бутун дунё бўйлаб таҳририятлар тобора мустақиллик ва иқтисодий омон қолиш истаги ўртасида танлов қилишга мажбур бўлмоқда.
Қайд этилишича, кузатилаётган 180 давлатнинг 160 тасида ОАВ умуман барқарор ишлай олмайди ёки буни фақат қийинчилик билан амалга ошириши мумкин. Мамлакатларнинг деярли учдан бирида таҳририятлар иқтисодий сабабларга кўра ёпилган, уларга расмийлар томонидан кўпинча босим ўтказилган. 46 та давлатда ОАВ фақат оз сонли эгалари томонидан назорат қилинади.
“Толибон” хориждан қайтган бизнес эгаларини солиқдан озод қилади
Дунёдаги аксарият давлатлар афғонларни ўз юртига депорт қилишда давом этяпти. Хусусан, Покистон ва Эрон тўхтовсиз минглаб афғонларни ушлаб, давлатдан чиқариб юбормоқда. “Толибон” муваққат ҳукуматидагилар катта бизнесменлар ва тадбиркорлар қўрқмай ватанига қайтавериши мумкинлигини гапирди. Муваққат ҳукуматдаги расмийлардан бири Абдул Салам Ҳанафий бу ҳақда Ғазни вилоятида қайтганлар учун ер тақсимлаш маросимида айтиб ўтди.
Унинг сўзларига кўра: “Покистонда йирик бизнесга эга бўлган муҳожирлар, масалан, заводлар ёки тижорат операцияларини амалга оширувчилар Афғонистонга қайтса – махсус қўмита томонидан қўллаб-қувватланади ва турли қулайликлар билан таъминланади. Уларга саноат паркларидан бепул ер берилади, бу боғлар ёнида эса бепул уй-жойлар ажратилади. Бундан ташқари, улар беш йил давомида барча солиқлардан озод қилинади”.
Айтилишича, 25 вилоят бўйлаб қайтиб келганлар учун 35 шаҳарча қуриш режаси тугалланган.
Ғазни вилоятининг Андар туманидаги бозорга “Толибон” расмийлари тамал тоши қўйиб берган. Шаҳарсозлик бошқармаси муҳандислар бошлиғи Ҳамидурраҳмон Шаҳидхелга кўра, Андар туманидаги Мири бозорининг батафсил режасига 192 та турар жой участкаси, 12 та савдо блоки ва 7 тагача савдо карвонсаройлари кирган.
Қайтганларни доимий равишда жойлаштиришни таъминлаш учун Ғазнининг 2-сонли посёлкасидан 4000 гектарга яқин ер ажратилди, шундан 2000 гектарга яқини биринчи босқичда қайтиб келганларга тақсимланиши айтилган. Лекин ўша бизнес доиралари вакиллари Афғонистонга энди қайтадими деган савол ўринлидир, албатта.
Мавзуга оид

12:42 / 04.05.2025
Парадга тайёргарлик, қозоқ олтин визаси ва чегарада отилган жангарилар

13:30 / 27.04.2025
Уруш шов-шуви, «Чашма» келишуви, чегарадан қайтган туркман помидори ва сафари қолдирилган Мелони

11:30 / 20.04.2025
Қонунийлаштирилаётган наша, таҳқирланган мигрантлар ва муҳокамадаги ҳаж – Марказий Осиё ҳафта ичида

10:20 / 13.04.2025