Жаҳон | 00:53 / 16.05.2025
5891
3 дақиқада ўқилади

Истанбулдаги музокаралар 16 майга кўчирилди. Зеленский Украина делегацияси таркибини тасдиқлади

Россия билан ўтказиладиган музокараларда 12 кишидан иборат Украина делегацияси иштирок этади. Уларга мудофаа вазири Рустем Умеров бошчилик қилади. Россия делегациясига эса Путиннинг ёрдамчиси Мединский раҳбарлик қилмоқда.

Фото: ТАСС

Россия ва Украина делегацияларининг 15 майга мўлжалланган музокарлари жума, 16 май кунига кўчирилди, деб хабар бермоқда ТАСС.

«Коммерсант»нинг ёзишича, Украина делегацияси 15 май куни Истанбулдаги Долмабаҳче саройига етиб келган — учрашув айнан шу ерда ўтказилиши керак.

Истанбулда 15 май куни музокаралар ўтказиш ташаббуси Владимир Путинга тегишли — у ЕИ давлатлари ва АҚШнинг 30 кунлик ўт очишни тўхтатиш борасидаги чақириғига жавобан ушбу таклифни билдирганди. Украина президенти Володимир Зеленский Путин билан Туркияда шахсан учрашишга тайёрлигини маълум қилди. Аммо Россия президенти музокараларга ўз ёрдамчиси Владимир Мединский бошчилигидаги делегацияни юборди.

Зеленский Россия делегацияси таркиби «Москванинг Истанбулдаги музокараларда жиддий қарамаётганидан» далолат беришини маълум қилди. Шунга қарамай, Украина президенти Доналд Трампга ҳурмат юзасидан учрашувга мудофаа вазири Рустем Умеров бошчилигидаги делегацияни юборади. Шунингдек, Зеленский музокараларда иштирок этадиган Украина делегацияси таркибини ҳам тасдиқлади. Ундан қуйидаги масъуллар ўрин олди:

  • Ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Сергей Кислица;
  • Украиан хавфсизлик хизмати раиси ўринбосари Александр Поклад;
  • Ташқи разведка хизмати раисининг биринчи ўринбосари Олег Луговский;
  • Украина Қуролли кучлари Бош штаби бошлиғининг ўринбосари Алексей Шевченко;
  • Разведка бош бошқармаси бошлиғи ўринбосари Вадим Скибицкий;
  • Ҳаво кучлари қўмондонлиги штаб бошлиғи ўринбосари Евгений Шинкарев;
  • Ҳарбий-денгиз кучлари қўмондонлиги штаб бошлиғи ўринбосари Александр Дяков;
  • Қуролли кучлар Бош штаби Марказий юридик бошқармасининг халқаро ва операцион ҳуқуқ бўйича бошқармаси бошлиғи Алексей Маловацкий;
  • Қуролли кучлар Бош штаби Бош оператив бошқармасининг катта офицери Александр Шерихов;
  • Украина Қуролли кучлари бош қўмондони аппарати протокол бўлими офицери Георгий Кузмичев;
  • Украина президенти офиси раҳбари маслаҳатчиси Александр Бевз.

Аввалроқ Россия президенти Владимир Путин Украина билан музокараларга борадиган РФ делегацияси таркибини тасдиқлаш тўғрисидаги фармойишни имзолаганди.

Мавзуга оид