Наманганнинг “Ибратли судя”си хавфли рецидивист фоҳишахона сақловчини озод қилди
Қўшмачилик ва фоҳишахона сақлаш жинояти учун 5 йил 1 ойга озодликдан маҳрум қилинган аёлни Наманган вилояти суди судяси Авазбек Иномов озод қилиб юборгани маълум бўлди. Аввалроқ судя Иномов Поп тумани ҳокимининг ўғрилик қилган ўғлини апелляция инстанциясида суд залидан озод қилиб, “тилга тушганди”. У январ ойида “Ибратли судя” мукофоти билан тақдирланган.

Фото: Kun.uz
Наманган вилояти судининг жиноят ишлари бўйича судяси Авазбек Иномов хавфли рецидивист, қолаверса, аввалги жиноят учун суд тайинлаган шартли жазо муддатини ўтаб юрган қўшмачини* апелляция инстанция судида қамоқдан чиқариб юборгани маълум бўлди. Kun.uz ушбу жиноят иши бўйича суд ҳужжатларини ўрганди.
*Маълумот учун:
Қўшмачилик – бу манфаатдор шахсларга жинсий алоқа қилиш ёхуд жинсий эҳтиёжларини ғайритабиий усулда қондириш учун жинсий алоқа шерикларини топишига ёрдам курсатишдир.
Фохишахона сақлаш – бу унинг мижозларига жинсий алоқа қилишлари ёки ўз жинсий эҳтиёжларини ғайритабиий усулда қондиришлари учун махсус мўлжалланган ҳар қандай хонани ёки бошқа жойни ҳақ эвазига беришидир.
Манба: М.Х.Рустамбаев, Жиноят кодексига шарҳлар, Адолат 2016й 131-бет (ТДЮУ электрон кутубхонаси)
“Хижома”даги интим хизмат
Жиноят ишлари бўйича Наманган шаҳар судининг 2023 йил 28 сентябрдаги ҳукми билан икки киши – 1984 йилда туғилган Давронова Жамила Абдусаматовна ҳамда 1994 йилда туғилган Дадабаева Шоҳсанам Шуҳрат қизи жиноий жазога тортилган.
Ҳукмда келтирилишича, хавфли рецидивист (шахснинг илгари қасддан содир этган жинояти учун судланганидан кейин қасддан янги жиноят содир этиши рецидивист жиноят деб топилади) ҳисобланган Шоҳсанам Дадабаева шериги Жамила Давронова билан тил бириктириб, фаолият юритган. Улар 2023 йил 25 апрел куни Янги Наманган туманидаги “Хижома” массажхонасига келган шартли мижозга шу ердаги ишчи билан 200 минг сўм эвазига жинсий алоқа қилишга шароит яратиб беришган. Улар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда ушланган.
“Хижома” массажхонасини Шохсанам Дадабаева ижара асосида ишлатиб келган. Жамила Давронова эса у ерда массажчи бўлиб ишлаган.
Жамила Давронова судда айбига тўлиқ иқрорлик билдирган.
Жазо
Суд ҳукми билан Жамила Давронова Жиноят кодексининг 131-моддаси (қўшмачилик қилиш ёки фоҳишахона сақлаш) 3-қисми билан айбли деб топилган. Унга 3 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланган.
Айни шу модданинг 4-қисми “б” банди (такроран, хавфли рецидивист томонидан қўшмачилик қилиш ёки фоҳишахона сақлаш) билан айбли деб топилган Шоҳсанам Дадабаева эса 5 йил 1 ойга озодликдан маҳрум қилинган. Унга нисбатан қўлланган муносиб хулқ-атворда бўлиш ҳақида тилхат эҳтиёт чораси ўзгартирилиб, суд мажлисида қамоққа олинган.
Ўзгарган ҳукм
Шоҳсанам Дадабаева жиноят ишлари бўйича Наманган шаҳар судининг ҳукмидан норози бўлиб апелляция шикояти киритган. Жиноят иши Наманган вилояти суди судяси Авазбек Иномов раислигида апелляция инстанциясида кўриб чиқилган.
Апелляция инстанциясининг 2023 йил 7 ноябрдаги ажрими билан дастлабки суд инстанцияси ҳукмининг Шоҳсанам Дадабаевага оид қисми ўзгартирилган. Унга қўлланган озодликдан маҳрум қилиш жазоси Жиноят кодексининг 72-моддасига асосан шартли ҳисобланиб, 3 йил синов муддати белгиланган ва Дадабаева суд залида қамоқдан озод қилинган.
Апелляция инстанцияси суди Шоҳсанам Дадабаева “аёл киши экани, 3 нафар вояга етмаган фарзанди борлиги ҳамда якка тартибда тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланишини” инобатга олган.
Иномов раислик қилган суд ҳайъати нима учундир Дадабаева рецидивист бўлгани ҳолда жиноят ишлари бўйича Янгиқўрғон туман судининг 2022 йил 23 сентябрдаги ҳукми билан тайинланган синов муддати мобайнида янги жиноят содир этганига кўз юмган.
“Халоскор” судя
Наманган вилояти судининг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати судяси Авазбек Иномов шу тариқа Шоҳсанам Дадабаевани хавфли рецидивист бўлгани ҳолда аввалроқ суд белгилаган синов муддати даврида яна жиноят содир қилганига қарамай, суд залида қамоқдан озод қилиб юборган.
Судя Авазбек Иномов аввалроқ Поп тумани ҳокимининг 2,5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинган ўғли Ғулом Султоновни апелляция инстанциясида суд залида озод қилгани ортидан “тилга тушганди”.
Ўшанда Наманган вилоят суди апелляция инстанциясининг 2024 йил 7 августдаги ажрими билан 200 млн сўмдан ошиқ электр токини ўғирлаган Султонов Ғулом Аъзамовичга нисбатан чиқарилган суд ҳукми ўзгартирилиб, у суд залидан озодликка чиқарилган. Яъни судланувчига тайинланган озодликдан маҳрум қилиш жазоси 3 йил муддатга озодликдан чеклаш жазосига ўзгартирилган. Апелляция инстанцияси судига Авазбек Иномов раислик қилган.
Бироқ ОАВ ва ижтимоий тармоқларда кўплаб муҳокамаларни келтириб чиқаргани ортидан Ғулом Султонов иши Наманган вилоят судида тафтиш инстанциясида кўриб чиқилган эди. Чиқарилган ажримга асосан, апелляция инстанцияси суди ажрими бекор қилиниб, Султоновга нисбатан биринчи инстанция суди чиқарган ҳукм ўз кучида қолдирилган. Яъни у 2,5 йилга озодликдан маҳрум этилганди.
Кўп ўтмай Авазбек Иномов Судялар олий кенгаши қарори билан “2024 йил якунлари бўйича фаолиятида алоҳида ўрнак ва намуна кўрсатган ҳамда юқори рейтинг кўрсаткичларга эга бўлгани” учун “Ибратли судя” мукофоти билан тақдирланганди.
Руслан Сабуров,
Kun.uz