Ўзбекистон | 16:59 / 06.03.2025
2081
4 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёев 6 та давлат элчиларидан ишонч ёрлиқларини қабул қилди

Давлат раҳбари дипломатик ваколатхоналар раҳбарларини Ўзбекистондаги шарафли миссияси бошлангани билан самимий табриклади.

6 март куни хорижий давлатларнинг Ўзбекистонга янги тайинланган элчилари томонидан ишонч ёрлиқларини топширишга бағишланган тантанали маросим бўлиб ўтди.

Президент Шавкат Мирзиёев фавқулодда ва мухтор элчилар – Миср Араб Республикасидан Томир Фатҳий, Италия Республикасидан Пергабриель Пападиа де Боттини, Қирғизистон Республикасидан Дуйшонқул Чотонов, Беларусь Республикасидан Александр Огородников, Гуржистондан Давид Котария ва Туркия Республикасидан Уфук Улуташнинг ишонч ёрлиқларини қабул қилиб олди.

Давлат раҳбари дипломатик ваколатхоналар раҳбарларини Ўзбекистондаги шарафли миссияси бошлангани билан самимий табриклади.

Дунёда зиддиятлар кескинлашиб, геосиёсий рақобат кучайиб бораётган ҳозирги даврда дўст давлатларнинг бир-бирини қўллаб-қувватлаши ҳар қачонгидан ҳам муҳим экани таъкидланди. Бундай шароитда Ўзбекистон ўзининг очиқ ва прагматик ташқи сиёсати билан ўзаро ҳурмат ва дўстликни мустаҳкамлаб, дунёнинг барча минтақаларидаги давлатлар, халқаро ташкилотлар ва глобал молиявий институтлар билан амалий шерикликни ривожлантирмоқда.

Президент умумий сиёсий ирода туфайли Марказий Осиё яхши қўшничилик, ишонч ва интеграция минтақасига айланиб бораётганини алоҳида таъкидлади.

Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлишини қўллаб-қувватлагани учун дипломатик миссиялар раҳбарлари вакиллик қилаётган мамлакатлар ҳукуматларига миннатдорлик билдирилди.

Давлат раҳбари Миср Араб Республикаси элчисига мурожаат қилар экан, ушбу мамлакат Ўзбекистоннинг Яқин Шарқдаги ишончли ҳамкори эканини таъкидлади.

Ўзбекистон етакчиси Италия улкан сиёсий ва иқтисодий салоҳиятга эга муҳим стратегик шерик эканини таъкидлади. Италия бош вазирининг мамлакатимизга жавоб ташрифини ташкил этиш асосий вазифа этиб белгиланди.

Қирғизистон Ўзбекистоннинг яқин қўшниси ва стратегик шеригидир. Ҳукуматлараро ва парламентлараро комиссиялар, Ҳудудлараро форум ва Ишбилармонлар кенгаши фаолияти натижадорлигини таъминлаш зарурлиги таъкидланди.

Сўнгги йилларда Ўзбекистон-Беларусь ҳамкорлиги сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилди. Давлат раҳбари қишлоқ хўжалиги, электротехника, енгил саноат, соғлиқни сақлаш, қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳаларида кооперацияни кучайтириш зарурлигига алоҳида эътибор қаратди. Ҳудудлараро, тиббиёт ва таълим форумларини самарали ўтказиш муҳимлиги қайд этилди.

Ўзбекистон президенти Гуржистон Жанубий Кавказдаги ишончли ҳамкоримиз эканини таъкидлади. Грузия бош вазири Ираклий Кобахидзенинг яқинда Ўзбекистонга амалга оширган расмий ташрифи якунлари икки томонлама муносабатлар ривожида янги босқич бўлишига ишонч билдирилди.

Давлатимиз раҳбари Туркия элчисига мурожаат қилар экан, фаол сиёсий мулоқот туфайли икки томонлама муносабатлар кенг қамровли стратегик шериклик даражасига кўтарилганини таъкидлади.

Маросим якунида давлат раҳбари янги тайинланган элчиларга шарафли ва масъулиятли фаолиятида катта муваффақиятлар тилади, шерикликни мустаҳкамлаш учун мавжуд барча имкониятлардан самарали фойдаланишга чақирди, ҳудудлар ва хусусий бизнес вакиллари билан фаол ҳамкорлик қилишни тавсия қилди.

Ўз навбатида, дипломатлар самимий қабул ва самарали фаолияти учун яратилган шароитларга миннатдорлик билдириб, Ўзбекистон билан кўп қиррали ҳамкорликни фаол илгари суриш йўлида ўзларининг бутун профессионал тажрибаси ва билимидан фойдаланишга тайёр эканини таъкидладилар.

Мавзуга оид