Жаҳон | 20:41 / 15.06.2025
20459
7 дақиқада ўқилади

Уруш бошланди, Нетаняҳу эронликларни исёнга чорлади – ҳафта дайжести

Ассалому алайкум. Бугун 15 июн, якшанба. Ортда қолаётган ҳафтада нотинч дунёмизда яна бир уруш бошланди. Одатда шунчаки ички аудитория учун иккитадан ракета отиб қочадиган икки давлат бу гал жиддийроқ урушга киришди. Исроил бош вазири эронликларни исёнга чорлади, тез орада самолётларимиз Эрон устидан учади, деб мақтанди. Бир неча дақиқа вақтингизни аямасангиз, шу ва ҳафтанинг бошқа муҳим воқеаларини биргаликда эслаймиз.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Исроил – Эрон уруши

Ҳафтанинг энг муҳим воқеаси Исроил ва Эрон ўртасида уруш бошлангани бўлди. Аввалига Исроил Эрондаги ядрочи олимлар яшайдиган кварталга, кейин Эрон уранни бойитиш объектларига, ҳарбий раҳбарият вакиллари яшайдиган манзилларга зарба йўллади. Исроил зарбаси натижасида эронликлар генераллар, хусусан, ислом муҳофизлари корпуси қўмондони Ҳусайн Саломий, 2020 йил ўлдирилган Қосим Сулаймоний ўрнига Ал Қудс бригадаси раҳбарига айланган Исмоил Каани ўлдирилди.

Кейин Эрон Исроилга юзлаб баллистик ракеталар учирди. Бу гал Эроннинг жавоби жиддий бўлди. Теҳрон шунчалик кўп ракета учирдики, Исроил мақтанадиган Темир гумбаз ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими бунга дош беролмай бирин-кетин ракеталарни ўтказиб юборди. Тел-Авивда камида 20 та портлаш содир бўлди. Ракеталардан бири ЦАҲАЛ штаб квартираси жойлашган Кирия ҳукумат комплексига бориб урилган.

Маълумот учун, Эронда 1979 йил ислом инқилоби амалга оширилиб Эрон ислом республикаси тузилгач, Теҳрон Исроилни йўқ қилишни мамлакат мавжудлигининг асосий мазмуни деб атаб буни ҳарбий доктринага ҳам киритган. Мана шу 46 йилдан буён давом этаётган душманлик тарихида илк марта икки давлат ўзаро уруш ҳолатига келди десак муболаға бўлмайди.

Ҳиндистонда авиаҳалокат

Ҳафта давомида Ҳиндистонда аянчли авиаҳалокат содир бўлди. Аҳмадободдан Лондонга учаётган Аир Индиа авиакомпаниясига тегишли Boeing 787-8 Dreamliner ҳавога кўтарилганидан кўп ўтмай одамлар уйи устига қулади. Учоқ яқин атрофдаги аэропорт учиш қўниш йўлагига авариявий қўнишни амалга оширмоқчи бўлган, лекин у ергача боролмай уйлар устига қулаган. Самолёт ичидаги 241 киши, шунингдек, ерда бўлган одамлар ҳалок бўлди. Учоқ ичида бўлган фақат бир йўловчи омон қолган.

Ҳозирда ҳалокат сабаблари аниқланмоқда. Dreamliner Boeing чиқарган энг яхши самолётлардан бири бўлиб 2011 йилда тижорий хизмат кўрсатишни бошлаган. Ўшандан буён бундай самолёт иштирокида бирор марта авиаҳалокат содир бўлмаганди.

Грета Тунберг Ғазога боролмади

Ҳафта бошида швециялик экофаол Грета Тунберг ва ўнга яқин Фаластин тарафдорлари Италиянинг Сицилия шаҳридан кемада Ғазо томон ҳуманитар юклар билан йўлга чиқишди. Улар оддий кема билан Ўрта Ер денгизидаги Ғазо блокадасини ёриб ўтмоқчи бўлишди. Бироқ кутилганидек Исроил ҳарбийлари қизалоқ ва дўстлари бўлган кемани қўлга олишди. Барча фаоллар депорт қилинди. Хусусан, Грета Тунберг ҳам самолётда Францияга учириб юборилди. Тунберг узоқ йиллардан бери самолётда учмайди ва бу транспорт экологияга зарар беради деб ҳисоблайди. Шунга қарамай, исроилликлар швед қизни унинг ихтиёрига зид тарзда самолётда учириб юборишди.

Ҳафта иқтибоси

АҚШ президентининг Россия ва Украина бўйича махсус вакили генерал Кит Келлог Украина президенти Володимир Зеленскийнинг ҳаракатларини АҚШнинг 16-президенти Авраам Линколннинг ҳаракатларига ўхшатди.

«Линколн ўз миллати тирик қолиши, миллий суверенитет учун курашди. Бўлаётган воқеаларни кўраркансиз Украина жанг майдонида тўқнаш келаётган муаммоларни тушунишингиз керак. Зеленский миллати тирик қолиши учун ўз ерида жанг қилмоқда. Худди Авраам Линколн каби», деди Келлог.

Трампга қарши намойишлар

Ушбу ҳафтада АҚШ президенти Доналд Трамп 79 ёшга тўлди. Шунингдек, АҚШ армияси ташкил этилганининг 250 йиллигини нишонлади. Шу муносабат билан Вашингтонда ҳарбий парад ўтказилди. Бироқ Трампга бу парад татимаган бўлса керак. Чунки шу куни бутун Америкада республикачи президентга қарши намойишлар ўтказишди. Одамлар қиролга йўқ деймиз деб ҳайқиришди. Ахир кўплаб америкаликларга бунақа ҳарбий парад ўтказиб техникаларни кўз-кўз қилиш бошқа бир давлатни эслатиб юборди-да. Лекин америкаликлар бунақа ҳарбий кортеждан завқланиб мақтанишга ўрганишмаган, шу сабаб Трампнинг иши уларга ёқмади.

Етмаганига АҚШ энг машҳур шаҳарларидан бири Лос Анжелесда ҳам Трампга, унинг миграция сиёсатига қарши намойишлар тўхтамади. Трамп намойишларни бостириш учун армия зобитларини ташлашгача борди. Намойишчилар Америка муҳожирлар томонидан тузилган давлат экани, мигрантларга бунақа муносабатда бўлиш ярамаслигини айтиб норозилик билдиришди.

«Қўзғалинг, эронликлар», деди Нетаняҳу...

Эронга қарши уруш бошлаган Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу илк зарбалар фонида эронликларга мурожаат қилди. Нетаняҳуни анча йиллардан буён кузатадиганлар яхши билишади, у эронликларга мурожаат қилиб мен сизлар биланман дейишни яхши кўради.

Бу гал Нетаняҳу эронликларни исёнга чорлади. «Мен ғурурли Эрон халқига мурожаат қилиб айтмоқчиманки, тузум ҳеч қачон ҳозиргидек кучсиз бўлмаган. Қўзғалинг ва овозингизни эшитишларига мажбур қилинг. Мен сизлар билан, Исроил халқи сизлар билан», деди Нетаняҳу.

Москва – Пхенян поезди

Уруш бошланганидан буён Россия фуқаролари учун дунёнинг кўплаб давлатларига, айниқса улар ёқтирадиган Европага бориш тақиқланди. Ҳукумат бундай пайтда саёҳатчи россияликлар учун янги маршрутлар топишга ҳаракат қилмоқда. Масалан, Шимолий Корея. Беш йиллик тўхтатилишдан кейин Москва - Пхенян поезд қатнови яна қайта тикланиши эълон қилинди. 17 июндан бошлаб энди ойда икки марта Россия пойтахтидан Шимолий Корея пойтахтига рейс амалга оширилади. Чипталар фақат темирйўл кассаларида сотилади.

Маълумот учун, бу дунёдаги энг узун тўғридан-тўғри поезд маршрути ҳисобланади. Икки шаҳар ўртасидаги масофа 10 минг кмдан ортиқ бўлиб йўлга 8 кун вақт сарфланади. Поезд орада 11 та шаҳарга тўхтаб ўтади. Шимолий Кореяда россиялик сайёҳлар учун бутун бошли пляж мажмуаси қуриб қўйилган. Шу ёзда очилиши керак бўлган 150 та бинони ўз ичига олган ҳудуд дунёдаги энг катта пляж зонага айланади. Ана шунақа гаплар, Ибица, Италия ёки Юнонистон пляжлари бўлмаса, Шимолий Корея пляжлари бор. Ўша-ўша денгиз, ўша-ўша қум.

Бизда ҳозирча шулар. Бу сизларга етказмоқчи бўлган хабарларимизнинг охиргиси эди. Ҳафталик дайжест кўрсатуви билан келаси якшанбада кўришгунча.

Ўткир Жалолхонов тайёрлади.
Тасвирчи ва монтаж устаси ­– Фахриддин Ҳотамов.

Мавзуга оид