Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Аргентинада россиялик жосуслар тармоғи фош қилинди
Фош қилинган тармоқнинг мақсади Аргентинада маҳаллий ҳокимиятга қарши дезинформация кампаниясини ўтказиш учун Россия манфаатларига содиқ одамлар гуруҳини яратиш бўлган.

Фото: The Insider
Аргентина Давлат разведка котибияти (SIDE) мамлакатда Кремл манфаати учун ишлайдиган агентлар тармоғини фош қилди. Бу ҳақда Аргентина президенти Хавиер Милей матбуот котиби Мануэл Адорни хабар берди.
«Аргентинадаги россияликлар маҳаллий фуқаролар билан яқин ҳамкорликда Россиянинг геосиёсий манфаатлари йўлида шубҳали вазифаларни амалга ошириш билан шуғулланган. Тергов Россия ҳукуматига алоқадор «Компания» деб номланган ташкилот мавжудлигини аниқлади. Бу россиялик марҳум олигарх Евгений Пригожин раҳбарлик қилган «Лахта» лойиҳаси билан боғлиқ. Ташкилотнинг Аргентинадаги етакчиси Лев Константинович Андриашвили бўлган. У хотини Ирина Яковенко билан бирга ташкилотнинг маҳаллий аъзоларини молиялаштириш ва ҳамкорликни ривожлантириш учун масъул бўлган», деди Адорни.
Адорни сўзларига кўра, фош қилинган ташкилотнинг мақсади Аргентинада маҳаллий ҳокимиятга қарши дезинформация кампаниясини ўтказиш учун Россия манфаатларига содиқ одамлар гуруҳини яратиш эди. Андриашвили ва Яковенконинг вазифалари ижтимоий тармоқларда контент яратиш ва тарқатиш, алоқаларни ўрнатиш ва фуқаролик бирлашмалари, жамғармалар, нотижорат ташкилотларга таъсир ўтказиш, шунингдек, ундан Россия манфаатларида фойдаланиш учун сиёсий маълумотларни олишдан иборат эди. Адорни россияликларнинг ҳибсга олиниши ва уларнинг қаерда экани ҳақида ҳеч нарса айтмади. Аммо у журналистлар билан SIDE томонидан олинган материалларнинг фақат бир қисмини баҳам кўришини таъкидлади.
29 майда қабул қилинган радикал иммиграция ислоҳоти фонида Аргентинадаги россиялик жосуслар билан боғлиқ янги можаро муҳокама қилинмоқда. Бу Аргентинадаги ўз мақомини қонунийлаштиришга уринаётган минглаб россияликларга бевосита таъсир қилди. Янги қоидалар ҳам резидентлик, ҳам фуқароликни олиш тартибини жиддий равишда мураккаблаштиради. Ислоҳотнинг сабабларидан бири, Аргентина расмийларига кўра, оналик туризмига чек қўйиш зарурати. Сўнгги уч йил ичида минглаб ҳомиладор россиялик аёллар унинг гуллаб-яшнашига сабаб бўлди. Улар соддалаштирилган тартибда фуқароликни олиш учун Аргентинада туғмоқда. Ушбу мамлакат паспорти 170 дан ортиқ давлатга, жумладан, Европа Иттифоқига визасиз кириш имконини беради.
Аввалроқ, Аргентинада россиялик агентлар Артём ва Анна Дулцевлар фош қилинган эди. Улар ўз фарзанди туғилиши туфайли Аргентина фуқаролигини олган. Сўнгра ушбу паспорт билан Словенияда Россия манфаати учун жосуслик қилган. Улар 2022 йил декабрида фош қилинди ва ҳибсга олинди. 2024 йил августида Дулцевлар оиласи Москва ва Ғарб давлатлари ўртасида маҳбуслар алмашинуви доирасида Россияга қайтиб келди.
Мавзуга оид

13:06
Россияга қарши санкцияларнинг 18-пакети Словакияга боғлиқ бўлиб қолмоқда

11:55
Россия консерва ишлаб чиқарувчи энг йирик компанияни миллийлаштирди

10:36
Россияда полицияга ушланганларни урушга жўнатгани учун пул тўланяпти

09:29