Олимлар Қуёш қачон “ўлишини” маълум қилди: Ерга нима бўлади?
Шу вақтга қадар Қуёш ўз ҳалокати олдидан Ерни ютиб юбориши ҳақида ҳисоб-китоблар мавжуд эди. Янги кашфиёт сайёрамиз омон қолиши мумкинлигини кўрсатди.

Фото: Unsplash
Калифорния университети олимлари астроном Кеминг Жан бошчилигида микролинзалаш усули билан ўлик юлдуз атрофида айланаётган экзосайёра — оқ паканани кашф этди. Тадқиқотчиларнинг эътиборини тортган нарса шуки, бу тизим Қуёш тизимига ўхшаб кетади, унинг ҳолати эса Ер ва Қуёшнинг келажакдаги қиёфасини акс эттириши мумкин. Ушбу тадқиқот Nature Astronomy журналида эълон қилинди.
Олимлар оқ паканалар тизимини кузатаётганда, тасодифан орқа фондаги юлдузларнинг ёруғлиги бузилганини аниқлади. Бу ҳодиса гравитацион линзалаш деб аталади. Олимларни қизиқтирган сайёра айнан шундай кашф этилди. Тадқиқотчилар унинг массаси Ер массасидан 1,9 марта катта эканини аниқлади, бироқ бу объектнинг тузилиши Ерникига ўхшаб кетади.
Бундан ташқари, оқ паканагача бўлган масофа ҳам ҳисоблаб чиқилди. У 2,1 астрономик бирликка тенг экани маълум бўлди, яъни Қуёш билан Ер орасидаги масофадан икки баробар кўпроқ.
Аммо кашфиётнинг энг муҳими жиҳати — юлдузнинг ҳалокатидан кейин ҳам тизимда бу сайёранинг тирик қолиши эди. Оқ пакананинг массаси баҳолангач, уни тирик қолдирган юлдуз Қуёшга ўхшаш экани аниқланди. Бундай юлдузлар ҳалок бўлишидан олдин қизил гигантларга айланади. Ҳисоб-китобларга кўра, келгусида Қуёш ҳам кенгайиб, Меркурий ва Венерани, шунингдек, Ерни ҳам ютиб юбориши мумкин. Бироқ яқиндагина топилган сайёра мисолида унинг фалокатдан омон қолганини кўриш мумкин. Бундан ташқари, пакана сайёра юлдуз ҳалок бўлишидан олдин тахминан Қуёш ва Ер оралиғидаги масофада жойлашган эди, юлдузнинг “сўнгги талвасаси” пайтида эса “узоқлашган”.
Замонавий моделларда Қуёш кенгайишни бошлаганда, Ер ютилишдан қутула оладими ёки йўқ, деган масалада турлича фикрлар мавжуд. Бунинг сабаби, қизил гигантнинг масса йўқотиш тезлиги ҳақида билимлар жуда оз. Калифорнияликлар кашфиёти шуни кўрсатадики, Ернинг ҳалокатини башорат қилувчи айрим моделлар ҳаддан ташқари пессимистик. Сайёрамиз ютилишдан қутулиб қолиши мумкин — буни оқ пакана мисолида кўрдик.
Дарвоқе, Ер аҳолиси бу жараёнларни кўра олмаслиги мумкин. Гап шундаки, Қуёш тахминан 5 миллиард йилдан сўнг қизил гигантга айланишни бошлайди. Аммо жараёндан олдинроқ унинг ҳарорати кўтарилиб, сайёрамизда ҳозиргидек ҳаёт кечириш имконсиз бўлиб қолади. Бунинг ўрнига, Сатурн ва Юпитернинг йўлдошлари яшаш учун қулай зонага айланиши мумкин. Олимларнинг тахминига кўра, инсоният ўша ерларга кўчиб ўтади ва улардан туриб Ерга нима бўлаётганини кузатади.
Тавсия этамиз
Нима учун Кореяни танлаш ёки танламаслик керак? | SUBYEKTIV
Жамият | 19:02 / 30.06.2025
Уруш тугади, энди Исроил ва Эрон нима қилади?
Жаҳон | 12:02 / 30.06.2025
Кўчмас мулк савдосини нақдсиз шаклга ўтказиш режалаштириляпти
Иқтисодиёт | 11:26 / 30.06.2025
Ҳиндистонда ўн миллионлаб одам уран билан ифлосланган сувни ичмоқда — олимлар
Жаҳон | 09:01 / 30.06.2025
Сўнгги янгиликлар
-
ЖССТ зарарли маҳсулотлар нархини оширишга чақирди
Жаҳон | 23:50 / 02.07.2025
-
Андижонда профилактика инспектори пичоқланди, Қўйлиқ йўлида мегатирбандлик юзага келди — маҳаллий дайжест
Ўзбекистон | 23:39 / 02.07.2025
-
Озарбойжон–Россия зиддиятлари нимадан дарак?
Жаҳон | 23:12 / 02.07.2025
-
Европа АҚШнинг Киевга зенит ракеталари етказиб беришни тўхтатиш қароридан «ҳайратга тушди»
Жаҳон | 23:03 / 02.07.2025
Мавзуга оид

00:12 / 26.05.2025
Ер қаърида улкан олтин захиралари борлиги аниқланди

21:37 / 14.05.2025
Қуёшда 2025 йилдаги энг кучли чақнаш юз берди

18:43 / 08.05.2025
Олимлар Ерда кислород қачон йўқ бўлиб кетишини аниқлади

17:51 / 17.04.2025