Жаҳон | 17:51 / 17.04.2025
3504
3 дақиқада ўқилади

Астрономлар Ердан 120 ёруғлик йили узоқликдаги сайёрада ҳаёт белгисини топди

Унинг атмосферасида диметил сулфид мавжудлиги аниқланди, бу молекула Ерда фақат тирик организмлар, хусусан, денгиз ўтлари томонидан ишлаб чиқилади.

Фото: University of Cambridge

Астрономлар Қуёш тизимидан ташқаридаги сайёрада ҳаёт мавжудлигини кўрсатиши мумкин бўлган кимёвий бирикмани аниқлади. Гап Ердан 120 ёруғлик йили узоқликда Арслон юлдуз туркумида жойлашган K2-18b экзосайёраси ҳақида кетмоқда. Жеймс Уэбб телескопи билан такрорий кузатишлар атмосферада диметил сулфид мавжудлигини аниқлади, бу молекула Ерда фақат тирик организмлар, хусусан, денгиз ўтлари томонидан ишлаб чиқилади.

Тадқиқот раҳбари, Кембриж университети астрофизики Никку Мадхусудхан сўзларига кўра, бу маълумотлар K2-18b сайёрасини ҳаёт мавжуд бўлиши мумкин бўлган илиқ океан қоплаганини кўрсатади. Олим воқеани «инқилобий лаҳза» деб атади ва инсоният эҳтимолий яшаш мумкин бўлган сайёрада биосигнатларни биринчи марта кашф қилганини таъкидлади.

K2-18b сайёраси 2017 йилда кашф этилган ва субнептун деб аталади - Ердан каттароқ, лекин Нептундан кичикроқ сайёра. 2021 йилда Мадхусудханнинг тадқиқот гуруҳи бундай объектлар учун янги атамани ишлаб чиқди: hycean-сайёра, «водород» ва «океан» сўзларининг комбинацияси. Олимлар уларда илиқ сув юзаси ва водородга бой атмосфера бўлиши мумкинлигини тахмин қилмоқда.

K2-18b сайёрасидаги диметил сулфид ҳақида биринчи эслатма 2023 йилда пайдо бўлган, аммо сигнал жуда заиф эди. Телескоп бортида бошқа асбоб ёрдамида олиб борилган кейинги кузатишлар нафақат диметил сулфиднинг, балки тегишли бирикма - диметил дисулфиднинг ҳам мавжудлигини аниқлади. Бундан ташқари, олимларнинг ҳисоб-китобларига кўра, сайёрадаги диметил сулфид концентрацияси Ер юзидаги даражадан минглаб марта юқори бўлиши мумкин.

Бироқ, бошқа тадқиқотчилар эҳтиёт бўлишга чақиради. Улардан баъзилари K2-18b сув дунёси эмас, балки қалин водород атмосферасига эга бўлган эриган тош массаси - ҳаёт билан мос келмайдиган шароитлар деб ҳисоблашади. Гипотезани тасдиқлаш мақсадида ушбу молекулаларнинг экзосайёра шароитида қандай ҳаракат қилишини аниқлаш учун лаборатория тажрибалари ва кейинги кузатишлар керак бўлади.

Зиддиятга қарамай, олимлар K2-18b сайёрасидан олинган янги маълумотлар ердан ташқаридаги ҳаётни қидиришда истиқболли йўналиш очади, деб ҳисобламоқда. Агар тахминлар тасдиқланса, инсоният бизнинг галактикамиз қанчалик яшашга яроқли эканини тушуниш учун муҳим қадам ташлайди.

Мавзуга оид