Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Озарбойжон–Россия зиддиятлари нимадан дарак?
Шу кунларда пост-совет минтақасидаги энг жиддий эҳтирослар Озарбойжон–Россия муносабатларида кузатилмоқда. Минтақадаги барча давлатлар ва халқлар воқеалар ривожини диққат билан кузатяпти. Кўз ўнгимизда Боку ва Москванинг “дўстлиги” бузилаётгандек.

27 июн куни Россиянинг Екатеринбург шаҳрида “облава” ўтказилган. Россия куч ишлатар тизимлари ўнлаб асли Озарбойжонликларни қўполликлар билан текширишган. Одатдагидек, куч ишлатилган. Озарларнинг қўллари қайрилиб, полиция участкаларига олиб келинган. Расмий сабаб – бундан 24 йил олдин – 2001 йилда ўлдирилган Озарбойжонлик бир шахснинг қотилини аниқлаш бўлган.
Рейд давомида ака-ука Ҳусайн ва Зиёвуддин Сафаровлар вафот этган. Россия тарафининг айтишича, “юрак хасталиги сабаб”. Лекин Озарбойжон тарафи олиб келинган жасадларни суд-тиббий экспертизасидан ўтказиб, ака-ука Сафаровлар “қаттиқ жароҳатлар, балки қийноқлар” сабаб ўлган деган хулосага келди.
Бунинг ортидан Боку Озарбойжондаги “Спутник” таҳририятида тинтув ўтказган, унда ишловчи етти кишини қўлга олиб текширди, иккитасини 4 ойга қамади. Офис ёпилган. Расмий Боку “Спутник” ходимларини “журналист ниқоби остида фаолият юритувчи ФСБ ходимлари” деб таърифлади.
Шундан кейин Москва Озарбойжон элчисини чақиртириб, норозилик билдирди. Озар элчиси эса Россия ТИВдан чиқиши биланоқ: “Озарбойжонга ҳақоратомуз муносабатда бўлишларини қабул қилмаймиз” мазмунида шарҳ берди.
Шунингдек, Бокуда Россиянинг ўнлаб фуқароларини оммавий текшириш ишлари олиб борилди. Тарқатилган видеоларда Озарбойжон куч ишлатар тизимлари ушланганларга худди Россия ОМОНчилари каби қўпол муомалада бўлаётган акс этган. Россияликларнинг юзларида жароҳат излари кўринади. Улар ҳақоратомуз шаклда эмаклаб юришга мажбурланган.
Ўзи нима бўляпти? Нега бу икки давлат ўртасидаги зиддиятлар даҳанаки ўсиб боряпти?
Озарбойжон–Россия ўртасида қора мушук ўтиши 2024 йил 25 декабрдаги самолёт қулаши ортидан бошланган эди. “Озарбойжон ҳаво йўллари”га тегишли фуқаролик самолёти Бокудан Грознийга учганида, тахминларга кўра, Россия ҳарбийлари уни Украинага тегишли дрон деб ўйлаб, уриб туширган. Шикастланган самолёт Россия шаҳарларидан бирига қўнишга рухсат сўрайди, лекин рухсат берилмайди. Бунда “самолет балки денгизга қуласа, муаммо бўлмайди” деган мақсад бўлгани ҳақида ҳам фаразлар бор. Нима бўлганда ҳам, самолёт Касбий денгизи узра учиб ўтиб, қуруқликка – Қозоғистон ҳудудига кириши биланоқ қулайди.
Самолётда бўлган 67 кишининг 29 нафари тирик қолади, қолганлар ҳалок бўлади. Бошида Озарбойжон томони қатъий, лекин юмшоқ оҳангда: “Бу самолёт хатолик сабаб уриб тушурилганини биламиз, Россия ўз хатосини тан олиши, айбдорлар жавобгарликка тортилиши ва компенсация тўланиши керак” дейди. Лекин Россия пропагандаси ҳар хил бўлмағур версияларни олдинга сураверади. Ҳатто Озарбойжоннинг ўзини ҳам айблай бошлайди. Мана, орадан ярим йилдан ортиқ вақт ўтибдики, ҳалига қадар Россия бу самолёт ҳалокати бўйича Озарбойжоннинг талабларини қондирмади.
Кейинчалик, 9 май куни Москвада бўлиб ўтган “Ғалаба паради”га Озарбойжон президенти Илҳом Алиев ҳам таклиф қилинган эди. Бироқ иштирок этиши расман тасдиқланган лидерлардан фақат Алиев иштирок этмади. Бу – расмий Бокунинг норозилиги ҳали ҳам сақланиб қолганини кўрсатган эди.
Россиянинг Украинага ҳужуми – империяни тиклаш мақсадида қилинган иш эди. Мақсад – пост-совет ҳудудини ўз назоратига олиш эди. Бироқ бу уруш Россияни ҳолсизлантирмоқда. Озарбойжон–Россия ўртасидаги зиддиятларда асосий янгилик, бу Россиядаги беписандлик ва кибрланиш кайфияти эмас, балки Озарбойжоннинг дадил ўз қадр-қиммати учун кураша бошлаганидир. Энг катта янгилик – бу Озарбойжоннинг журъати бўлмоқда. Шу пайтга қадар барча пост-совет ҳудудидаги давлатлар Россия блан тўқнашишдан, у билан тирашишдан қочар эди. Чунки Россиянинг Грузияга, Украинага тажовузлари қолган давлатларда ҳам эҳтиёткорлик кайфиятини кучайтириб бўлган эди. Энди эса Озарбойжон ўз қадр-қиммати учун “эскалацияга тайёрман” деган мужда бермоқда.
Екатеринбургдаги озарийларга босим борасида икки хил версия бор. Биринчи версияга кўра, бу босимлардан мақсад – расмий Бокуга, аввало Илҳом Алиевга босим бўлиб, бу ишлар ортида Кремл турибди ва Озарбойжонга “дарс бериб қўйиш”, “қўрқитиб қўйиш” мақсад қилинган. Иккинчи версияга кўра, Екатеринбургдаги куч ишлатар тизимлари, бутун Россияда бўлгани каби, охирги ўн йилликларда билганини қилиб ўрганиб қолишган. Энди эса, кечирим сўрашни ўзи учун “ҳақорат” деб биладиган Кремл вазиятдан қандай чиқишни билмаётган бўлиши мумкин.
Жанубий Кавказда геосиёсий вазият ўзгармоқда. 2020 йилда Озарбойжон ўзининг ҳудуди бўлмиш Қорабоғни 44 кунлик урушда қайтариб олди. Шундан кейин Арманистон Россиядан аразлаб қолди. Кейинги беш йилда Пашинян Россиядан узоқлашмоқда. Яқинда Пашинян Туркияга борди, у Арманистоннинг Озарбойжон ва Туркия билан муносабатларини нормаллаштирмоқчи. Мақсад – тинчлик келишувига эришиш ва барча муаммоларни тинч йўл билан ҳал қилиш, йўлларни очиш ва савдо-иқтисодий ҳамкорликка бор кучни қаратиш. Арманистон бунга эришса, Россиянинг Кавказдаги ягона ҳарбий базаси ҳам ёпилиши мумкин. Бу база Арманистоннинг Гумри шаҳрида жойлашган. Арманистон КХШТдан чиқиб кетиши эҳтимоли ҳам бор.
Ҳозир Эрон ҳам Россиядан норози. Яқинда бўлиб ўтган Исроил–Эрон урушида Россия Теҳронга у истаган қуролларни бермагани борасидаги хабарлар кўп тарқалмоқда. Грузияда эса ички кураш кетмоқда. “Грузия орзуси” партияси Россия билан келишув тарафдори, лекин мамлакатдаги мухолифат ҳам заиф эмас.
Озарбойжоннинг Россия билан тирашувидан мақсад нима? Озарбойжон анти-Россия бўлиш ниятидами? Балки НАТОга интилмоқчидир? Йўқ, Озарбойжон НАТОга интилмайди, бу давлат – “Глобал қўшилмаслик ҳаракати”нинг асосий намоёндаларидан бири. Озарбойжоннинг ягона мақсади – Россия уларга ўзининг вассали каби қарамасин, мустақил давлат сифатида тенг кўрсин, истаган вақт истаган шаклда бу давлатга ва унинг ватандошларига нисбатан таҳқирлашларни қилмасин. Лекин Озарбойжон анти-Россия бўлиш ниятида эмас.
Ҳозирча кўп нарса Москванинг ўз хатоларини тан олиш қобилиятига боғлиқ. Россия – ғалати империя. Унинг хоҳишлари бир-бирига зид. Дунёнинг кўплаб давлатлари собиқ мустамлакаларини ўз орбитасида сақлаб қолиш учун улар билан илиқ ва юмшоқ алоқа ўрнатган. Россия эса бошқалар унга бўйсунишини истайди, лекин бошқаларга нисбатан бағрикенг сиёсат олиб бормай, шовинистик миллатчилик қарашларини сақлаб қолаверади. У бир вақтнинг ўзида ҳам миллатчи давлат бўлишни, ҳам империя бўлишни истайди. Мана шу зиддият ҳам Россия Федерациясини жуда кучли ҳолсизлантирмоқда.
Камолиддин Раббимов,
сиёсатшунос
Тавсия этамиз
Навоийни кимлар заҳарлаяпти? – экология вазири изоҳ берди
Ўзбекистон | 11:23 / 25.07.2025
Ишдаги ишқнинг якуни: селекторда “қўлга тушган” амалдор ишдан олинди
Ўзбекистон | 10:42 / 25.07.2025
Франция Фаластин давлатини тан олади — Макрон
Жаҳон | 09:46 / 25.07.2025
Ниҳоят: келаётган ҳафтада салқин ҳаво оқими кириб келиши кутилмоқда
Ўзбекистон | 20:03 / 24.07.2025
Сўнгги янгиликлар
-
Ҳафта давомида ҳарорат ўзгаришсиз қолиши кутилмоқда
Ўзбекистон | 16:15
-
Тошкент аэропорти қаршисидаги кўприк реконструкциясининг қиймати маълум бўлди
Ўзбекистон | 16:13
-
Наманганда икки ўсмир каналда чўкиб кетди
Ўзбекистон | 15:15
-
ЕК: Киев коррупцияга қарши органлар мустақиллигини сақлаши керак
Жаҳон | 15:12
Мавзуга оид

13:21
Россияда мактаб чатларини Max давлат мессенжерига ўтказиш синовдан ўтказиляпти

11:08
Россиянинг Киевга зарбаси: саккиз киши, жумладан бир бола яраланди

10:28
Россияда таниқли сиёсатшунос Екатерина Шулман сиртдан ҳибсга олинди

10:01