Жаҳон | 18:43 / 08.05.2025
37240
3 дақиқада ўқилади

Олимлар Ерда кислород қачон йўқ бўлиб кетишини аниқлади

Кислородга бой атмосфера сайёра тарихидаги вақтинчалик босқич, дейди тадқиқотчилар.

Фото: NASA

Сайёрамиз атмосфераси эволюциясини моделлаштирган олимларнинг фикрича, Ер тахминан 1 миллиард йилдан сўнг кислородга бой атмосферани йўқотади. Бу ҳақда BBC Sky at Night хабар берди.

Nature Geoscience журналида чоп этилган тадқиқотга кўра, Ернинг яшаш учун яроқсиз бўлиб қолишига энг эҳтимолий сабаб – кислороднинг йўқолиши. Бундай хулосага Казуми Озаки (Тохо университети) ва Кристофер Рейнхард (Жоржия технология институти) келди, улар сайёрамизнинг иқлими ва биокимёси эволюциясини 400 минг мартадан кўпроқ моделлаштиришди.

«Кўп йиллар давомида Ер биосферасининг умр кўриш давомийлиги Қуёш ёруғлигининг барқарор ўсиши ва глобал карбонат-силикат геокимёвий цикли ҳақидаги илмий маълумотларга асосланган ҳолда муҳокама қилинмоқда. Ушбу назарий асоснинг оқибатларидан бири атмосферадаги СО2 даражасининг доимий пасайиши ва геологик вақт шкаласи бўйича глобал исишдир», деди Озаки.

Олимларнинг таъкидлашича, Ер биосфераси 2 миллиард йил ичида ҳаддан ташқари қизиб кетиш ва фотосинтез учун СО2 етишмаслиги комбинацияси туфайли йўқ бўлиб кетади. Бу ҳаммага маълум факт.

«Агар бу тўғри бўлса, биз узоқ келажакда атмосферадаги кислород миқдори ҳам пасайишини кутган бўлардик. Бироқ, бу қачон ва қандай содир бўлиши номаълумлигича қолмоқда», деб таъкидлади тадқиқотчилар.

Модель тахминан бир миллиард йилдан сўнг атмосферанинг «тезкор кислородсизланиши» бошланишини кўрсатди. Шундан сўнг, у Буюк Оксидланиш ҳодисасидан олдинги атмосферага ўхшаш бўлади - яъни 2,5 миллиард йил олдинги.

«Катта кислородсизланишдан сўнг атмосфера метаннинг кўпайиши, СО2 паст даражаси ва озон қатламининг йўқлиги билан тавсифланади. Ер тизими, эҳтимол, анаэроб ҳаёт шакллари дунёси бўлади», деди Озаки.

Тадқиқотчилар фикрига кўра, кислородга бой атмосфера сайёра тарихидаги вақтинчалик босқичдир. Ер мавжудлигининг бор-йўғи 20-30 фоиз даврида шундай атмосферага эга бўлади, шунинг учун сайёрани «ҳаёт фазасида» кўриш имконияти – бизникига ўхшаб – жуда чекланган.

Мавзуга оид