Жамият | 14:16 / 25.06.2025
11654
2 дақиқада ўқилади

Ҳайдовчи машинани қулфлаганидан кейин ойнанинг кўтарилиши боланинг бўйнидан қисиб қолди

Kun.uz'га маълум бўлишича, ҳолат Фарғона вилояти Бувайда туманида рўй берган. Йўл четига тўхтаган Nexia ҳайдовчиси дўконга кириб-чиқишда машинани қулфлаган. Натижада машина ойналари кўтарила бошлаган, бу вақтда эса ичкаридаги ёш бола бошини ойнадан чиқариб, қисилиб қолган. Шу вақтда келиб қолган ЙПХ инспектори сафдор Азим Халифаев ойнани синдириб, боланинг ҳаётини сақлаб қолди.

Фото: Видеодан кадр

Куни кеча ижтимоий тармоқларда автомобиль ойнасига бош қисми қисилиб қолган болани ЙПХ ходими қутқариб қолгани видеоси тарқалди.

Унда йўл четига тўхтаган Nexia 1 ҳайдовчиси машинадан тушиб дўконга кириб кетгани ва автомобилни пульт ёрдамида қулфлагани кўринади. Олд ён ойналар кўтарилаётган вақтда эса машинада қолган, вояга ётмаган бола бош қисмини ойнадан чиқариб олган. Натижада боланинг бўйни ойна билан қисилиб қолган, ҳайдовчи эса бу вақтда дўконга кириб кетиб бўлган.

Шу вақтда келиб қолган ЙПХ ходими ойнани синдириб, боланинг ҳаётини сақлаб қолди.

Kun.uz ЙҲХХ ахборот хизмати билан боғланиб, ҳолатга ойдинлик киритди. Маълум бўлишича, воқеа кеча, 24 июнь куни Фарғона вилояти Бувайда туманидан ўтувчи Тошкент-Андижон йўлида содир бўлган.

Боланинг ҳаётини сақлаб қолган ходим ЙПХ инспектори сафдор Азим Халифаев бўлиб, у Бувайда туманида фаолият олиб боради.

«Ўша пайтда сув олиш учун дўкон олдида тўхтадим. Олдимдаги машина ойнасидан бола боши чиқиб турганди. У нафас олишда қийналиб, ранги оқариб кетганди. Мен дарҳол эшикни очишга ҳаракат қилдим, лекин эшик очилмади. Кейин ойнани синдириб, болани чиқариб олдим», дея ходимнинг таассуротларини айтиб берди ЙҲХХ ахборот хизмати.

Маълум бўлишича, ҳайдовчи ёш боланинг тоғаси бўлган ва дўкон олдида тўхтаб, эътиборсизлик билан эшикни ёпиб кетган. Ҳайдовчига чора кўрилмаган.   

Мавзуга оид