Ўзбекистон | 15:45 / 08.07.2025
6322
2 дақиқада ўқилади

11 июлдан IELTS имтиҳонини қоғозда топшириш бекор қилинади

Бу ўзгариш мазкур йўналишда тест жавоблари интернетда чиқиб кетиши ортида рўй берди. Имтиҳон топширувчилар энди фақат компютерда тестдан ўтади.

Фото: Getty Images

Ўзбекистонда 11 июлдан бошлаб инглиз тили даражаси бўйича халқаро сертификат – IELTS учун қоғозда имтиҳон топшириш амалиёти тўхтатилмоқда. Бу ҳақда Ўзбекистонда IELTS имтиҳонини олувчи IDP (Edu-Action Centre) ташкилоти хабар берди

Имтиҳон топширувчилар энди фақат компютерда тестдан ўтади.

IDP бу қарор операцион сабабларга кўра қабул қилинганини маълум қилди. 

Ташкилот IELTS имтиҳонини қоғозда ёзиб топшириш учун рўйхатдан ўтган номзодлар тестни компютерда топшириш турига бепул ўтказиши ёки имтиҳон учун тўлаган пулини тўлиқ қайтариб олиши мумкинлигини қайд этган.

Қайд этиш керакки, мазкур ўзгариш Ўзбекистонда бунгача қоғозда топширилган IELTS жавоблари интернетга сиздирилиши фонида юз бермоқда.

IELTS’ни компьютерда топшириш жараёни

Имтиҳонда Reading (ўқиш), Writing (ёзиш) ва Listening (тинглаш) бўлимлари компютерда ўтказилади, аммо Speaking (сўзлашув) тести анъанавий тарзда, яъни имтиҳон олувчи билан юзма-юз суҳбат кўринишида бўлади.

Номзод учун тест формати, савол турлари, ҳар бир бўлимга ажратилган вақт ва мазмун ўзгаришсиз қолади. Компютерда топширилган IELTS натижалари 1 дан 5 иш куни ичида тайёр бўлади. Анъанавий қоғозда топшириладиган имтиҳон натижалари эса 13 кунда эълон қилинарди.

Қоғозда топширилган IELTS жавоблари интернетга чиқиб кетиши ортидан IDP тест маркази 7 июн куни бўлиб ўтган имтиҳон жавобларини қайта текширганди. Улар ичидан ишончли бўлмаган натижалар ажратиб олиниб, алоҳида текширишга юборилганди. Натижада 7 июн куни топширганларнинг натижаси 24 июн куни чиққанди.

Мавзуга оид