Ўзбекистон | 21:25 / 23.06.2025
34215
2 дақиқада ўқилади

Саида Мирзиёева Президент администрацияси раҳбари этиб тайинланди

Президент администрацияси раҳбари лавозими ташкил этилиб, бу лавозимга президент ёрдамчиси Саида Шавкатовна Мирзиёева тайинланди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Ўзбекистон президентининг фармони билан, Президент администрацияси тузилмасида администрация раҳбари лавозими ташкил қилинди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берди.

Давлат раҳбарининг фармони билан, администрация раҳбари лавозимига Саида Шавкатовна Мирзиёевани тайинлади. У 2023 йил 25 августидан буён президент ёрдамчиси лавозимида ишлаб келаётганди.

Саида Мирзиёева 1984 йилда Фарғона вилояти Қўқон шаҳрида туғилган. Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети битирувчиси, Тошкент давлат юридик университети, Ломоносов номидаги Москва давлат университети магистри, иқтисодиёт фанлари номзоди ҳисобланади.

2019-2020 йилларда Президент администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директорининг ўринбосари бўлиб ишлаган. 2020-2022 йилларда Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш фонди васийлик кенгаши раисининг ўринбосари бўлган.

2022 йил ноябрида Президент администрацияси ижро этувчи аппарати коммуникациялар ва ахборот сиёсати бўйича шуъба мудири этиб тайинланган.

Саида Мирзиёева 2023 йил августида президент ёрдамчиси этиб тайинланган эди. Бу тайинлов Президент администрациясида раҳбар лавозими тугатилиши билан бир вақтда рўй берганди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти администрацияси 2018 йил 26 августда ташкил этилган бўлиб, унга 2018-2022 йилларда Зайнилобиддин Низомиддинов, 2022-2023 йилларда Сардор Умрзоқов раҳбарлик қилганди.

Мавзуга оид