Бола тарбия қилаётган ота-оналар мактаб мажбур, мактаб менинг айтганимни қилиши керак. Давлат мактабларида ҳам, хусусий мактабларда ҳам бу тенденция жуда ёмон шаклланиб қолган. Ижтимоий тармоқларда ўқитувчига тазйиқ ўтказиш, қўл кўтариш каби ҳолатларни ёритишда вазиятни охиригача ўрганмасдан ёритиб чиқилишидан хафа бўламан. Бу устоз шу мақомга етгунича қанча машаққатлардан ўтган. Уни шу ҳолатга олиб келган боладами айб ёки устоздами? Улар юзлаб болалар билан ишлашади. Қанақа психологик ёрдам бериляпти устозларга давлат томонидан? Жамият, масъул ташкилотлар устозни ҳимоя қилмас экан, бу тугамайди”.
Мактаб раҳбарига кўра, “Ал жабр” хусусий мактабида ўқитувчилар учун психологик ёрдам йўлга қўйилган. Мактабга қабул жараёнида мактаб кодекси билан таништирилиб, ўқувчи ва ота-онанинг вазифалари юзасидан шартнома имзоланади. Бир йилда ушбу шартномага амал қилмаган 100 га яқин ўқувчиларнинг ота-онаси билан шартнома бекор қилинган.
Сон эмас сифатга ишлаймиз
“Ўқишида, хулқида, ички тартиб-қоидаларни қўпол равишда бузган 100 ўқувчининг ота-онаси билан шартномани бекор қилдик. Сон учун ишламаймиз, сифат учун ишлаймиз. Битта бўлсин — келажагини қурадиган бўлсин.
Ота-оналарнинг нотўғри тафаккури оилада болага “мен 3 га ўқиганман, 5 олишинг шартмас” деган тушунчани сингдириб қўйишяпти. Бирорта устоз болага ёмонлик тиламайди.
Жуда кўп эътирозлар бўлади. Ҳар битта мактабдан четлаштирилаётган ота-она менга нисбатан негатив билан кетади. Норози бўлишади, ҳатто кетмаслик учун қўйилган жариманиям тўлашга рози бўлишади. Бизда ўқишдан четлаштирилмаслик учун катта миқдорда жарималар бор. Бир марта қўпол тарзда ички тартиб-қоидани бузганлик учун 5 млн жарима тўлаш керак”.
Хусусий таълимни безнесга айлантириб қўйдик
“Хусусий мактабни маркетингга, фойда оладиган масканга айлантириб қўйдик. Хусусий секторда таълимни ва тиббиётни бизнесга айлантириб бўлмайди. Бизнес эгаси сифатида айтаман, агар бунда биринчи ўринга пул қўйиладиган бўлса ундан келадиган луқманиям ҳалоллигини савол остига олиш керак.
Тасаввур қилинг, мен болага билим бердим, аммо тарбия бермадим, у болани тартибга солмадим, тўғри-нотўғрини ўргатмадим. У бола бизда ўқиди, мутахассис бўлиб сертификатларни олди ва эртага берилган билимларни нотўғри йўлда ишлатишни бошлади. Устозга савоби келадими – гуноҳи? Ота-она шуни тушуниб олиши керак”.
Хусусий мактаблар нега қиммат?
“Нархлар қимматлигининг биринчи сабаби хусусий мактабларнинг кўпчилиги ижарага олинган биноларда ўтиради. Ижара тўлови Тошкентда минимал ҳолатда 1 кв/метр жой учун 15 долларни ташкил этади. Мактаб учун камида 1000 кв/метр жой керак. Ундан ташқари хусусий мактабга яхши, малакали кадрни жалб қилиш учун яхши ойлик тўлаш керак. КПИларга боғланган ҳолатлари бор. Буни ўз вақтида, тизимли амалга оширмасангиз ҳеч қайси устоз бу ерда қолмайди.
Чунки Тошкент шаҳрида 190 та хусусий мактаб бор. Бир йил олдин 160 та эди, катта тенденция билан ўсиш кетяпти. Бу соғлом рақобатни, ўз устида ишлашни, болага янада сифатли таълим беришни шакллантиради. Лекин бизнесга айлантириб қўйишмасин.
Интервюда таълимнинг инқирози, қоғозбозликка чек қўйган хусусий мактаблар, жамиятнинг оғир аҳволи ҳақидаги фикрлар билан Kun.uz’нинг YouТube саҳифасида танишишингиз мумкин.