Жаҳон | 13:22 / 07.05.2025
1110
1 дақиқада ўқилади

ОАВ: ЕК Россиянинг «соядаги флоти»га қарши янги санкциялар таклиф қилади

Европа комиссияси Россиянинг «соядаги флоти» таркибига кирувчи яна 150 та кемага чекловлар жорий этишни таклиф қилади, деб хабар беради Bloomberg. Агар Европа Иттифоқи ташқи ишлар вазирлари таклифни маъқулласа, янги чоралар Европа Иттифоқининг 17-санкция пакетига айланади.

Фото Chris J. Ratcliffe / Bloomberg via Getty Images

Еврокомиссия Европа Иттифоқига Россия нефтни чекловларни четлаб ўтиб экспорт қиладиган «соядаги флоти»га қарши янги санкциялар жорий этишни таклиф қилмоқчи. Шу тариқа, Европа Иттифоқи Украинада давом этаётган уруш контекстида Кремлга босимни кучайтиришга умид қилмоқда, деб ёзди Bloomberg 6 май, сешанба куни.

Хабардор манбаларнинг айтишича, таклиф қилинаётган санкциялар Россиянинг «соядаги флоти» таркибига кирувчи 60 нафар жисмоний ва юридик шахсларга, шунингдек, яна 150 та кемага тааллуқлидир. Шундай қилиб, чекловлар остидаги танкерларнинг умумий сони 300 дан ошади.

Европа Иттифоқи ташқи ишлар вазирлари 20 май куни Брюсселда бўлиб ўтадиган йиғилишда комиссия таклифини кўриб чиқмоқчи, деб хабар бермоқда Bloomberg. Агар ташқи ишлар вазирлари томонидан маъқулланса, янги чора-тадбирлар Европа Иттифоқининг 2022 йил 22 февралдан бошлаб Россияга нисбатан жорий этадиган 17-санкция пакетига айланади.

Мавзуга оид