Ўзбекистон | 14:08 / 02.05.2025
4148
2 дақиқада ўқилади

Хивадаги давлат ташкилотлари шаҳар чеккасига кўчирилади

Хива шаҳридаги барча давлат ташкилотлари шаҳар чеккасидаги Ангарик маҳалласига кўчирилади, маъмурий бинолар савдога чиқарилади. Президент Хива шаҳрида фақат туристларга хизмат кўрсатадиган объектлар бўлиши кераклигини таъкидлади.

Фото: Президент матбуот хизмати

Шавкат Мирзиёев 2 май кундаги йиғилишда Хива шаҳрида фақат туристларга хизмат кўрсатадиган объектлар бўлиши кераклигини таъкидлади. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар қилди.

Ангарик маҳалласидаги бўш майдонда маъмурий бинолар қурилиб, Хива шаҳридаги барча давлат ташкилотлари шу ерга кўчирилади.

Мутасаддиларга Урганч, Хивадаги барча маъмурий биноларни савдога чиқариш бўйича катта дастур ишлаб чиқиш топширилди.

Хусусийлаштириш дастурига асосан 2025 йилда Хоразмда 41 та давлат биноси, 350 гектар ер участкаси савдога қўйилмоқда.

«Бу хизмат кўрсатиш, туризм ва ишлаб чиқариш соҳалари учун катта имконият», — деди давлат раҳбари.

Масалан, Урганч шаҳридаги ўрганишлар натижасида 61 минг квадрат майдони, 21 гектар ери бўлган 45 та давлат биноси аниқланди. Улар негизида меҳмонхона, хизмат кўрсатиш ва савдо марказлари, кўнгилочар масканлар қуриб, камида 500 кишини банд қилиш мумкинлиги таъкидланди.

Мавзуга оид