Ўзбекистон | 19:35 / 16.05.2025
5010
2 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёев Венгрия ва Словенияга ташриф буюради

Ўзбекистон раҳбари 19 май куни Будапештга, 22 май куни Люблянага боради.

Фото: Президент матбуот хизмати

19-22 май кунлари Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг Венгрия ва Словения Республикасига расмий ташрифлари бўлиб ўтади.

Ўзбекистон етакчиси Венгрия бош вазири Виктор Орбаннинг таклифига биноан 19 май куни Будапештга боради.

Олий даражадаги музокаралар, Венгрия расмийлари ва етакчи компаниялари раҳбарлари билан учрашувлар бўлиб ўтади.

Кун тартибидан икки мамлакат ўртасидаги амалий ҳамкорлик ва стратегик шериклик муносабатларини янада кенгайтириш масалалари ўрин олган.

Мамлакат раҳбари 21 май куни Венгрия пойтахтида Туркий давлатлар ташкилотининг норасмий саммитида иштирок этади.

Президент Шавкат Мирзиёев 22 май куни Любляна шаҳрида Словения президенти Наташа Пирц Мусар билан учрашади, ушбу мамлакат парламенти ва ҳукумати раҳбарияти билан музокаралар ўтказади, қўшма ишбилармонлик тадбирларида иштирок этади.

Ўзаро манфаатли савдо-иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш, фармацевтика, саноат, озиқ-овқат ва тўқимачилик тармоқларида кооперация лойиҳаларини амалга ошириш, меҳнат миграцияси соҳасида ҳамкорлик қилиш ва гуманитар алоқаларни кенгайтириш масалалари кўриб чиқилади.

Мавзуга оид