Ўзбекистон | 11:09 / 28.04.2025
25020
6 дақиқада ўқилади

“Фарзандларимиз турк эркаклари қучоғида қолмоқда” – Туркиядаги ўзбек хотин-қизлари тақдири ҳақида суҳбат

Маълум бўлишича, Туркия Ўзбекистондан кўпроқ аёллар ошиқадиган давлат. Ишлаш, ўқиш, турмушга чиқиш мақсадида бу мамлакатга йўл олувчилар афсуски, турли алдовларга ҳам чув тушишмоқда. Фарзандларимиз бугун турк эркакларининг қучоғида қолмоқда, дейди Kun.uz билан гаплашган “Ўзбек хотин-қизлари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти” директори Озода Исломова.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Матбуотда тез-тез хорижда алданган, фоҳишаликка мажбурланган, босим ўтказилган, меҳнат ҳуқуқлари поймол бўлган ватандошларимиз ҳақида хабарларга дуч келамиз. Алданган хотин-қизлар орасида вояга етмаганларнинг ҳам бўлиши – ачинарли ҳолат. Масалан, яқиндагина Ўзбекистоннинг Туркиядаги элчихонаси вояга етмаган ўзбек қизи ўқиш мақсадида бу давлатга олиб борилиб, сўнгра фоҳишалик қилишга мажбурлангани хусусида маълум қилди.

Истанбулдаги “Ўзбек хотин-қизлари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти” директори Озода Исломовага кўра, ҳали-ҳануз алданаётган, зўравонликка дуч келаётган аёлларнинг сони анчагина. Айниқса, фоҳишалик қилиш учун Ўзбекистондан хотин-қизларни олиб келишда ўзимизнинг ватандошлар иштироки фаол.

“Кўпроқ кимларни олиб келишади, биласизми? Иқтисодий қийинчиликларга дуч келган, носоғлом муҳитда ўсган, ота-онаси бўлмаган ёки оиласи нотинч бўлганлар, турмушидан айрилганлар тез қармоққа илинади. Гўзаллик салонлари, тикувчилик фабрикаларидан излаб, бундай хотин-қизларни топишади” – Озода Исломова, Ўзбек хотин-қизлари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти директори.

Суҳбатдошимизнинг қўшимча қилишича, 2023 йил ҳисоб-китобига кўра, Туркияда яшовчи ўзбекларнинг 80 фоизи хотин-қизлардир. Улар ишлаш, ўқиш, карьера қуриш, турмушга чиқиш мақсадида бу давлатга келади. Ўзбеклар учун Туркияга бориш қийин эмас, 90 кунлик визасиз режим амал қилгани учун хорижга чиқиш паспортига эга бўлган ҳар қандай фуқаро авиачиптани харид қилиб, бораверади. Айниқса, аёллар учун бу мамлакатда бўш иш ўринлари кўп, улар бола ва кексаларга қараш, хизмат кўрсатишда тез иш топишлари мумкин. Лекин хотин-қизларнинг соддалигидан фойдаланиб, уларни ахлоқсиз ишларга мажбурлайдиганлар жуда кўп.

Ўзбекистондан келувчилар ўзи билан болаларини ҳам етаклаб келмоқда. Чунки оиласидан ажрашганлар боласини ҳеч кимда қолдиролмайди, оталар эса алимент тўламаслик учун нотариус орқали боласидан ҳам тез воз кечмоқда. Натижада эса фарзандларимиз бу ерда турк эркаклари қучоғида катта бўляпти, дейди жамият раиси.

“Алимент тўламаслик учун оталар ўз боласидан кечяпти, ҳаётнинг энг ширин неъмати фарзанд-ку. У болалар эса онаси билан Туркияга келиб, турк эркакларининг қучоғида катта бўлмоқда. Бундан ташқари, кўпчилик ҳужжатсиз ишлагани учун қочоқ статусига эга бўлади ва унинг фарзандлари ҳам қочоққа айланади. Бундай болаларни мактаб-боғчалар ҳам қабул қилмайди. Таълимсиз қолиб кетган болаларни ҳеч қандай текширувларсиз қандайдир ҳужраларга беришмоқда. Яқин 5-10 йилда бу катта ижтимоий муаммоларни келтириб чиқаради, бу хавф” - Озода Исломова, Ўзбек хотин-қизлари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти директори.

Туркияга борган 19 ёшли қиз 63 ёшли эркакка турмушга чиқиб, сўнгра хотин-қизлар ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи жамиятга мурожаат қилган. У билан суҳбат қилинганда қишда кўчада қолиб, унга иссиқ кийим бергани учун турмушга чиқишга рози бўлганини айтган.

Яқинда Туркияга ўқиш мақсадида борган ота-онасидан айрилган, васий қарамоғидаги қиз С.С. ҳам Озода Исломова раҳбарлигидаги жамиятга мурожаат қилган. Уни аслида ўқишга деб олиб келишган, ресторан ва турли овқатланиш шохобчаларида ишлатишга уринишган, бироқ 16 ёшли қиз меҳнат қилишга ҳам тўлиқ лаёқатли бўлмагани учун эплолмаган. Сўнгра уни олиб келган ўзбеклар қизни фоҳишалик қилишга мажбурлаган.

Жамиятимизга мурожаат қилган ҳар бир ватандошимизга ёрдам беришга уринамиз. Ўзбек бўлатуриб, ўзбекларни бу аҳволга солишганидан дилимиз ранжийди, дейди жамият директори.

“Яқинда Анқарада ўзбек қизларини сотган бир аёлни ушлашди, ундан азият чекканлар жамиятимизга мурожаат қилди. Бизни қўрқитиш учун турк амалдорларининг, катта-катта одамларнинг исмларини айтишди, худдики уларнинг ҳимоясида эканини билдириш учун. Бироқ ўша аёл барибир 8 йилга озодликдан маҳрум этилди” - Озода Исломова, Ўзбек хотин-қизлари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти директори.

Маълум бўлишича, Туркияга турмушга бериш ҳам алоҳида бизнесга айланмоқда. Куёв тарафдан пул олиб, ўзлари танимаган-билмаган оилаларга қизларни турмушга бердиришяпти, дейди суҳбатдошимиз.

“Куёв тарафдан 3 000 доллар, 5 000 доллар олиб, ўзлари умуман билмаган, танимаган оилаларга қишлоқларда яшовчи ўзбек қизларини олиб келиб беришяпти. Жамиятимизга худди шундай қизлардан бири мурожаат қилди, уни ОИТСга чалинган эркакка турмушга беришган. Қиз эса эридан шу касалликни юқтириб олган, биз уни реабилитация қилиш учун Ўзбекистонга қайтариб жўнатдик” - Озода Исломова, Ўзбек хотин-қизлари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти директори.

Хорижда ўқиб-ишлаш яхши, лекин айниқса хотин-қизлар бирор давлатга боришидан аввал бу мамлакат, қонун-қоидалари, қаерга бораётгани ва яқин келажаги ҳақида дастлабки тасаввур ва режаларига эга бўлиши керак. Акс ҳолда юқоридаги ҳолатларга ўхшаб алданиши, ҳаёти бузилиб кетиши эҳтимоли юқори.

Шоҳрух Мажидзода суҳбатлашди.

Мавзуга оид

Эълонлар

“Uzbekinvest” суғурта компанияси 2025 йилнинг I ярим йиллиги якунларини эълон қилди

Ҳар якшанба кунлари Тошкентдан Малдивга тўғридан тўғри рейслар

SEVEN DATES PREMIUM: инқилобий Италия соғлиқ учун ичимлиги МДҲ бозорида

Тренддаги гап: “Кореяда $3-5 минг топса бўларкан!?”

MINEX Central Asia 2025 старт олди!

“Uzbekinvest” суғурта компанияси 2025 йилнинг I ярим йиллиги якунларини эълон қилди

Ҳар якшанба кунлари Тошкентдан Малдивга тўғридан тўғри рейслар

SEVEN DATES PREMIUM: инқилобий Италия соғлиқ учун ичимлиги МДҲ бозорида

Тренддаги гап: “Кореяда $3-5 минг топса бўларкан!?”

MINEX Central Asia 2025 старт олди!

“Uzbekinvest” суғурта компанияси 2025 йилнинг I ярим йиллиги якунларини эълон қилди

Ҳар якшанба кунлари Тошкентдан Малдивга тўғридан тўғри рейслар

SEVEN DATES PREMIUM: инқилобий Италия соғлиқ учун ичимлиги МДҲ бозорида

Тренддаги гап: “Кореяда $3-5 минг топса бўларкан!?”

MINEX Central Asia 2025 старт олди!