Ўзбекистон | 22:54 / 22.07.2025
4269
4 дақиқада ўқилади

Ўзбек-қозоқ чегарасидаги туннел, ижтимоий объектлар геопортали ва Жиззахга ташриф – маҳаллий дайжест

Президент Шавкат Мирзиёев 22 июл куни Жиззах вилоятига ташриф буюрди. Ижтимоий объектларни қуришда коррупциянинг олдини олиш учун мўлжалланган рақамли платформа (геопортал) ишга тушди. Мактабдаги баҳолар тест синови баллига қўшилмайдиган бўлди. Солиқ ҳуқуқбузарликлари ҳақида хабар берганларга қарийб 18 млрд сўм тўлаб берилди. Kun.uz ёритган шу ва бошқа муҳим маҳаллий янгиликлар билан таништирамиз.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Президент Шавкат Мирзиёев 22 июл куни Жиззах вилоятига ташриф буюрди

Давлат раҳбари ташрифини «Зомин технопарки» махсус саноат зонасидан бошлади. 400 гектарда барпо этилаётган технопаркда хитойлик инвесторлар билан биргаликда 1 миллиард 200 миллион долларлик 31 та лойиҳа амалга оширилади. Яқинда илк корхона – Xinjiang Honglin Tiandi компанияси томонидан қиймати 10 миллион долларлик бетон маҳсулотлари тайёрлаш лойиҳаси ишга туширилди. Айни кунларда 42 миллион долларлик иккинчи лойиҳа бўйича ишлар якуний босқичда. Унда Midea бренди остида йилига 300 минг дона маиший электр техника ишлаб чиқарилади.

Ижтимоий объектларни қуришда коррупциянинг олдини олиш учун мўлжалланган рақамли платформа ишга тушди

Ушбу геопортал мактаблар, болалар боғчалари, шифохоналар ва бошқа ижтимоий соҳа объектларига сармоя киритиш жараёнини шаффоф қилиш имконини бериши таъкидланмоқда.

Платформа барча ижтимоий объектларнинг рақамлаштирилган харитасини кўриш ва уларнинг ҳолатини реал вақтда кузатиш, лойиҳалар қандай амалга оширилаётганини мониторинг қилиш, давлат ташкилотлари ўртасидаги чора-тадбирларни мувофиқлаштириш, реал маълумотлар асосида ижтимоий объектлар тармоғини ривожлантириш бўйича қарорлар қабул қилиш, шаффофлик ва фуқаролар иштирокини таъминлаш имконини беради.

Мактабдаги баҳолар тест синови баллига қўшилмайдиган бўлди

2023-2024 ўқув йилидан бошлаб абитуриентларнинг шаҳодатномаларидаги сўнгги 6 йиллик баҳоларининг ўртача кўрсаткичи ўқишга киришда инобатга олиниши ва тўпланган баллга ўртача баҳо қўшиб берилиши керак эди.

Бироқ 19 июл куни қабул қилинган президент фармони билан Вазирлар Маҳкамасининг «Олий таълим ташкилотларига кириш имтиҳонларида абитуриентларнинг таълим тўғрисидаги ҳужжатларига қўйилган баҳоларини инобатга олиш тартибини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори ўз кучини йўқотиши белгиланди. Натижада шаҳодатномадаги баҳолар имтиҳонда инобатга олинмайдиган бўлди.

Солиқ ҳуқуқбузарликлари ҳақида хабар берганларга қарийб 18 млрд сўм тўлаб берилди

Солиқ қўмитаси хабарига кўра, йил бошидан солиқ ҳуқуқбузарликлари бўйича аҳолидан 54 мингдан ортиқ мурожаат бўлган. Шулардан 50 мингга яқини харид чекини бермаслик билан боғлиқ. Ҳуқуқбузарликлар орасида тўловни пластик карта орқали қабул қилмаслик ва пластик карта учун харид суммасини ошириш ҳолатлари ҳам бор. Ҳуқуқбузарлик ҳолатлари бўйича хабар берган фуқароларга 24 762 та ҳолат бўйича (ундирилган жарима суммасидан 20 фоиз) 17,7 миллиард сўм мукофот тўланган.

Ўзбекистон билан Қозоғистон чегарасида 450 метрлик туннел аниқланди

Жиноий гуруҳ ушбу яширин туннелдан 2 ой давомида нефт маҳсулотлари контрабандаси учун фойдаланган. Икки давлат ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан ўтказилган тезкор тадбирларда жиноий гуруҳнинг барча аъзолари ушланган. Жумладан, Ўзбекистон ва Қозоғистоннинг беш нафар фуқароси. Ҳозир тергов ҳаракатлари якунланиб, иш судга юборилган.

Мавзуга оид