Ўзбекистон | 14:36 / 01.04.2025
24277
2 дақиқада ўқилади

Хонанда Ботир Қодиров муаллифлик ҳуқуқини бузгани учун жаримага тортилди

Суд Ботир Қодировни ўз ижодида «Давлатинг борида», «Омонат» ва «Тингла дўстим» номли шеърлардан ҳуқуқ эгаси рухсатисиз ҳамда муаллифлик ҳақини тўламасдан фойдаланган деб топди. Адлия вазирлигига шикоят қилган шоир Шамсиддин Тўраев хонандадан БҲМнинг 1000 бараваригача товон талаб қилиши мумкин.

Халқ орасида «Шамсиддин Садоий» тахаллуси билан танилган шоир Шамсиддин Тўраев хонанда Ботир Қодиров устидан Адлия вазирлигига шикоят қилди. Бу ҳақда вазирлик ахборот хизмати хабар берди.

Адлия вазирлиги шоирнинг мурожаати асосида хонанда Ботир Қодиров томонидан «Давлатинг борида», «Омонат» ва «Тингла дўстим» номли шеърлари ҳуқуқ эгаси рухсатисиз ҳамда тегишли тартибда муаллифлик ҳақини тўламасдан фойдаланилганини аниқлаган.

Ҳолат юзасидан ҳуқуқбузар хонандага нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 177-1-моддаси – «Муаллифлик ҳуқуқини ва турдош ҳуқуқларни бузиш» маъмурий ҳуқуқбузарлиги юзасидан баённома расмийлаштирилиб, тегишли судга юборилган.

Жиноят ишлари бўйича Чилонзор туман судининг қарорига кўра, ҳуқуқбузарга нисбатан МЖтК 177-1-моддаси биринчи қисми билан БҲМ 5 баравари миқдорида – 1 миллион 875 минг сўм жарима жазоси тайинланди.

Маълум қилинишича, аввалроқ шоир Шамсиддин Тўраевнинг «Ишқингда куйган» шеърини хонанда Юлдуз Турдиева ҳам унинг рухсатисиз куйлаб келган. Шоир адлия вазирлигига мурожаат қилгач, томонлар келишувга эришган.

Адлия вазирлигининг эслатишича, «Муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар тўғрисида»ги қонуннинг 65-моддасига кўра, муаллиф ёки мутлақ ҳуқуқларнинг бошқа эгаси ҳуқуқбузардан зарар қопланиши ўрнига БҲМнинг 20 бараваридан 1000 бараваригача (375 миллион сўм) товон тўлашни талаб қилишга ҳақли.

Мавзуга оид