Ўзбекистон | 16:33 / 19.06.2025
2110
2 дақиқада ўқилади

Саудия Арабистони Ўзбекистон фуқаролари учун онлайн виза беришни тиклади

Қироллик Туризм вазирлиги Ҳаж мавсумида ўндан ортиқ давлатлар, хусусан, Ўзбекистон ва Тожикистон фуқаролари учун электрон визага мурожаат қилишни вақтинчалик тўхтатиб қўйган эди. Айни вақтда электрон порталда ўзбекистонликлар учун онлайн сайёҳлик визаларини бериш имконияти тикланди.

Фото: Kun.uz

Саудия Арабистони Туризм вазирлиги Ўзбекистон фуқароларига «VisitSaudi» онлайн портали орқали электрон сайёҳлик визаларини олиш имконини тиклади. Бу имконият Ҳаж мавсуми тугаганидан деярли 10 кун ўтиб очилмоқда.

Қироллик Туризм вазирлиги жорий йил апрель ойидан 9 июнга қадар Ўзбекистон ва Тожикистон фуқаролари, шунингдек дунё бўйлаб яна ўндан ортиқ давлатлар фуқаролари учун онлайн портал орқали электрон виза олиш имконини ёпиб қўйган эди.

Саудия расмийлари бу борада изоҳ бермаган бўлса-да, норасмий хабарларда бундай тартибга Ўзбекистон ва Тожикистондан Умра учун бориб, рухсатсиз Ҳаж учун қолиб кетаётган фуқароларнинг кўплиги сабаб бўлгани айтилган эди.

Маълумот учун, 2025 йилги Ҳаж мавсумида дунё бўйлаб 1,6 миллиондан кўпроқ, Ўзбекистондан эса 15 минг нафардан ортиқ фуқаролар зиёратни амалга оширди. Ўзбекистонда Ҳаж зиёрати, ҳукумат қарорига кўра, фақат Дин ишлари бўйича қўмита ва Мусулмонлар идораси томонидан ташкиллаштирилади.

Саудия Арабистони Туризм вазирлиги томонидан визалар беришни кенгайтириш мақсадида очилган ушбу тизимдан жами 57 та давлат фуқаролари фойдаланиши мумкин. Ушбу портал Ўзбекистон фуқаролари учун 2023 йил 6 августда очилган. Бунга қадар ўзбекистонликлар визани фақат элчихона ва ёки турфирмалар орқали олган.

Саудия Арабистони E-visa'си бир йиллик, кўп марталик кириш визаси бўлиб, сайёҳларга мамлакатда 90 кунгача бўлиш ҳамда Умра қилиш имконини беради. Лекин ушбу виза – Ҳаж қилиш, Саудия Арабистонида доимий яшаш ҳамда ишлаш ҳуқуқини бермайди.

Ўзбекистон эса 2023 йил 1 январдан бошлаб Саудия Арабистони фуқаролари учун қайтиш ёки учинчи давлатга жўнаб кетиш чипталарини тақдим этган ҳолда 30 кунлик муддатга визасиз режим жорий этган.

Мавзуга оид