Жамият | 11:18 / 25.02.2025
6257
2 дақиқада ўқилади

Дубайда 247 минг доллар қарз бўлиб қолган ўзбекистонликка ёрдам кўрсатилди

Ўзбекистон Бош консулхонаси дипломатлари томонидан Бирлашган Араб Амирликларининг Дубай шаҳрида қийин молиявий аҳволда қолган ватандошга амалий ёрдам кўрсатилди.

Фото: Kun.uz

Бош консулхонадан олинган маълумотларга кўра, Дубайда қийин аҳволга тушиб қолган 1957 йилда туғилган Н.Ж. Ўзбекистонга қайтиши ва йиллар давомида тўпланиб қолган қарздорлигини бартараф этишда амалий ёрдам кўрсатишни сўраб мурожаат қилган.

Маълум бўлишича, у 1996 йилда Дубай шаҳрига мавсумий ишлаш мақсадида келган ва турли савдо расталарида ишлаган. 2001 йилдан 2025 йилга қадар ҳамюртимиз турли сабабларга кўра Амирликлар ҳудудида ноқонуний яшаб келган.

Биринчи навбатда Бош консулхона томонидан ватандошга консуллик-ҳуқуқий ёрдам кўрсатилди ва вақтинча турар жой ва озиқ-овқат билан таъминланди.

Суриштирувлар давомида ватандошнинг ноқонуний яшаб келаётган муддатида жами 901 минг 600 дирҳам (247 минг 13 АҚШ доллари) қарзи тўпланиб қолгани ва ушбу маблағлар тўланмагунча БАА ҳудудини тарк эта олмаслиги маълум бўлди.

Бош консулхона ходимлари томонидан Бирлашган Араб Амирликларининг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва тегишли органлари билан олиб борилган музокаралар натижасида Н.Ж.нинг барча қарзларидан воз кечиш ва юзага келган муаммоларни бартараф этиш бўйича келишувга эришилди.

Жорий йилнинг 15 феврал куни Бош консулхона дипломатлари ва "Аёллар ва болаларга ёрдам кўрсатиш маркази" хайрия ташкилоти кўмагида унга "Дубай - Тошкент" авиақатновига чипта солиб берилиб ҳамда Ўзбекистонга кузатиб қўйилди.

Мавзуга оид