Жаҳон | 11:35 / 28.06.2025
2281
2 дақиқада ўқилади

АҚШ Канада билан барча савдо музокараларини тўхтатди

Доналд Трамп Канада етти кун ичида Қўшма Штатлар билан бизнес олиб бориш учун тўлаши керак бўлган солиқдан хабардор қилинишини билдирди.

Фото: REUTERS

АҚШ президенти Доналд Трамп Truth Social ижтимоий тармоғига «Канада билан барча савдо муҳокамларини» тўхтатишини ва ушбу қарор зудлик билан кучга киришини маълум қилди.

«Биз кейинги етти кун ичида Канадани Америка Қўшма Штатлари билан бизнес олиб бориш учун тўлашлари керак бўлган бождан хабардор қиламиз», — деб ёзади АҚШ президенти.

Трампнинг баёнотидан аён бўлишича, унинг қарори Канада ҳукумати томонидан Америка компанияларининг рақамли хизматларига нисбатан жорий этилган «қўпол солиғига» жавобан қабул қилинган.

«Канада — савдо олиб бориш жуда қийин бўлган мамлакат, хусусан, улар йиллар давомида фермерларимизда сут маҳсулотлари учун 400 фоизгача бож ундирган — энди Америка технологик компаниялари учун рақамли солиқ жорий этмоқда. Бу бизнинг мамлакатимизга тўғридан тўғри ва сурбетларча ҳужум», — деб ёзади у.

19 июн куни Канада молия вазири Франсуа-Филипп Шампан АҚШ компанияларининг рақамли хизматларини солиққа тортиш кечиктирилмаслиги ва 30 июнда кучга киришини маълум қилган эди. Солиқ Канада фойдаланувчилари учун тақдим этилган рақамли хизматдан тушадиган йиллик даромаднинг 3 фоизини ташкил этади.

Савдо божлари Америка иқтисодиётига 50-60 миллиард доллар даромад олиб келган. 28 май куни АҚШ халқаро савдо бўйича федерал суди президент Трампнинг Хитой, Канада ва Мексикага нисбатан жорий этган божларини ноқонуний деб топганди. Кейинроқ АҚШ Апелляция суди ушбу қарорни рад этди.

Мавзуга оид