Жаҳон | 14:53 / 10.09.2024
21065
7 дақиқада ўқилади

Москва шаҳри ва Москва областига дронлар ҳужум қилди

Раменскийда турар жой биноси шикастланган. Жуковский аэропортида ёнғин юзага келган.

Фото: Максим Шеметов / Reuters / Scanpix / LETA

10 сентябрга ўтар кечаси Россиянинг тўққиз региони украин дронларининг кенг кўламли ҳужумига йўлиқди. Россия мудофаа вазирлиги 144 та дрон уриб туширилгани ҳақида хабар қилган. Учувчисиз учар қурилмалардан бири Москва областидаги Раменский районидаги кўп қаватли бинога келиб урилган, бир аёл ҳалок бўлган.

Москва шаҳри мэри Сергей Собянин пойтахтга ҳужумда 15 дан ортиқ дрон иштирок этгани ҳақида хабар берган. Учувчисиз учар қурилмалар ҳужуми тўғрисидаги илк хабар Собяниннинг телеграм-каналида Москва вақти билан соат 02:32 да пайдо бўлган. Мэрнинг сўзларига кўра, ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари Москва областининг Люберци, Раменское, Подолск, Домодедово ва Коломна шаҳар округларида дронлар ҳужумини қайтарган. Троицкий маъмурий округида дрон парчалари хусусий уй ҳудудига тушган, жабрланганлар йўқ. Бундан ташқари, парчалар Жуковский аэропорти ҳудудига тушган.

Собяниннинг сўзларига кўра, Раменскийда «дронлар ҳужумини қайтариш» чоғида кўп квартирали уйнинг 11- ва 12-қаватларида ёнғин чиққан. Москва области губернатори Андрей Воробёвнинг аниқлик киритишича, ёнғин Спортивний проездидаги уйда рўй берган. Аввалига Воробёв тўққиз ёшли бола ҳалок бўлгани ҳақида маълумот берганди, аммо кейинроқ унинг ўзи бу маълумотни рад этди. Сўнгги маълумотларга кўра, 46 ёшли аёл ҳалок бўлиб, уч киши жароҳатланган, улар шифохонага ётқизилган.

Губернаторнинг сўзларига кўра, яна бир дрон парчалари Високоволтная кўчасига тушиб, 9-қаватдаги квартирани шикастлаган, бир киши яраланган. Эвакуация қилинган аҳоли вақтинча бўлиб туриш пунктига жойлаштирилган. Astra телеграм-канали хабар қилишича, дронлардан бири Раменский районидаги Стахановская кўчасига тушган.

Спортивний проезддаги кўп қаватли уй. Фото: Sergei Bulkin/TASS

Спортивний проездда 54 квартира шикастланган, деб хабар берган губернатор Андрей Воробёв. Високоволтная кўчасидаги уйда бешта балконда ёнғин рўй берган, аммо олов квартиралар ичкарисига ўтмаган. Мутахассислар дроннинг қулаган парчаларини зарарсизлантирмагунича бу уй атрофидаги бешта уй аҳолиси вақтинча эвакуация қилинган. Воробёв ҳукумат квартираларни тиклаш ва таъмирлаш харажатларини ўз зиммасига олиши, шунингдек шикастланган буюмлар учун зарарни қоплаб беришини ваъда қилган.

«Каспийский груз» гуруҳи вакили бўлган рэпер Брутто (ҳақиқий исми — Тимур Одилбеков) Раменскийдаги Високоволтная кўчасида дрон қулаши оқибатларини видеога олган. Мусиқачининг квартираси ҳужум вақтида шикастланган.

Раменский шаҳар округи Прудки қишлоғида дрон хусусий уйлар яқинидаги ўрмонга қулаган, деб хабар беради Mash телеграм-канали. Манба маълумотига кўра, Прудкида икки киши жароҳатланган.

Телеграм-каналлар Москва чеккасидаги Жуковский аэропортида дронлар ҳужумидан кейин бошланган ёнғин видеоёзувини ҳам тарқатган.

Дронлар ҳужуми вақтида Москванинг Внуково, Домодедово ва Жуковский аэропортлари самолётларни қабул қилиш ва жўнатишни вақтинча тўхтатган. Внуковода соат 01:30 дан чекловлар жорий этилганини хабар қилишган. Внуковода 30 дан ортиқ халқаро ва ички рейслар, Домодедовода 13 рейс захира аэропортларига йўналтирилди, деб хабар берган РИА Новости. Соат 08:00 атрофида Росавиация чекловлар бекор қилингани ҳақида эълон қилди, идорага кўра, тунда захира аэродромларига жами 48 рейс йўналтирилган. Татаристоннинг Қозон шаҳридаги аэропортда ҳам парвозларга чекловлар жорий этилиб, икки самолёт захира аэродромига қўнишига тўғри келган.

Россиянинг яна саккиз регионида дронлар ҳужуми кузатилган

Брянск области губернатори Александр Богомаз ҳам телеграм-каналида ҳудудга дронлар ҳужум қилгани ҳақида хабар берган. Унинг сўзларига кўра, ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари тун давомида 72 та учувчисиз учар қурилмани тутиб қолган ёки йўқ қилган. Богомазнинг тасдиқлашича, барча ҳужумлар қайтарилган, жароҳат олганлар ва вайронгарчиликлар йўқ.

Тула областида РФ мудофаа вазирлигининг ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари иккита дронни йўқ қилган, деб хабар беради ТАСС Тула области минтақавий хавфсизлик вазирлиги матбуот хизматига таяниб. Дрон парчалари ёнилғи-энергетика комплекси объектларидан бирига тушган, жабрланганлар йўқ, энергия узатилиши тўхтатилмаган.

Курск области губернатори Алексей Смирнов Россия ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари тун давомида украин армиясининг «ёпирилма зарбаларини қайтаргани» ҳақида маълум қилган. Унинг сўзларига кўра, област ҳудуди устида украинларнинг 12 та дрони уриб туширилган. Смирнов ҳужум оқибатларига тўхталмаган.

Калуга областида, регион губернатори Владислав Шапша хабар беришича, ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари тунда Жуковский, Малоярославецкий ва Дзержинский районларида еттита дрон ҳужумини қайтарганини айтган. Дастлабки маълумотларга кўра, ҳеч ким жароҳатланмаган, инфратузилма вайрон бўлиши қайд этилмаган.

Воронеж областида ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари ва радиоэлектрон кураш воситалари регион чегарасида украинларнинг самолёт типидаги бешта дронини тўхтатди, деб хабар берган губернатор Александр Гусев. Унинг сўзларига кўра, қуруқликда жабрланганлар ва вайронгарчиликлар бўлмаган.

Ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари Липецк областининг Елецк райони, Липецк ва Воловский муниципал округларида учувчисиз учар қурилмаларни бостирган, деб хабар берган регион раҳбари Игор Артамонов. Ҳалок бўлганлар ва яраланганлар йўқлиги айтилган.

Орлов области губернатори Андрей Кличковга кўра, украинларнинг битта дрони уриб туширилган, жабрланганлар ва шикастланиш ҳолатлари йўқ. Белгород областида тунда ва тонгда ракета ҳужуми хавфи туфайли тревога эълон қилинган, оқибатлар ҳақида хабар берилмаган.

9 сентябр куни кечқурун Қрим яриморолидаги Октябрское қишлоғида портлашлар содир бўлгани ҳақида маълумот берилди. Маҳаллий аҳолининг сўзларига кўра, у ерда жойлашган Россия ҳарбийлари Саки аэродромидан авиацияни ҳавога кўтарди.

Бундан ташқари, Россия мониторинг каналлари Тарханкут буруни йўналишида ва ундан шарқда учувчисиз учиш қурилмалари учирилиши эҳтимоли ҳақида хабар беришди.

РФ мудофаа вазирлиги тунда ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари Россия регионлари бўйлаб украинларнинг 144 та дрони уриб туширилгани ҳақида хабар берган: Брянск областида — 72, Москва областида — 20, Курскда — 14, Тулада — 13, Белгородда — саккиз, Калугада — етти, Воронежда — беш, Липецкда — тўрт ва Орловда битта. Идора ўз ҳисоботида Краснодар ўлкаси ва Қримни тилга олмаган ҳамда ҳужумда Украинани айблаган. Бу Украина қуролли кучларининг Россия томонидан тан олинган энг кенг кўламли ҳужумларидан бири бўлди. Бундай ҳужумлардан энг йириги 1 сентябрга ўтар кечаси амалга оширилганди, ўшанда РФ мудофаа вазирлиги 158 та дрон уриб туширилгани ҳақида хабар берган.

Мавзуга оид

Эълонлар

USAID ҳамкорлигида SWISSAGRO қўшма корхонаси Фарғонада янги ишлаб чиқариш қувватини йўлга қўйди

Ўзбекистонда смарт ГТП: газ тақсимлашда самарадорлик ва хавфсизликнинг янги босқичи

"Ўзбекинвест" компанияси томонидан "Яшил макон" умуммиллий дастури доирасида Қибрай туманида боғ яратилди

Iteca Exhibitions: 2024-йилда Ўзбекистоннинг иқтисодий ўсиши ва халқаро эътирофи драйвери

Ўзбекистон Автомобил бизнеси уюшмаси (ABA): автомобилсозликни барқарор ривожлантириш учун соҳа етакчиларининг бирлашмаси

Келажак учун битим: MARS IT School болалар учун IТ-таълимни ривожлантиришнинг янги босқичига чиқяпти

USAID ҳамкорлигида SWISSAGRO қўшма корхонаси Фарғонада янги ишлаб чиқариш қувватини йўлга қўйди

Ўзбекистонда смарт ГТП: газ тақсимлашда самарадорлик ва хавфсизликнинг янги босқичи

"Ўзбекинвест" компанияси томонидан "Яшил макон" умуммиллий дастури доирасида Қибрай туманида боғ яратилди

Iteca Exhibitions: 2024-йилда Ўзбекистоннинг иқтисодий ўсиши ва халқаро эътирофи драйвери

Ўзбекистон Автомобил бизнеси уюшмаси (ABA): автомобилсозликни барқарор ривожлантириш учун соҳа етакчиларининг бирлашмаси

Келажак учун битим: MARS IT School болалар учун IТ-таълимни ривожлантиришнинг янги босқичига чиқяпти

USAID ҳамкорлигида SWISSAGRO қўшма корхонаси Фарғонада янги ишлаб чиқариш қувватини йўлга қўйди

Ўзбекистонда смарт ГТП: газ тақсимлашда самарадорлик ва хавфсизликнинг янги босқичи