Жаҳон | 12:00 / 16.03.2025
5638
6 дақиқада ўқилади

Эммануэл Макрон Европага «ядровий қалқон» таклиф этди

Франция президенти Эммануэл Макрон Европани Россия таҳдидларидан ҳимоя қилиш мақсадида француз ядро қуролларидан фойдаланиш таклифини берди.

Фото: AFP

Вашингтоннинг Европа иттифоқчиларига нисбатан муносабати совуқлашган бир пайтда Париж ўз ядро салоҳиятини бутун қитъа хавфсизлиги учун ишлатишга тайёрлигини билдирмоқда. Аммо бу ҳимоядан қайси мамлакатлар фойдалана олиши номаълум.

«Биз ядровий тийиб турувчи қуролларимиз билан ҳимояланамиз. У кенг қамровли, суверен ва тўлиқ французча, — деди Макрон. — Бироқ мен Европа қитъасидаги иттифоқчиларимизни ядровий тийиб турувчи воситаларимиз орқали ҳимоя қилиш борасида стратегик муҳокамаларни бошлашга қарор қилдим».

Макрон бу баёнотни ХДИ/ХСИ номзоди бўлган Фридрих Мерцнинг АҚШнинг НАТО бўйича ўз мажбуриятларини бажармаслигига тайёрланиш лозимлиги ҳақидаги сўзларига жавобан билдирган. Мерц Буюк Британия ва Франция билан бутун қитъани қамраб оладиган ядровий ҳимояни муҳокама қилишни таклиф қилган эди. Ушбу мамлакатлар Европада Россиядан ташқари ўз ядровий қуролларига эга ягона давлатлардир.

Украинада кенг кўламли уруш бошланганидан сўнг Европа мураккаб вазиятда қолди, қитъадаги қурол-яроғ захиралари, ҳарбий-саноат комплекси ва қуролли кучлар Россия томонидан келаётган таҳдидларга тўла жавоб бера олмаслиги аён бўлди.

Европа ўз хавфсизлик тизимини қайта ислоҳ қилишга АҚШда Доналд Трамп ҳокимиятга келишидан аввалроқ киришганди. Бироқ Трамп маъмурияти ва унинг баёнотлари Европа давлатларини тезроқ ҳаракат қилишга мажбур қилди. Жумладан, АҚШ очиқчасига Европани Россия таҳдидидан ҳимоя қилишга камроқ жалб этилиши мумкинлиги ҳақида гапира бошлади.

«Кескин стратегик вазият АҚШга биринчи навбатда Европанинг хавфсизлигига эътибор қаратишга йўл қўймайди. АҚШ ўз ҳудудидаги билвосита таҳдидларга дуч келмоқда. Биз ўз чегараларимизнинг хавфсизлигига эътибор қаратишга мажбурмиз ва айнан шундай қиляпмиз», — деди АҚШ мудофаа вазири Пит Ҳегсет февралнинг ўртасида.

«Европада ядровий етакчиликка даъво»

Макроннинг баёноти умумий мазмунда бўлиб, ядровий тийиб туриш юридик тарзда қандай расмийлаштирилиши ва амалда қўллаб-қувватланиши борасида ҳозирча бирор аниқлик йўқ.

Шунингдек, унинг сўзлари ядровий ҳимоя борасида халқаро жамоатчилик қанчалик жиддий ёндашувда эканини кўрсатди. Бу мавзудаги муҳокамаларни бошлаш ва илк муносабатларни шакллантириш учун умумий баёнотнинг ўзи етарли бўлди.

Литва президенти Гитанас Науседа Макроннинг таклифини қўллаб-қувватлаб, «Франция президенти Эммануэл Макрон таклиф этган ядровий ҳимоя Россия учун жиддий тийиб туриш воситаси бўлиши мумкин», — дея фикр билдирди.

Москвада эса Макроннинг ташаббуси зиддиятли ҳаракат сифатида баҳоланди.

«Франция аслида урушни давом эттиришга ҳаракат қилаётгандек. Ушбу ташаббус ядровий қуролларни хавфсизлик юзасидан қўллашга тайёр эканлигини кўрсатмоқда. Бу шундай бир ядровий риторикаки, Европада ядровий етакчиликка даъво қилишга ўхшаяпти. Бу жуда ва жуда зиддиятли ташаббус», — деди Кремл вакили Дмитрий Песков.

Франциянинг ядровий арсенали таркиби

Нуфузли «Атомчи олимлар бюллетени» таҳлилларига кўра, 2023 йилга келиб Францияда 290 та ядровий каллак мавжуд бўлган.

Уларнинг 50 таси авиация қанотли ракеталарига ўрнатилган бўлиб, бу ракеталарни Rafale махсус жанговар самолётлари олиб юриши мумкин. Францияда бундай самолётларнинг 40 таси ерда жойлашган, яна 10 таси авиатушувчи кемалар палубасидан учириладиган турга мансуб.

Франциянинг ядровий арсенали дунёда тўртинчи ўринда туради. Улардан кўпроқ ядровий қурол Россия, АҚШ ва Хитойда мавжуд. Аммо умумий ҳисобда Франция ва Буюк Британиянинг ядровий каллаклари Хитойникидан кўп.

Европада Франция ядровий арсеналидан ташқари, АҚШнинг тактик ядровий авиабомбаларини ҳам жойлаштирган. Ушбу бомбалар Франциядан ташқари Италия, Нидерландия, Белгия, Германия ва Туркия ҳудудларида сақланади.

Франциянинг қолган ядровий каллаклари атом сувости кемаларига ўрнатилган. Унинг ҳарбий-денгиз кучлари ихтиёрида 9 та атом сувости кемаси мавжуд, шулардан 4 таси 16 тадан ядровий ракетани олиб юради.

Фото: Getty Images

Буюк Британиянинг денгиздаги ядровий стратегиясига ўхшаш тарзда, дунё океанида доимий равишда Францияга тегишли битта ядровий сувости кемаси навбатчилик қилади.

Совуқ уруш тугаганидан сўнг Франция ядровий тийиб туриш кучларини бирмунча қисқартирди. Французлар «Шарл де Голл» авиаташувчи кемасидан ядровий ракеталарни олиб ташлади ва стратегик кучларни тезкор шай ҳолатга келтириш муддатини бир неча кунга узайтирди.

Франциянинг ядровий доктринаси ҳақида

Британия ядровий доктринаси НАТО мамлакатларини ҳимоя қилиш учун оммавий қирғин қуролларини қўллашни назарда тутади. Франциянинг ядровий стратегияси эса фақат ўз ҳудудини ҳимоя қилишга қаратилган.

Франция доктринасига кўра, ядровий қурол фақат республика ўзини ҳимоя қилиш учун мавжуд ва француз давлатининг ҳаётий муҳим манфаатларига таҳдид юзага келганда қўлланиши мумкин.

Бироқ бу «ҳаётий муҳим манфаатлар» аниқ нималарни ўз ичига олиши ҳужжатларда очиқ белгиланмаган.

Бундай ноаниқликка сабаб — потенциал ҳужумчилар Франциянинг жавоб зарбаси эҳтимолини аниқ ҳисоблай олмаслиги учун махсус шундай усул қўлланган. Бундай ёндашув Россиянинг ядровий доктринасида ҳам учрайди.

Шу билан бирга, Макрон Франциянинг «ҳаётий муҳим манфаатлари» Европача ўлчамга ҳам эга бўлиши ҳақида бир неча бор ишора қилган, деб ёзади «Атомчи олимлар бюллетени». Бундан хулоса қилиш мумкинки, аниқ таҳдид тушунчаси белгилаб берилмаган француз доктринаси зарурият туғилганида кенгроқ доирадаги ҳимоя мақсадларига осонгина мослаштирилиши мумкин.

Мавзуга оид

Эълонлар

Ўзбекистонда смарт ГТП: газ тақсимлашда самарадорлик ва хавфсизликнинг янги босқичи

"Ўзбекинвест" компанияси томонидан "Яшил макон" умуммиллий дастури доирасида Қибрай туманида боғ яратилди

Iteca Exhibitions: 2024-йилда Ўзбекистоннинг иқтисодий ўсиши ва халқаро эътирофи драйвери

BI GROUPʼдан 25% гача чегирма билан бизнес класс хонадонлар

Келажак учун битим: MARS IT School болалар учун IТ-таълимни ривожлантиришнинг янги босқичига чиқяпти

USAID ҳамкорлигида SWISSAGRO қўшма корхонаси Фарғонада янги ишлаб чиқариш қувватини йўлга қўйди

Ўзбекистонда смарт ГТП: газ тақсимлашда самарадорлик ва хавфсизликнинг янги босқичи

"Ўзбекинвест" компанияси томонидан "Яшил макон" умуммиллий дастури доирасида Қибрай туманида боғ яратилди

Iteca Exhibitions: 2024-йилда Ўзбекистоннинг иқтисодий ўсиши ва халқаро эътирофи драйвери

BI GROUPʼдан 25% гача чегирма билан бизнес класс хонадонлар

Келажак учун битим: MARS IT School болалар учун IТ-таълимни ривожлантиришнинг янги босқичига чиқяпти

USAID ҳамкорлигида SWISSAGRO қўшма корхонаси Фарғонада янги ишлаб чиқариш қувватини йўлга қўйди

Ўзбекистонда смарт ГТП: газ тақсимлашда самарадорлик ва хавфсизликнинг янги босқичи

"Ўзбекинвест" компанияси томонидан "Яшил макон" умуммиллий дастури доирасида Қибрай туманида боғ яратилди