Ўзбекистон | 23:38 / 09.11.2023
10741
3 дақиқада ўқилади

Шуҳрат Вафоев СИА раҳбари лавозимини тарк этади — ОАВ

Шунингдек, Стратегик ислоҳотлар агентлиги қайта ташкил қилиниши айтилмоқда. 

Фото: Германия иқтисодиётининг Шарқий қўмитаси

Шуҳрат Абдушарифович Вафоев Ўзбекистон президенти ҳузуридаги Стратегик ислоҳотлар агентлиги (СИА) бош директори лавозимидан озод этилди. Унинг ўрнини Президент администрацияси ходими Баҳодир Раҳматов эгаллаши кутилмоқда. Бу ҳақда Газета.uz ёзди.

Манбага кўра, президент Шавкат Мирзиёев 8 ноябр куни СИА фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисидаги қарорни имзолаган. Энди агентлик бош директори бир вақтнинг ўзида Президент администрациясининг Ҳуқуқий экспертиза ва комплекс таҳлил департаменти бошлиғининг ўринбосари бўлади. Агентлик раҳбари бундан кейин ҳам президент томонидан тайинланади ва лавозимидан озод этилади.

СИА раҳбари ўринбосарлари мақоми бўйича Президент администрацияси сектори мудирига тенглаштирилиб, президент ёрдамчиси томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимидан озод қилинади.

Қайд қилинишича, янги ташкил қилинган агентлик бош директорининг бир ўринбосари бўлади (ҳозир бир нафар биринчи ўринбосар ва ўринбосар мавжуд). Шунингдек, қарийб барча бошқарма ва бўлимлар, жумладан, Стратегик ташаббусларни илгари суриш бошқармаси, Давлат дастурлари мониторинги бошқармаси, Халқаро молия институтлари ва халқаро ташкилотлар билан ишлаш бошқармаси, Соҳа ва тармоқларда ислоҳотларни мувофиқлаштириш бошқармаси, Ислоҳотларни баҳолаш ва тизимли муаммоларни аниқлаш бошқармаси, Давлат бошқарувини такомиллаштириш бошқармаси ва бошқалар ҳам қисқартирилади.

Улар ўрнига илғор хорижий тажриба ва рейтингларни ўрганиш асосида муҳим ташаббусларни ишлаб чиқиш гуруҳи, амалга оширилаётган ислоҳотлар самарадорлигини баҳолаш ва мониторинг қилиш гуруҳи, халқаро ва хорижий ташкилот ҳамда институтлар билан ўзаро ҳамкорликка асосланган муҳим ташаббусларни ишлаб чиқиш гуруҳи, хорижий экспертлар ва маслаҳатчилар билан ўзаро ҳамкорлик гуруҳи, илмий ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорлик асосида муҳим ташаббусларни ишлаб чиқиш гуруҳи, лойиҳаларни бошқариш гуруҳлари ташкил этилади.

Агентлик Президент администрацияси биносига кўчади, штатлар сони 50 дан 20 кишига қисқартирилди.

Стратегик ривожланиш агентлиги 2021 йил июл ойида ташкил этилган эди. Унинг вазифалари қаторига инвестицияларни жалб қилиш, тармоқлар ва ҳудудлар бўйича лойиҳаларни амалга ошириш киритилди. 2022 йил сентябр ойида мазкур орган Стратегик ислоҳотлар агентлиги этиб қайта ташкил этилди ва унга Шуҳрат Вафоев раҳбар бўлган эди.

Мавзуга оид