Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Навбатдаги чўпчак: Ўзбекистонда криптовалюта “қазиб олувчи” ускуна ижарасидан даромад олиш таклиф этилмоқда
Фирибгарлик ва молиявий пирамидалардан толиққан одамлар ҳаётига Veemine номи остида осон пул топиш ваъда қилинаётган янги чўпчак кириб келди. Ёлғон экани яққол кўриниб турганига қарамай ушбу лойиҳага ишониб, пул тикаётганлар кўпаймоқда. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ариза тушишини кутиб турса, Ўзбекистонда молиявий пирамидага алданганларнинг янги тўлқини пайдо бўлиши мумкин.

Ўзбекистонда VM, яъни Veemine номи остида яна бир молиявий пирамида пайдо бўлди. Ушбу лойиҳа охирги бир ойда водий вилоятлари ва Хоразмда фаол тарғиб қилинмоқда.
VM нима?
Veemine бундан олдин минглаб одамларни чув тушириб, пулини ўмарган бошқа молиявий пирамидалардан умуман фарқ қилмайдиган навбатдаги ёлғон. Фақат шакл, яъни лойиҳанинг молиявий пирамида эканини ўраб турувчи “тўн” бироз ўзгарган.
Масалан, одамлар “Parker” молиявий пирамидасида powerbank ижарасига пул тикиш орқали катта даромад олишга ишонтирилган бўлса, “Sun Eco”да қуёш панелларига инвестиция киритиб, қисқа фурсатда йирик фойда кўриш айтилган. VM’да айни шу нуқта – одамларни алдаш схемаси криптовалюта “қазиб оладиган” Veemine номли ускуна билан боғлиқ.
Компания 2013 йилда ташкил этилгани ва штаб-квартираси Буюк Британияда жойлашгани айтилади.
“Блокчейн соҳасида 10 йиллик профессионал тажрибага эга бўлган VM криптовалюта қазиб олиш, кончилик ҳовузи операциялари ва маълумотлар маркази хизматларини қамраб олган. Компания BTC, ETC, LTC ва бошқалар каби бир нечта валюталар учун самарали ва хавфсиз қазиб олиш ечимларини таъминловчи глобал бизнес тармоғини муваффақиятли қурди. Саноат мезони сифатида VM ҳар доим глобал криптовалюта бозори ва янги технологияларни барқарор ривожлантириш орқали узоқ муддатли қиймат яратишга содиқ бўлиб келган”, дея чўпчак тўқилган ижтимоий тармоқлардаги каналларда.
VM компанияси 2023 йилда Ўзбекистонда миллий стратегик тадқиқот лойиҳасини ишга туширгани билдирилган. Бироқ бирорта расмий ОАВда ушбу компания ва унинг Ўзбекистондаги фаолияти ҳақида хабарлар учрамайди. Аслида шунинг ўзиёқ VM навбатдаги молиявий пирамида эканига далил.
“Иш ўрни яратамиз”
VM ҳам олдинги шу каби лойиҳалардек Ўзбекистонга “катта мақсадлар билан киргани”, “компания бу ерда кўплаб иш ўринлари яратиши кутилаётгани” маълум қилинган.
“VM Ўзбекистондаги узоқ муддатли инвестиция режасида маҳаллий аҳолига тоғ-кон машиналарини ишлатиш ва техник хизмат кўрсатиш, фойдани ҳисоблаш ва активларни бошқариш каби тўлиқ занжирли бандликни қўллаб-қувватлашни онлайн ва модулли кўникмаларни ўқитиш тизими орқали тақдим этишни ваъда қилмоқда. Бевосита рақамли иқтисодиёт бўйича кўпроқ иш ўринларини яратиши кутилмоқда”, дейилади лойиҳа тарғиб қилинаётган каналлардан бирида.
VM “янги иш ўрни очиш” жумласини “компанияга аъзо бўлиш орқали онлайн ишлаб даромад олиш” фикри билан асослайди. Гўёки бу янги иш ўрни, яъни аъзолик “мижозни” компания ходимига айлантиради.
Шунингдек, аъзо бўлиш учун ариза берганларни “кафолатлаш ҳамда уларнинг келиб чиқишини текшириш” баҳонасида айрим маълумотларни тақдим этиши кераклиги кўрсатилган. Бу орқали лойиҳа ортида турганлар кўплаб инсонларнинг шахсий маълумотларини қўлга киритиши хавфи ҳам юзага келмоқда.
“Пул тикасиз ва даромад кўрасиз”
VM одамларга Veemine қурилмаси “қазиб олган” криптовалютани ҳақиқий пулга айлантириш орқали катта даромад кўришни ваъда қилмоқда. Айни шу нуқтада мазкур молиявий пирамида ортида турганларнинг асл мақсади Ўзбекистонда “янги иш ўринларини яратиш” эмас, одамларнинг пулини ўмариш экани яққол ойдинлашади.
Таклиф қилинаётган даромад кўриш схемаси олдингилари билан бир хил: қанча кўп пул тиксангиз шунча кўп даромад оласиз.
Мижозларга пул тикиш орқали бир неча турдаги қурилмаларни ижарага олиш таклиф этилган. Масалан, ASIC-40 қурилмаси 400 минг сўмга ижарага олинса, 50 кун мобайнида кунига 18 400 сўмдан жами 920 минг сўм даромад кўриш ваъда қилинган. Ушбу тарифга таклиф қилинган ҳар аъзо учун 40 минг сўм мукофот пули ҳам берилиши айтилган.
Шу тариқа ускуналарнинг ижара нархи ошиб борган. ASIC-800 қурилмасини 8 млн сўмга ижарага олиб, кунига 440 минг сўмдан 54 кунда 23 млн 760 минг сўм фойда кўриш мумкинлиги келтирилган.
Оддий мантиқ: компания шунча қурилмага эга экан, улар тинмай криптовалюта “қазиб оларкан”, унда нега таклиф этилаётган фойдани ўзи олмай, ижара пулига кўз тикмоқда?! Чунки VM орқали айнан ана шу “ижара пуллари”ни миллиардларга айлантириб, ўмариш мақсад қилинган.
“Турткиланаётган” ҳислар...
Ўзбекистонда Veemine’нинг ўнлаб гуруҳ ва каналлари фаол юритилмоқда. Уларга минглаб одамлар аъзо бўлган. Ушбу молиявий пирамида айниқса охирги бир ойда фаол тарғиб қилина бошланди.
Ҳатто баъзилар одам қўшиш орқали пул топиш мақсадида жамоавий тадбирлар ўтказиб, ўзи билиб-билмай бошқаларни ҳам пул тикишга ундамоқда.
Бундан ташқари, гуруҳларда оғир аҳволга тушиб қолиб, Veemine қурилмасини ижарага олиш орқали бойиб кетган инсонлар ҳаёти мисол қилиб келтирилмоқда. Албатта, буларнинг бари ёлғон. Мақсад – одамларнинг ҳисларини “турткилаш” орқали уларни молиявий пирамида домига тортишдир.
Масалан, гуруҳлардан бирида Рустам исмли қашқадарёлик йигит ёзилган. Унда Рустам Veemine компаниясида 6 ойдан бери ишлаши айтилган.
“Ярим йил аввал унинг ҳаёти пароканда эди: касал хотини, йиғлаётган гўдак, кекса ва ногирон ота-она... Балки уни ижобий кайфиятда ушлаб турган ҳаёт тазйиқлари бўлгандир. У менинг жамоамнинг энг меҳнаткаш аъзоларидан бири. Шу олти ойда 300 млн сўмга яқин даромад қилганини айтди. Бугун 38 ёшга тўлди ва у ўзига иккинчи қурилмани сотиб олди.
Ҳеч кимнинг ҳаёти силлиқ кечмайди. Худо бизга ҳаётимизни яхшилаш учун кўп имкониятлар беради. Уларни қўлга кирита олмаганлар доимо ўзларига тасалли бериш учун орзу қиладилар”, дейилади Рустам ҳақидаги ҳикояда.
Алданувчи бор экан, алдовчи топилади
Сўнгги 2-3 йилда Ўзбекистонда турли молиявий пирамидалар авж олди: powerbank ижарасини таклиф этган “Parker”, видео кўриш орқали пул топишни тарғиб қилган HNK, Whats ва Aif, табиат ғамхўри ниқобидаги “Blue culture”, совға улашувчи “Дари получай” каби молиявий пирамидаларга минглаб одамлар алданди. Ҳатто чет давлат фуқаролари келиб, ўзбекистонликларни миллионлаб долларга чув туширишди.
Баъзи юртдошларимиз “бошланишида пул беради, ишлаб оламан” деган ўйда ушбу лойиҳалар молиявий пирамида эканини, маълум муддатдан сўнг йўқолиб қолишини билган ҳолда уларнинг тегирмонига сув қуйяпти. Бу каби ҳаракатлар эса янада кўпроқ одам алданишига сабаб бўлмоқда.
Kun.uz юртдошларимизни доим огоҳ бўлишга, ҳар бир маълумотни текшириб кўришга, ўз маблағларини шубҳали лойиҳаларга тикмасликка чақиради.
Руслан Сабуров,
Kun.uz
Тавсия этамиз
Навоийни кимлар заҳарлаяпти? – экология вазири изоҳ берди
Ўзбекистон | 11:23 / 25.07.2025
Ишдаги ишқнинг якуни: селекторда “қўлга тушган” амалдор ишдан олинди
Ўзбекистон | 10:42 / 25.07.2025
Франция Фаластин давлатини тан олади — Макрон
Жаҳон | 09:46 / 25.07.2025
Ниҳоят: келаётган ҳафтада салқин ҳаво оқими кириб келиши кутилмоқда
Ўзбекистон | 20:03 / 24.07.2025
Сўнгги янгиликлар
-
Россияда таниқли сиёсатшунос Екатерина Шулман сиртдан ҳибсга олинди
Жаҳон | 10:28
-
Германияда поезд издан чиқиб кетди, қурбонлар бор
Жаҳон | 10:23
-
Ўзбекистон-Венгрия махсус индустриал зонаси ташкил этилади
Ўзбекистон | 10:16
-
Россия Марказий банки кетма-кет иккинчи марта асосий ставкани пасайтирди
Жаҳон | 10:01
Мавзуга оид

17:49 / 26.07.2025
Беларус киберфирибгарлари пулларнинг бир қисмини Ўзбекистонга юборгани маълум бўлди

22:48 / 25.07.2025
«Bilol's motors» автосалони раҳбари устидан суд бошланди

15:33 / 23.07.2025
Германияга ишга юбориш билан боғлиқ фирибгарлик ҳолати аниқланди

16:30 / 21.07.2025