Ўзбекистон | 11:44 / 02.06.2023
4109
3 дақиқада ўқилади

Уяли алоқа виртуал операторлари ҳамда теле- ва радиоканалларга давлат божини тўлашда имтиёзлар берилади

Телерадиоэшиттиришларни тарқатиш, тармоқларини лойиҳалаштирганлик, қурганлик, улардан фойдаланганлик ва уларнинг хизматларини кўрсатганлик учун тўланадиган давлат божи миқдорлари 50 фоизга камайтирилмоқда.

Фото: Senat.uz

Сенаторлар “Телекоммуникациялар соҳасида айрим фаолият турларини амалга оширганлик учун давлат божи миқдорлари мақбуллаштирилиши муносабати билан “Давлат божи тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун кўриб чиқишди.

Қонун билан уяли алоқа виртуал операторлари (провайдерлар) фаолиятини кенгайтириш мақсадида улар томонидан радиотелефон (уяли) алоқа тармоқлари хизматларини кўрсатиши натижасида ундириладиган давлат божи миқдорлари камайтириляпти. Ушбу соҳада фаолият юритиб келаётган тадбиркорлик субъектлари томонидан базавий ҳисоблаш миқдорининг 25 000 баравари миқдорида давлат божи ундирилиши белгилаб қўйилмоқда.

Шу билан бирга, агар уяли алоқа виртуал оператори томонидан навбатдаги йиллик давлат божини тўлаш давридан олдинги молия йилида кўрсатилган кўчма радиотелефон (уяли) алоқа тармоқлари хизматларининг қиймати базавий ҳисоблаш миқдорининг 1,5 миллион бараваридан ошган тақдирда, ушбу уяли алоқа виртуал оператори даромадининг 1 фоизи миқдорида қўшимча давлат божи тўланиши белгиланмоқда.

Таъкидланишича, бугунги кунда республикада ўз телекоммуникация тармоғига эга 5 та мобиль алоқа базавий оператори хизмат кўрсатиб келмоқда. Радиочастота ресурсига эга бўлмаган 1 та виртуал мобиль алоқа оператори мавжуд.

Ҳудудлардаги хусусий телеканал ва радиоканаллар ўз телерадиодастурларини эфирга узатиш ҳамда моддий-техник базаларини замонавий ускуналар билан жиҳозлашда айрим молиявий қийинчиликларга дуч келмоқда. Шу боис қонун билан телерадиоэшиттиришларни тарқатиш (намойиш қилиш) тармоқларини лойиҳалаштирганлик, қурганлик, улардан фойдаланганлик ва уларнинг хизматларини кўрсатганлик учун тўланадиган давлат божи миқдорлари 50 фоизга камайтирилмоқда.

Бунда теле- ва радиоканалларнинг молиявий имкониятларини яхшилашга, яъни 4,1 млрд сўмга яқин пул маблағлари эвазига хусусий телерадиоэшиттириш субъектлари фаолиятини ривожлантиришга эришилади.

Қонун билан давлат божини ундиришда яна бир қўшимча имтиёз берилиб, унга кўра, йиллик ундириладиган давлат божининг миқдори тенг равишда йилнинг ҳар чорагида бўлинган ҳолда тўлаш механизми яратилмоқда.

Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

Мавзуга оид