Ўзбекистон | 20:30 / 06.03.2025
3483
6 дақиқада ўқилади

6 март янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа ва ҳодисалар

Пермдаги автоҳалокатда ўлган ўзбекистонликлар, Намангандаги сохта «права»ли ҳайдовчи, Самарқандда боғчада калтакланган болалар ва олтин хариди бўйича пешқадам Ўзбекистон — ўтган кун давомида Kun.uz’да ёритилган долзарб ва муҳим Ўзбекистон янгиликлари билан таништирамиз.

Сохта «права»ли ҳайдовчи

Наманганда сохта ҳайдовчилик гувоҳномасига эга ҳайдовчи йўл патрул хизмати инспекторига пора бермоқчи бўлганда қўлга олинди.

26 ёшли Абдуғани Абдуғаниев Наманганда тўхтатилганда у сохта ҳайдовчилик гувоҳномаси билан машина ҳайдаб келаётгани маълум бўлади. У чора кўрмаслик учун йўл-патрул хизмати инспекторига 600 минг сўм ва 100 доллар пора ҳам таклиф қилди, лекин хизматчи узатилган порани олмайди, қайтага тадбир уюштириб, ҳайдовчини ушлаб беради.

Наманган вилояти ИИБ эксперт-криминалистика маркази унинг гувоҳномаси қалбаки эканини тасдиқлади. Судда ҳайдовчи ҳужжатни Россиянинг Калининград шаҳрида ясаттирганини тан олди.

Косонсой туман суди унга 2 йил 2 ой озодликни чеклаш жазосини тайинлади. Ҳайдовчи уй қамоғида қолган, аммо сохта гувоҳномани ясаб берган шахслар номаълумлигича қолмоқда.

Сохта «права» билан Ўзбекистонда энди машина ҳайдаб бўлмайди. Чунки бу маълумотлар аллақачон рақамлаштириб бўлинган.

Россиядаги автоҳалокатда уч ўзбекистонлик ҳалок бўлди

Россиянинг Перм ўлкасида юз берган йўл-транспорт ҳодисасида 3 нафар ўзбекистонлик ҳалок бўлди, яна 3 киши шифохонага ётқизилган.

Ўзбекистоннинг Қозон шаҳридаги бош консулхонаси маълумотига кўра, ҳодиса 22 феврал тонгида «Оса — Чернушка» трассасида содир бўлган. Ўзбекистон давлат рақамидаги Lada Largus ва SIMAZ русумли автобус тўқнашган.

Енгил автомобилдаги икки киши воқеа жойида, яна бири шифохонада вафот этган. Жабрланганлар Оса марказий шифохонасига жойлаштирилган.

Расмийларга кўра, ичида Ўзбекистон фуқаролари бўлган Lada Largus ҳайдовчиси иккинчи даражали йўлдан чиқиб, автобусга йўл бермаган. Ҳодиса бош консулхона назоратида бўлиб, ҳалок бўлганларнинг жасадлари юртига етказилган.

Самарқандда тарбиячи болаларни калтаклади

Самарқанд вилояти Жомбой туманидаги 25-сонли давлат боғчасида тарбиячи болаларга зўравонлик қилгани аниқланди. Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеода у болаларга бақириб, баъзиларига қўл кўтаргани акс этган.

Вилоят Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси маълумотига кўра, ҳодиса 14 феврал куни содир бўлган. Жиноят ишлари бўйича Жомбой туман суди тарбиячи Г.А.га 1,1 млн сўм миқдорида жарима тайинлади. У билан тузилган меҳнат шартномаси ўзининг ташаббуси билан бекор қилинган.

Бундан олдин Тошкент шаҳридаги «Танзиландия» хусусий боғчаси ва Тошкент вилояти Паркент туманида ҳам тарбиячилар болаларга зўравонлик қилгани ҳақида хабар қилинганди.

Дарахтлар кесилиши камаймоқда — эковазирлик

Экология вазирлиги маълумотига кўра, 2024 йилда ноқонуний кесилган қимматбаҳо дарахтлар сони 1098 тани ташкил қилди. Бу кўрсаткич 2022 ва 2023 йилларга нисбатан камайган.

Вазирлик инспекторлари томонидан дарахтлар кесилишининг олдини олиш учун доимий назорат-рейд тадбирлари ўтказилмоқда. Президентнинг 2019 йилдаги фармонига асосан, қимматбаҳо дарахтларни кесишга мораторий жорий этилган бўлиб, 2021 йилда унинг муддати чексиз даврга узайтирилган.

Расмий маълумотларга кўра, 2022 йилда ноқонуний кесиш ҳолатлари 1669 тани ташкил этган бўлса, 2023 йилда бу кўрсаткич 1097 тага тушган. Жамоатчилик назорати ва профилактика тадбирлари туфайли 2024 йилда 634 мингдан ортиқ дарахт сақлаб қолинган.

Экология вазирлиги ноқонуний кесиш ҳолатларини кескин қоралаб, назорат тадбирлари давом этишини маълум қилди.

Бюджет ташкилотлари электрон тўлов тизимига ўтади

2025 йил 1 июлдан бошлаб аҳолига хизмат кўрсатувчи бюджет ташкилотлари, газ ва нефт маҳсулотлари сотувчилар ва мулкни ижарага берувчи юридик шахслар мажбурий равишда электрон тўлов тизимларига уланади. Бу ҳақда ҳукумат қарори қабул қилинди.

Ҳужжат тўлов тизимларини ривожлантириш ва нақд пулсиз ҳисоб-китобларни кенгайтириш мақсадида тасдиқланган. Электрон тўловни рад этган юридик шахсларга нисбатан қонунчиликка мувофиқ чоралар кўрилади.

Шунингдек, Солиқ қўмитаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги билан биргаликда қонунчиликка тегишли ўзгартиришлар киритиш бўйича таклиф тайёрлайди. Стратегик ислоҳотлар агентлиги эса 2025-2030 йилларда электрон тўловлар улушини ошириш режасини ишлаб чиқади.

Ўзбекистон олтин хариди бўйича пешқадам

Ўзбекистон 2025 йил январ ойида 8 тонна соф олтин харид қилиб, дунёдаги энг йирик олтин харидорига айланди. Жаҳон олтин кенгаши маълумотига кўра, мамлакатнинг умумий олтин захиралари 391 тоннага етди ва халқаро захираларидаги улуши 82 фоизни ташкил қилди.

Январ ойида марказий банкларнинг умумий олтин харидлари 18 тоннага етди. Ўзбекистон, Хитой ва Қозоғистон энг йирик харидорлар сифатида ажралиб турди. Хитой Халқ банки ой давомида 5 тонна, Қозоғистон Миллий банки эса 4 тонна олтин сотиб олган.

Қозоғистон Миллий банки ҳам халқаро захираларни мустаҳкамлаш мақсадида олтин харидларини давом эттиришини маълум қилди. Унинг умумий олтин захиралари 288 тоннага етди.

Мавзуга оид