Ўзбекистон | 21:22 / 05.03.2025
5145
5 дақиқада ўқилади

5 март янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа ва ҳодисалар

Ҳудудларни секторларга бўлиб бошқариш тугатилмоқда, коррупциянинг илдизига айланаётган ҳашамат, давлат хизматчилари даромадини декларациялашга оид қонун тақдири ва тезлик чекловларидаги хатолик оширилиши — ўтган кун давомида Kun.uz’да ёритилган долзарб ва муҳим Ўзбекистон янгиликлари билан таништирамиз.

Ҳудудларда сектор тизими тугатилди

Президент ҳудудларни секторларга бўлиб бошқариш тизимини бекор қилди. Бу тизим 2016 йилда жорий этилиб, ижтимоий-иқтисодий муаммоларни ҳал қилишда муҳим рол ўйнаган.

Бироқ сўнгги йилларда прокурор, ички ишлар ва солиқ идоралари раҳбарлари сектор тизимини баҳона қилиб, соҳалардаги асосий ишларни сусайтиргани танқид қилинди.

Туманларда профилактика инспекторлари иш бошлаган, аммо ички ишлар бўлимлари янги тизимда самарали иш олиб бормаётгани таъкидланди. Солиқ идоралари маҳаллаларда фаолият юритган бўлса-да, яширин иқтисодиётга қарши курашда жиддий камчиликлар аниқланди.

Бундан буён секторлар фаолияти билан прокуратура, ички ишлар ва солиқ идоралари эмас, бош вазир ўринбосарлари шуғулланади.

Президент жиноятчиликка қарши чоралар кучайтирилишини таъкидлаб, ҳудудий хавфсизликни таъминлашда ҳокимлар шахсан масъул эканини билдирди. Шунингдек, вазир ва ҳокимлар лавозимга тайинланишдан олдин коррупцияга қарши курашиш режасини парламент ва маҳаллий кенгашларда ҳимоя қилиши талаб этилади.

«Ортиқча ҳашамат — коррупция илдизи»

Президент амалдорларнинг ҳашаматга интилишини коррупциянинг илдизи деб атади ва бу борада жиддий чоралар кўриш зарурлигини таъкидлади.

У 5 март куни Коррупцияга қарши курашиш миллий кенгаши йиғилишида раҳбарлардан камтарлик намунаси бўлишни талаб қилди.

Президент фикрига кўра, коррупцияга қарши курашни ёш авлод онгига ҳалолликни сингдиришдан бошлаш керак. Мактаб ва олийгоҳларда ёшларни ҳалоллик ва адолат руҳида тарбиялаш зарурлиги қайд этилди. Шунингдек, нодавлат ташкилотлар коррупцияга қарши мониторинг ишларига жалб қилинади.

Ҳукумат бу мақсадда ҳар йили 10 миллиард сўм ажратишни режалаштирмоқда. Президент раҳбарлар ва жамоатчиликни коррупцияга қарши курашда фаол бўлишга чақирди.

Амалдорларнинг даромади қачон декларацияланади?

Президент давлат хизматчилари даромадини декларациялашга оид қонунни қабул қилиш вақти келганини маълум қилди. Коррупцияга қарши курашиш бўйича йиғилишда ушбу қонун лойиҳасини жамоатчилик муҳокамасига қўйиш ва 1 апрелгача парламентга киритиш топширилди.

Шунингдек, ноқонуний бойлик орттириш учун жавобгарликни кучайтириш таклиф қилинди. Давлат хизматчилари ўз мол-мулкининг қонуний манбасини исботлаши шарт бўлади. Миллий кенгаш ва парламент коррупцияга қарши халқаро андозаларга мос таклифлар тайёрлаши зарур.

Президент кадрларни танлашда билим ва натижаларни асосий мезон этиб белгилаш кераклигини таъкидлади. Шунингдек, коррупцияга қарши профилактика, фош этилган жиноятлар учун рағбатлантириш механизмларини қамраб олган янги қонун ишлаб чиқилади.

Тошкент вилоятига янги прокурор, пойтахт ИИББга янги раҳбар тайинланди

Тошкент вилояти прокурори лавозимига адлия катта маслаҳатчиси Азамат Мирзаев тайинланди.

У 2023 йил ноябридан буён Навоий вилояти прокурори лавозимида ишлаб келган. Вилоят прокурори лавозими сўнгги ярим йилдан бери бўш эди, унинг вазифаларини биринчи ўринбосар Абдуқаҳҳор Муллажонов бажариб келган.

Шунингдек, Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармасига янги раҳбар тайинланди. Полковник Равшан Султонхўжаев Ички ишлар вазирининг буйруғи билан ИИББ бошлиғи лавозимига тайинланди.

У аввал Хоразм вилояти ИИБ бошлиғи ҳамда 2021 йилда Тошкент шаҳар ИИББ бошлиғи ўринбосари лавозимларида ишлаган.

Йўл тезлиги чекловларидаги хатолик миқдори ошириладими?

Ўзбекистонда транспорт воситалари тезлигини қайд этишдаги хатолик миқдорини +5 km/h дан +10 km/hʼгача ошириш таклиф қилинмоқда.

Агар бу лойиҳа қабул қилинса, ҳайдовчилар тезлик 60 km/h билан чегараланган шаҳар ҳудудларида соатига 70 км тезликда ҳаракатланиши мумкин бўлади.

Бош вазир ўринбосари Очилбой Раматов имзолаган ҳужжатга кўра, бу борадаги норматив ҳужжат тайёрланган. Шунингдек, йўл чизиқларига оид қоидабузарликлар аниқланадиган ҳудудлар Шаҳарсозлик меъёрлари ва қоидалари ҳамда Давлат стандартлари талабларига мос келиши кераклиги белгиланди.

Лойиҳага кўра, 2025 йил 1 майга қадар Ички ишлар вазирлиги барча фото ва видео қайд этиш тизимларини ривожлантириш, давлат стандартларини ишлаб чиқиш ва барча қурилмаларни тестдан ўтказишни ўз ичига олган режа тайёрлаши кўзда тутилган.

Мавзуга оид