Ўзбекистон | 21:10 / 04.03.2025
5364
5 дақиқада ўқилади

4 март янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа ва ҳодисалар

Ўзбекистонда блокланаётган TEMU маркетплейси, Навоийда туғиб қўйган 8-синф ўқувчиси, 9 ёшли қизга шилқимлик қилган тўгарак раҳбари ва ваколатлари кенгаяётган «департамент» — ўтган кун давомида Kun.uz’да ёритилган долзарб ва муҳим Ўзбекистон янгиликлари билан таништирамиз.

Ўзбекистонда Temu платформаси чекланади

Ўзбекистон ҳукумати 20 мартдан Temu электрон савдо платформаси фаолиятини чеклаш ҳақида қарор қабул қилди. Солиқ қўмитаси фуқароларга бугунги кундан бошлаб платформа орқали буюртма бермасликни тавсия қилди.

Қарорга асосан, хорижий электрон савдо платформалари Ўзбекистонда фаолият юритиш учун маҳаллий юридик шахс сифатида рўйхатдан ўтиши керак. Текширувлар Temu бир нечта қонун ҳужжатларига, жумладан, электрон тижорат, истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва шахсий маълумотлар хавфсизлиги талабларига риоя қилмаганини кўрсатган.

Солиқ қўмитаси Temu орқали амалга оширилган олдинги буюртмаларни қайтариш учун платформадан фойдаланиш мумкинлигини маълум қилди. Фуқароларга шахсий маълумотлар хавфсизлигини таъминлаш учун эҳтиёткорлик чораларини кўриш тавсия этилмоқда.

9 ёшли қизга шилқимлик қилган ўқитувчи қамалди

Тошкентда рассомчилик тўгараги ўқитувчиси 9 ёшли ўқувчига нисбатан шаҳвоний шилқимлик қилгани учун 5 суткага қамалди. Суд ҳужжатларига кўра, 24 ёшли Д.М. қизчани қучоқлаб, кўкраклари ва қўлларини ушлаган.

Жабрланувчининг онаси ушбу ҳолат юзасидан ҳуқуқ-тартибот органларига мурожаат қилган. Судда айбдор ўз айбини тан олди ва ҳаракатлари бошқа такрорланмаслигини билдирди. Суд уни Маъмурий жавобгарлик кодексининг 41-1-моддаси бўйича жавобгарликка тортиб, 5 сутка қамоқ жазоси тайинлади.

Болалар омбудсмани мазкур қарор бола манфаатларига мос эмаслигини билдириб, Тошкент шаҳар прокуратурасига апелляция тартибида протест киритиш учун илтимоснома юборди.

Навоийда 8-синф ўқувчиси туғиб қўйди

Навоий вилояти Кармана туманининг 15-мактабида 8-синф ўқувчиси она бўлди. Мактаб раҳбарияти бу ҳолатни тасдиқлади, ҳозирда прокуратура текширув ўтказмоқда.

Kun.uz маълумотига кўра, ўқувчи қизнинг мактабга келиш давоматини назорат қилмаган, у мактабга келмаган бўлса ҳам ўқитувчиларга уни баҳолаб боришни буюрган мактаб директори Юлдуз Ўроқованинг ишда қолиш-қолмаслиги кўриб чиқилмоқда.

Ачинарлиси, худди шу мактабда ўтган йили ҳам эрта туғуруқ ҳолати қайд этилган. Ўшанда 10-синф ўқувчиси она бўлган, ҳозирда у 11-синфда ўқишни давом эттирмоқда.

Самарқандда 9-синф ўқувчиси Зулфия мукофотини олди

Президент Шавкат Мирзиёев иқтидорли қизларни «Зулфия номидаги Давлат мукофоти» билан тақдирлаш тўғрисида қарор имзолади.

Мукофот Оила ва хотин-қизлар қўмитаси ҳузуридаги комиссия таклифига асосан, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридан истеъдодли ва ташаббускор қизларга топширилди. Улар таълим, фан, адабиёт, маданият, санъат, спорт ва ахборот технологиялари соҳаларидаги муваффақиятлари учун муносиб кўрилди.

Зулфия мукофоти аъло хулқ, зукколик ва жамоатчилик фаолиятидаги юқори натижалар билан эътирофга сазовор бўлган қизларга берилади.

Мукофотланган хотин-қизлар ичида энг ёши, шахмат бўйича аёллар ўртасида жаҳон чемпиони — Самарқанд вилояти Самарқанд шаҳридаги 42-умумий ўрта таълим мактабининг 9-синф ўқувчиси Афрўза Хамдамова бўлиб турибди.

Департамент ваколатлари кенгайтирилмоқда

Президент иқтисодий жиноятларга қарши курашиш тизимини такомиллаштириш бўйича қонунни имзолади. Ҳужжатга кўра, Бош прокуратура ҳузуридаги департамент терговчилари энди айрим жиноят ишлари бўйича дастлабки терговни амалга оширади.

Жумладан, валюта қоидабузарликлари, солиқ тўловларидан бўйин товлаш, ноқонуний алкогол ва тамаки маҳсулотлари айланмаси ҳамда хавфли товарларни ишлаб чиқариш ва тарқатиш каби жиноятлар ушбу тузилма томонидан тергов қилинади.

Шунингдек, Давлат молиявий назорати инспекцияси давлат бюджети харажатлари, кредитлар ва субсидиялардан мақсадли фойдаланиш, дипломатик муассасалар маблағлари, пенсиялар ва давлат харидларининг тўғри бошқарилишини назорат қилади.

Техник регламентларни ишлаб чиқиш тартиби тасдиқланди

Вазирлар Маҳкамаси техник регламентларни ишлаб чиқиш, тасдиқлаш ва ўзгартириш тартибини белгиловчи низомни тасдиқлади.

Республика ижро ҳокимияти органлари ва хўжалик бирлашмалари ҳар йили 1 ноябрга қадар манфаатдор томонларнинг таклифлари асосида техник регламентлар лойиҳасини Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлигига тақдим этади. Агентлик бу таклифлар асосида 30 иш куни ичида Вазирлар Маҳкамасига дастур лойиҳасини киритади.

Тасдиқланган низомга кўра, техник регламентларнинг тузилиши, ишлаб чиқиш, экспертизадан ўтказиш, маълумотлар базасини шакллантириш ва уларни ўзгартириш тартиби белгиланди.  

Мавзуга оид