7 март янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа ва ҳодисалар
Президентнинг аёлларга байрам табриги, МИБ ходимларига боди камера, хитойликларга ер сотилаётгани рад этилди ва аутсорсингга бериладиган расмий статистика — ўтган кун давомида Kun.uz’да ёритилган долзарб ва муҳим Ўзбекистон янгиликлари билан таништирамиз.
Президент 8 март муносабати билан хотин-қизларни табриклади
Президент Шавкат Мирзиёев 8 март — Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан Ўзбекистон аёлларини табриклади. У хотин-қизларни «замонамизнинг ҳақиқий қаҳрамонлари» деб атаб, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш давлат сиёсатида устувор вазифа эканини таъкидлади.
Давлат раҳбари аёлларнинг давлат бошқарувидаги иштироки ортганини, уларнинг таълим олиш имкониятлари кенгайганини қайд этди.
Президент қўшимча равишда хотин-қизларни иш билан таъминлаш, уларнинг тадбиркорлик имкониятларини ошириш бўйича янги ташаббусларни эълон қилди.
Президент аёлларнинг таълим олиши, тадбиркорлик билан шуғулланиши ва жамиятдаги фаолиятини қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирларни санаб ўтди. Жумладан, жорий йилда 250 минг нафар қиз олий таълимга қамраб олинади, 2 миллион хотин-қизнинг бандлиги таъминланади.
«Сизларни қўллаб-қувватлашдан ҳеч қачон чарчамаймиз», — деди Мирзиёев ва мамлакат аёлларига фаровонлик, бахт ва муваффақиятлар тилади.
Хитойликларга ер сотилаётгани рад этилди
Кадастр агентлиги Тошкентда хитойликларга ер сотилаётгани ҳақидаги миш-мишларни рад этди. Расмий баёнотда Ўзбекистон қонунчилигига кўра, чет элликлар ерни фақат ижарага олиши мумкинлиги таъкидланди. Агентлик жамоатчиликни асосланмаган маълумотларга ишонмасликка чақириб, ер хусусийлаштирилиши мумкин эмаслигини билдирди.
Тошкентда хитой тилидаги баннерлар кўпайиши ва Хитой компаниялари сони ошиши ижтимоий тармоқларда муҳокамаларга сабаб бўлди. Иқтисодчи Отабек Бакиров бу борада қўшимча чекловлар жорий этиш зарурлигини билдириб, чет эл инвесторлари иштирокидаги компаниялар улушининг камида 51 фоизи маҳаллий фуқароларга тегишли бўлиши кераклигини таъкидлади.
Кадастр агентлиги нотўғри маълумотлар тарқатган шахсларга нисбатан маъмурий ва жиноий жавобгарлик борлигини эслатиб, фуқароларни ваҳимага тушмасликка чақирди.
Ерни ижарага олиш нархини аниқлаш тартиби ўзгарди
Ҳукумат ерни ижарага бериш бўйича онлайн-аукционларда бошланғич нархни белгилаш формуласини ўзгартирди.
Янги тартибга кўра, майдон ҳажми, ҳудуд тоифаси, ер солиғи ставкаси, муҳандислик тармоқлари ва фойдаланиш мақсади каби кўрсаткичлар асосида нарх махсус формула бўйича ҳисобланади.
Шунингдек, ердан фойдаланиш мақсадига қараб оширувчи ва пасайтирувчи коэффициентлар жорий этилди. Масалан, кўп қаватли уйлар қурилиши ва савдо соҳасида 1,4, ижтимоий фойдаланиш учун 0,6, фармацевтика ва озиқ-овқат саноати учун 0,8 коэффициенти қўлланади.
МИБ ходимлари боди камералардан фойдаланади
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси мажбурий ижро жараёнларида боди камералардан фойдаланишни назарда тутувчи қонун лойиҳасини қабул қилди.
Янги қонунга мувофиқ, суд ҳужжатларини ижро этиш жараёнларида инсон омилини камайтириш, коррупцияга қарши курашиш ва ижро жараёнларининг шаффофлигини таъминлаш мақсадида мобил видеокузатув воситалари жорий этилади.
Фуқароларнинг энг кам кафолатланган даромади ҳимоя қилиниши, ижро жараёнларида ноқонуний хатти-ҳаракатларнинг олдини олиш ва одил судлов самарадорлигини ошириш таъминланади.
Президент шу кунларда Йўл ҳаракати хавфсизлиги инспекторлари боди камералар билан хизмат ўтаётгани коррупцияни камайтирганини таъкидлади. Шунингдек, «қўл радари» ва қоғоз баённомалар бекор қилингани коррупция омилларини камайтиришда муҳим қадам бўлди.
Ўзбекистонда расмий статистика аутсорсинг орқали юритилади
Вазирлар Маҳкамаси расмий статистикани тайёрлаш ва тарқатиш жараёнларига аутсорсингни жорий этиш ҳақида қарор қабул қилди.
Эндиликда савдо ва электрон тижорат ташкилотлари статистик маълумотларни тарқатишда иштирок этади. Шунингдек, норасмий сектор ва якка тадбиркорлар фаолиятини кузатиш учун пилот лойиҳалар амалга оширилади.
Консалтинг компаниялари ва илмий муассасалар статистика кузатувларини аутсорсинг асосида олиб бориши мумкин. Тартибга кўра, аутсорсинг хизматини кўрсатувчи ташкилотлар техник имкониятлар, кадрлар ва молиявий барқарорлик талабларига жавоб бериши лозим.
Мавзуга оид

20:30 / 06.03.2025
6 март янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа ва ҳодисалар

21:22 / 05.03.2025
5 март янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа ва ҳодисалар

21:10 / 04.03.2025
4 март янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа ва ҳодисалар

20:01 / 03.03.2025