Спорт | 10:17 / 05.12.2024
13847
18 дақиқада ўқилади

Мбаппе яна уялтирди, «Ливерпул» қоқилди. Кун ўйинлари

«Ливерпул» дарвозабонининг хатоси қимматга тушди, «Сити» ғалабали йўлга қайтди. Чоршанба оқшомида Европа футболида рўй берган асосий воқеалар, ўйинлардаги голлар ва турнир жадвалларидаги вазият.

Англия: «Арсенал» «МЮ»ни ўз услубида ожиз қолдирди

«Арсенал» — «Манчестер Юнайтед» 2:0
Голлар:
Тимбер (54), Салиба (73). 
«Арсенал» – Райя, Зинченко (Мерино, 71), Кивёр, Салиба, Тимбер, Райс, Парти, Эдегор (Жоржинио, 90), Мартинелли (Троссар, 71), Ҳавертц, Сака.
«Манчестер Юнайтед» – Онана, Мазрауи, Магуайр (Йоро, 59), де Лигт, Гарначо (Зиркзе, 59), Маунт (Рэшфорд, 59), Маласиа (Диалло, 46), Фернандеш, Угарте, Далот, Ҳойлунд (Антони, 79). 
Огоҳлантиришлар: Маласиа (44), Угарте (45), Магуайр (51), Зинченко (66).

«Арсенал» АПЛнинг 14-турида «Манчестер Юнайтед»ни хотиржамлик билан мағлуб этди. Бу Рубен Аморим учун «Қизил иблислар» раҳбарлигидаги илк мағлубият бўлди, унинг шогирдлари рақибнинг бурчак вазиятларига қарши чора топа олмади.

Биринчи бўлим тенг кечди

«МЮ» ўтган турда «Эвертон»ни йирик ҳисобда мағлуб этганди (4:0), аммо «Арсенал»га қарши ўйинда таркиб бутунлай ўзгарди — ўша ўйиндаги бошланғич таркибдан фақат Маттейс де Лигт, Нуссайр Мазравий, Диогу Далот ва Бруну Фернандеш тушди. Меҳмонлар устози Рубена Аморим ўтган ўйинда иккитадан гол урган Маркус Рэшфорд ва Жошуа Зиркзени ҳам захирада қолдирди. «Юнайтед»нинг янги мураббийининг дастлабки 45 дақиқа учун режаси иш берди — «Арсенал» амалда кескинлик ярата олмади, «иблислар» эса кутилмаганда тўпга эгалик қилиш бўйича бироз устунлик кўрсатишди (49 га қарши 51 фоиз).

Ўйин «канонирлар» голи бекор қилиниши билан бошланди. Андре Онана Кай Ҳаверцнинг прессинги остида ноаниқ пас берди, шундан кейин тўп жарима майдони ичида қолган германиялик ҳужумчига етиб келди. У тўпни орқароқдан келган Габриэл Мартинеллига ташлаб берди — аммо Кай офсайдда эди.

Кейин эса ўйин суръати кескин пасайди: «Манчестер Юнайтед» дастлабки 20 дақиқаликда тўпга эгалик қилди, аммо бундан ҳеч нарса чиқара олмади — меҳмонлар дастлабки ярим соатда рақиб жарима майдони ичида бирор марта тўпга тегинмади. Аморим жамоаси асосан узун узатмалар билан ўйнашга ва Расмус Ҳойлундни тўп билан таъминлашга ҳаракат қилди.

Ўйинга фаворит сифатида келган «Арсенал» ўз вазиятларига эга бўлди — ўнг қанотда Букайо Сака қаттиқ ҳаракат қилди, майдонга қайтган Тирелл Маласия унга ҳар сафар ҳам қаршилик кўрсата олмади. Аммо Онана жарима майдонидаги энг хавфли вазиятлар бурчак зарбаларидан кейин юзага келди. Тўққизинчи дақиқадаёқ Томас Парти Саканинг узатмасидан кейин бир неча метрдан тўғри зарба бера олмаганди, 25-дақиқада Мартинелли рақиб жарима майдонидаги палапартишлик вақтида яқин масофадан тўпни дарвозага кирита олмади.

Бўлим охирида тезлик ошди: Маласия ва Мануэл Угарте сариқ карточка ишлашди, Далот эса «МЮ»нинг энг яхши вазиятини йўққа чиқарди. Меҳмонлар «стандарт»дан кейин ҳам рақиб жарима майдонида қолишди ва португалиялик ҳимоячи бир неча метр масофадан кучли зарба берди — бироз аниқлик етишмади.

«Арсенал» «МЮ»ни бурчак зарбалари билан таслим қилди

Аморим танаффусда «Эвертон»га қарши ўйин қаҳрамонларидан бири Амад Диаллони майдонга ташлади — ушбу вингер «ирислар»га қарши ўйинда икки ассист муаллифи бўлганди. «Арсенал» ҳеч қандай алмаштиришлар қилмади, аммо яхшироқ ўйнай бошлади. Иккинчи бўлим бошидаги 15 дақиқаликда мезбонларнинг тўпга эгалик қилиш бўйича устунлиги 62 фоизга етди, улар бу вақт оралиғида тўрт бор зарба йўллашди — бу биринчи бўлимдаги жами зарбалар сонидан кўпроқ.

54-дақиқада Микел Артета жамоаси ҳисобни очди — Юрриен Тимбер навбатдаги бурчак зарбасидан кейин «Арсенал» сафидаги илк голини нишонлади. Деклан Райс чап бурчакдан тўпни яқин устун олдига етказиб берди, нидерландиялик ҳимоячи бир неча метрдан зарба йўллаб, Онанани ожиз қолдирди. Лондонликларнинг стандарт вазиятлари мураккаб ўйналиши билан ажралиб туради: барча футболчилар узоқ устун томонда тўпланиб туришади ва узатма берилиши арафасида дарвоза қаршисига чопишади.

«Канонирлар»нинг иккинчи голи ҳам бурчак зарбаси моҳирона ижро этилиши орқали урилди — бу сафар Сака бошқа қанотдан узатган тўп якунда Вилям Салиба орқали дарвоза тўрига кирди. Бу эпизодда аввалига Парти тўпни боши билан дарвозабон ҳудудига ошириб берди, у ерда тўп француз ҳимоячисининг белига теккан ҳолда тўрга йўл олди.

Иккинчи бўлим давомида «Арсенал» 11 зарба йўллади, «МЮ» бунга фақат иккита хавфли вазият билан жавоб қайтарди. Де Лигт бош билан хавфли зарба йўллади — Давид Райя бир сакраб тўпни қайтариб юборди ва ҳисоб тенглашишига йўл қўймади. «Канонирлар» бошқа бурчак зарбаларидан ҳам хавфли вазиятлар яратишди: улар жами 13 корнер амалга оширишди.

Меҳмонлар 86-дақиқада иккинчи хавфли вазиятига эга бўлди: улар рақиб жарима майдони олдида стандарт вазият ишлашди. Бруну зарба йўлламасдан, жарима майдони ичига югуриб кирган Антонига пас берди — бразилиялик вингер бир неча метрдан зарба йўллади, аммо у ҳам «Арсенал» дарвозабонини ҳайрон қолдира олмади.

«МЮ» Аморим бошқарувидаги тўртинчи ўйинда илк бор мағлуб бўлиб, АПЛ турнир жадвалида 10-поғонада қолди. «Канонирлар» тўплар нисбатидаги фарқ туфайли «Челси»дан ортда қолиб учинчи ўринда бормоқда, «Ливерпул» билан орадаги фарқ етти очкога қисқарган — Арне Слот жамоаси «Нюкасл» билан ўйинда очко йўқотди (3:3).

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

«Манчестер Сити» — «Ноттингҳэм Форест» 3:0
Голлар:
Силва (8), Де Брюйне (31), Доку (57). 
«Манчестер Сити» – Ортега, Гвардиол, Аке (Макати, 90), Диаш, Аканжи (Уокер, 46), Грилиш (Нунеш, 90), Гундўған, Доку (Савио, 90), де Брюйне (Люис, 74), Силва, Ҳоланд.
«Ноттингҳэм Форест» – Зелс, Морено, Мурилло, Миленкович, Айна (да Силва Морейра, 63), Домингес, Йейтс (Морато, 46), Силва (Соса, 72), Гиббс-Уайт (Андерсон, 63), Эланга, Вуд (Авонийи, 62).
Огоҳлантиришлар: Домингес (45+1), Гиббс-Уайт (51), Гундўған (52), Мурилло (54), Силва (69), Миленкович (76).

Чақилмас ёнғоқ мисоли бўлган «Ноттингҳем» билан ўйинга Хосеп Гвардиола сентябр ойи ўрталаридан буён илк бор Де Брюйнени стартга қўйди, у жароҳатидан тузалганидан бери фақат захирадан ўртача йигирма дақиқа ўйнаш учун тушаётганди. Ва айнан белгиялик яримҳимоячи Гундўғаннинг узатмасидан кейин тўпга бош билан зарба йўллади ва дарвоза чизиғи олдида тўпга Бернарду Силва оёғини қўйиб, уни тўрга киритиб юборди. Бир неча дақиқа ўтиб Пепнинг навбатдаги қарори ўзини оқлади — Ортеганинг ажойиб сейви «шаҳарликлар»ни голдан сақлаб қолди. Бу вазиятда меҳмонлар Брюйненинг кутилмаган хатосидан кейин хавфли ҳужум уюштирганди, аммо Гиббс-Уайт ўз мақсадига ета олмади.

30-дақиқада яна мезбонлар сардори ортга тўп узатишда хатога йўл қўйди, «ўрмончилар»нинг энг яхши тўпурари Вуд эса яккама-якка вазиятдан фойдалана олмади. Кевин тезда айбини ювди. Жарима майдони ичида Докудан тўпни қабул қилиб олди ва юқори бурчакни аниқ нишонга олди. Одатда «Манчестер Сити» 2:0 ҳисобида олдинга чиқиб олганида, унга хаёлан турнир жадвалида уч очко қўшиб қўйиш мумкин, аммо ҳозиргиси — инқироз ҳолатдагиси — қатиқни ҳам пуфлаб ичишга мажбур қилади. «Фейеноорд» билан ўйиндаги 3:3 ҳисобидан кейин ҳар қандай натижани кутиш мумкин. Аммо бу сафар барчаси жамоа мухлислари учун кутилганидек якунланди — амалдаги чемпионлар анчадан буён илк бор ўз дарвозаси дахлсизлигини сақлаган ҳолда йирик ҳисобдаги ғалабага эришди. Фақат Акенинг жароҳати кўнгилни хира қилиши мумкин.

«Нюкасл» — «Ливерпул» 3:3
Голлар:
Исак (35), Гордон (62), Шер (90) — Жонс (50), Салоҳ (68, 83). 
«Нюкасл» – Поуп, Ҳолл, Берн, Шер, Ливраменто, Жоэлинтон (Уиллок, 88), Бруно Гимараэс, Тонали (Лонгстафф, 87), Гордон (Уилсон, 87), Мерфи (Барнс, 74), Исак.
«Ливерпул» – Келлеҳер, Робертсон, ван Дейк, Гомес (Александер-Арнолд, 67), Куанса, Мак Аллистер, Гравенберҳ (Собослаи, 67), Гакпо (Диас, 67), Жонс, Салоҳ, Нунес.
Огоҳлантиришлар: Мак Аллистер (20), Куанса (42), Гравенберҳ (45), Тонали (58), Александер-Арнолд (69), Нунес (71), Поуп (90+6).

Ўйин бошидаёқ Мак Аллистер ҳисобни очиши мумкин эди, унинг зарбасидан кейин тўп дарвоза устунини силаб ўтди, аммо, умуман олганда, биринчи бўлим «Нюкасл»нинг устунлигида кечди. «Қарғалар»нинг голи майдондаги воқеаларнинг мантиқий давоми бўлди, Бруно Гимараэс марказий доира атрофида туриб жарима майдони яқинига ажойиб пас етказди, у ерда эса Исак тўпни қабул қилиши билан бир ҳаракатда ван Дейкни йўлдан олиб, яқин юқори бурчакка қайтариб бўлмас зарба йўллади. Биринчи бўлим давомида Келлеҳер «Ливерпул»ни жиддий муаммодан сақлади, у Гомеснинг хатосидан кейин яккама-якка вазиятга чиқиб кетган Гордонни тўхтата олди.

Арне Слот жамоаси фақат танаффусдан кейингина ўзига ўхшай бошлади, меҳмонлар саноқли дақиқалар ичида ўйинни 180 даражага ўзгартириб юбориши ҳам мумкин эди. Аммо Салоҳнинг қанотдан пасидан кейин ҳимоячилар ортидан югуриб чиққан Жонс тўпни яқин бурчакка қадай олган бўлса, Нунес олис устун олдига етказиб берилган тўпга оёғини қўя олмади. Гордон эса ўйиндаги иккинчи имкониятидан фойдаланди. Шундан кейин «Ливерпул» захирадан ўйинга қўшилган Александер-Арнолднинг саъй-ҳаракатлари билан жавоб қайтарди. Унинг узатмасидан кейин Уэйн Рунининг гол+пас амалга оширилган ўйинлар сони бўйича рекорди ўтмишда қолди. Энди Салоҳ 37 та шундай ўйин билан бу борада яққол етакчи.

Мисрлик ҳужумчининг натижаси яна шуниси билан эътиборлики, у «МЮ» афсонасига қараганда 214 та (!) камроқ ўйин ўтказиб, унинг натижасини яхшилади. Фақат бу оқшом Салоҳнинг ўйин охирида Трентнинг узатмасидан яна бир гол уриши ҳам етарли бўлмади. Ҳакам томонидан қўшиб берилган дақиқаларда «Ливерпул» Келлеҳернинг тўпга чиқишдаги хатоси туфайли ғалабани бой берди. Дарвозабон атайлаб ўтказиб юборган тўпга Фабиан Шер улгурди.

Шу билан бирга, меҳмонлар ўйин охирида ҳисоб 3:3 ҳолатида Мак Аллистернинг зарбасидан кейин тўп «Нюкасл» футболчисининг қўлига текканини айтиб, пеналти талаб қилишди. Фақат VAR ҳам арбитрнинг бу вазият учун бурчак зарбаси бериш тўғрисидаги қарорини қўллаб-қувватлади ва ҳисоб ўзгармай қолди.

«Саутҳэмптон» — «Челси» 1:5
Голлар:
Арибо (11) — Дисаси (7), Нкунку (17), Мадуэке (34), Палмер (77), Санчо (87). 
«Саутҳэмптон» – Ламли, Мэннинг, Бри (Эдвардс, 78), Уокер-Питерс, Стивенс, Вуд-Гордон, Фрэйзер (Сулемана, 62), Фернандеш (Тэйлор, 79), Арибо, Арчер (Сугавара, 73), Армстронг (Бреретон, 62).
«Челси» – Йоргенсен, Кукуреля (Вейга, 79), Адарабиойо, Дисаси, Гюсто, Кайседо, Фернандес, Феликс, Палмер (Дюзбери-Ҳолл, 79), Мадуэке (Санчо, 72), Нкунку.
Огоҳлантириш: Армстронг (47).
Четлатиш: Стивенс (39).

«Саутҳемптон» яқинда «Ливерпул»нинг асабига ўйнаганди, чоршанба оқшомида эса «авлиёлар» «Челси» билан қувлашмачоқ ўйнашга ҳаракат қилиб кўрди. Дисасининг тезкор голига мезбонлар тезда жавоб қайтаришди. Аммо бу узоққа бормади, «Саутҳэмптон» футболчилари яна қўпол хатоларга йўл қўйишди. Танаффусга қадар шундай иккита хато меҳмонлар якунда йирик ҳисобдаги ғалаба қозонишига сабаб бўлди.

Биринчи ҳолатда — дарвозабон Ламли жарима майдони ташқарисида туриб тўпни рақибга топширди.

Шундан кейин Нкунку бўш дарвозани ишғол қилди. Ҳисоб 1:3 ҳолатига келганида эса «Саутҳемптон» ҳимоячиси Стивенс мутлақо тушунарсиз фол ишлатиб, қизил карточка олди. Жамоа сардори нега Кукурелянинг узун сочларидан тортиб йиқитганини — тушунтириб бўлмайди. Айниқса, VAR замонида.

Табиийки, иккинчи бўлим қуруқ расмиятчиликка айланди, лекин Энцо Мареска жамоаси суръатни туширмади. «Челси» нафақат йирик ғалабага эришди, балки тарихий голлар урди. Биринчидан, Палмер йил бошидан буён чемпионатда урган голлари ва пасларининг умуми сонини 36 тага етказиб, бу борада Жимми-Флойд Ҳасселбайнкка тегишли бўлиб турган клуб рекордини такрорлади. Иккинчидан, Санчо лондонликлар сафидаги голлар ҳисобини очди. Бу натижадан кейин жамоа турнир жадвалида тўплар нисбатига кўра иккинчи ўринга чиқиб олди.

Испания: «Барселона»га совға

«Атлетик» — «Реал» 2:1
Голлар:
Беренгер (53), Гурусета (80) — Беллингҳэм (79). 
Аниқ ижро этилмаган пеналти:   Мбаппе (68).
«Атлетик» – Агирресабала, Бойро (Берчиче, 84), Йерай Алварес, Вивиан, Горосабел (Де Маркос, 79), Прадос (Руис де Галаррета, 64), Хаурегисар, Н.Уилямс, Сансет (Унаи Гомес, 79), И.Уилямс, Беренгер (Гурусета, 63).
«Реал» – Куртуа, Фран Гарсия (Менди, 71), Рюдигер, Асенсио, Васкес (Гулер, 88), Беллингҳэм, Себаллос (Диас, 58), Чуамени (Модрич, 71), Валверде, Мбаппе, Родриго (Эндрик, 88).
Огоҳлантиришлар: Агирресабала (67), Чуамени (70), Васкес (72), Руис де Галаррета (74), Беллингҳэм (90+1), Гурусета (90+3).

Билбаода ҳеч кимга осон бўлмайди ва бу сафар ҳам кутилганидек шундай бўлди. Мбаппенинг голи офсайд туфайли бекор қилингани ҳам бу назарияга тўла мос келади. Лекин «Реал» барчасини омадсизликка йўймаслиги керак. Жамоа ҳужумчилари биринчи бўлимда бирор марта дарвоза соҳасига тўғри борган зарба бера олмади, Мбаппе ва Родриго уч дақиқа оралиғида икки марта жарима майдонида йиқилди. Икки ҳолатда ҳам ҳакам улар ўзи истаб йиқилган деб топиб, пеналти бермади. Кейин эса Беренгер Иняки Уилямс товонида узатган пасдан кейин тўпни юқорига тепиб юбориб, мадридликларни кечирди. Лекин айнан шу футболчилар иккинчи бўлимда «Атлетик»ни ҳисобда олдинга олиб чиқишди. Себалйос Инякининг қанотдан узатмасини блоклай олмади, тўп Сансетга етиб борди ва у йўллаган зарбани Куртуа қайтарди, аммо Беренгер тўпга биринчи бўлиб етиб келди.

Анчелотти дарҳол Себалйосни майдондан олиб, Диасни туширди. Ўйиннинг бир соат вақти ортда қолганида «Реал» ниҳоят Ахирресабала қўриқлаётган дарвозага зарба берди. Аммо Мбаппе Родриго яратиб берган вазиятдан фойдалана олмади. У тўпни тўғри дарвозабоннинг қўлига узатди, ҳолбуки унинг ёнида яхшироқ зарба бериши мумкин бўлган Жуд Беллингҳэм турганди.

Бу французнинг Билбаодаги охирги омадсизлиги эмасди. Иккинчи бўлим ўрталарида «Реал» тўпга ва ҳудудларга эгалик қила бошлади, Рюдигер эса пеналти ишлади. Жарима зарбаси ижро этилганида Ахирресабала тўпга чиқишда кечикди ва германиялик ҳимоячининг бошига зарба берди. Мбаппе «Ливерпул» билан ўйиндаги хатосини тузатишни қаттиқ истади, аммо у бу сафар ҳам худди шундай ёмон зарба йўллади. Марказга, ўрта баландликда йўлланган зарбани дарвозабон осонлик билан қайтарди. Зарбани ижро этишни дам олиш кунлари пеналтини бенуқсон амалга оширган Жуд Беллингҳэмга топшириш тўғрироқ бўларди.

Айнан англиялик ҳимоячи барибир ҳисобни тенглаштирди. Захирадан тушган Модрич тўпни чизиқлар орасидан ўтказиб, ҳужум бошлаб берди. Тўп Мбаппега етиб борди, у жарима майдони ташқарисидан кучли зарба йўллади, дарвозабон қайтарган тўпга Беллингҳем зарба берди.

Аммо унинг голи ҳеч нарсани ўзгартира олмади. Бир дақиқа ўтиб жамоанинг энг ишончли футболчиси саналган Валверде босим остида тўпни олдирди ва бу Гурусетага ажойиб совға қилди.

«Атлетик»нинг 2015 йилдан буён ла лигада мадридликлар устидан қозонган илк ғалабаси Билбаодагилар учун ҳам, «Барселона» учун ҳам байрам. Энди каталонияликлар — «Реал»да захира ўйини борлиги инобатга олинса ҳам, турнир жадвалида яққол пешқадам бўлиб олди.

Кун статистикаси

Яримҳимоячи Беллингҳем «Реал» сафида илк бор қаторасига 4 турда гол урди.

«Реал» сўнгги ўн бир ўйинидан 5 ўйинда мағлубиятга учради. Бу олдинги 73 ўйиндаги мағлубиятлар сонидан биттага кўп.

«Арсенал» «МЮ» билан ўйиндаги бурчак вазиятларидан кейин 7 зарба йўллади, бу рақиб ўйин давомида йўллаган барча зарбалар сонидан биттага кўп.

39 ёшу 148 кун — «Эвертон» ҳимоячиси Эшли Янг АПЛда 50 гол урган энг кекса футболчига айланди. Бундан ташқари, ушбу фахрий футболчи турнир тарихида жарима зарбасидан гол урган энг кекса футболчи бўлди.

«Аякс»нинг 41 ёшли дарвозабони Пасвер Нидерландия чемпионати тарихига энг катта ёшли автогол муаллифи сифатида кирди.

Мавзуга оид

Эълонлар

“Uzbekinvest” суғурта компанияси 2025 йилнинг I ярим йиллиги якунларини эълон қилди

Ҳар якшанба кунлари Тошкентдан Малдивга тўғридан тўғри рейслар

SEVEN DATES PREMIUM: инқилобий Италия соғлиқ учун ичимлиги МДҲ бозорида

Тренддаги гап: “Кореяда $3-5 минг топса бўларкан!?”

MINEX Central Asia 2025 старт олди!

“Uzbekinvest” суғурта компанияси 2025 йилнинг I ярим йиллиги якунларини эълон қилди

Ҳар якшанба кунлари Тошкентдан Малдивга тўғридан тўғри рейслар

SEVEN DATES PREMIUM: инқилобий Италия соғлиқ учун ичимлиги МДҲ бозорида

Тренддаги гап: “Кореяда $3-5 минг топса бўларкан!?”

MINEX Central Asia 2025 старт олди!

“Uzbekinvest” суғурта компанияси 2025 йилнинг I ярим йиллиги якунларини эълон қилди

Ҳар якшанба кунлари Тошкентдан Малдивга тўғридан тўғри рейслар

SEVEN DATES PREMIUM: инқилобий Италия соғлиқ учун ичимлиги МДҲ бозорида

Тренддаги гап: “Кореяда $3-5 минг топса бўларкан!?”

MINEX Central Asia 2025 старт олди!