Жаҳон | 14:51 / 29.06.2025
1640
3 дақиқада ўқилади

Сербияда талабалар норозилик намойишлари вақтида тартибсизлик рўй берди. Ўнлаб одам ҳибсга олинди

Белград марказида мамлакат президентлиги учун муддатидан олдин сайловлар ўтказилишини талаб қилаётган талабалар иштирокида норозилик намойишлари бўлиб ўтди. Полиция уларга қарши кўзни ёшлантирувчи газлардан фойдаланди.

Фото: AP

Сербия пойтахти Белградда 28 июн куни кечқурун талабалар иштирокида бўлиб ўтган норозилик намойишларидан кейин тартибсизликлар бошланди. Полиция ўнлаб фуқароларни ҳибсга олди, деб ёзади Meduza.

Полиция бошлиғи Драган Василевичнинг сўзларига кўра, тартибсизликлар оқибатида олти нафар полициячи ва икки фуқаро жароҳат олган. Василевич «ўнлаб одамлар» қўлга олинганини қўшимча қилиб, уларнинг сонига аниқлик киритмаган.

Белградда иккита норозилик намойиши бўлиб ўтди. Улардан бири муддатидан олдин сайловлар ўтказилишини талаб қилаётган талабалар томонидан ташкил этилди. Улар пойтахт марказидаги Славия майдонига тўпланиб, рақиблари — университетлар блокадасига қарши бўлган талабаларнинг лагери жойлашган Пионерлар боғи томонга ўтишга уринди.

Князь Милош кўчаси ҳудудида эса полиция билан тўқнашувлар бўлиб ўтди. Драган Василевичнинг таъкидлашича, намойиш иштирокчилари буйруққа бўйсунмагани учун полиция вазиятга аралашишга мажбур бўлган. Унинг сўзларига кўра, намойишчилар яраланган полиция ходими учун чақирилган тез ёрдамни ўтказиб юбормаган. N1 нашрининг ёзишича, норозилик намойиши кадрларидан кўриш мумкин, тез ёрдам машинаси оломон орасидан ўтиб кетган.

Қайд этилишича, полиция намойишчиларни тарқатиб юбориш учун кўзни ёшлантирувчи газдан фойдаланган. Полиция раҳбарининг маълум қилишича, норозилик намойиши иштирокчилари дубинкалар ёрдамида ортга сурилган, ҳеч қандай кимёвий воситалардан фойдаланилмаган.

Сербия бош вазири Журо Мацут мазкур зўравонлик ва Белград кўчаларида полицияга ҳужум ҳаракатини қоралаб, барча иштирокчиларни кескинликни камайтиришга ҳамда масъулият билан йўл тутишга чақирди. Сербия президенти Александр Вучич «охир-оқибат Сербия ғалаба қозонаётгани»ни маълум қилди.

Белград марказида бўлиб ўтган норозилик намойишлари Сербияда муддатидан олдин президентлик сайловлари ўтказилишини талаб қилиб, 2024 йил ноябрдан бери бутун мамлакат бўйлаб университетларни блоклаб қўяётган талабалар томонидан ташкил этилди. Шунингдек, Славия майдони яқинидаги Пионерлар боғида шу куни яна бир намойиш бўлиб ўтди — унда университетлар блокадасига қарши чиқиш қилаётган талабалар тўпланди.

Мавзуга оид